Ўзбекистон | 15:15 / 25.06.2020
17200
11 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ички туризм нега оммалашмаган? Асосий сабаб маблағми?

Сўнгги йилларда Ўзбекистонга хориждан келаётган сайёҳлар оқими сезиларли ошиши кузатилди. Аммо бундай салмоқли ўсиш ички туризмда кузатилаётгани йўқ. Бунга сабаб аҳоли даромадлари пастлигими, ҳукуматнинг ички туризмга эътибори етарли эмаслигими ёки бошқа сабаблар борми?

Пандемия шароитида хориждан туристлар оқими камайиши шубҳасиз. Шундай шароитда ички туризм инқирознинг соҳа объектларига таъсирини юмшатишда қўл келиши мумкин. Аммо таъкидлаш керакки, аҳолининг аксар қисмида мамлакат бўйлаб саёҳат қилиш иштиёқини юқори деб бўлмайди.

Расмий статистикага кўра, 2019 йилда Ўзбекистонда ички туризм салмоғи 14 млн 748 минг кишини ташкил этган. Бу рақамлар ривожланган давлатларда ҳам фойдаланиладиган ҳисоблаш методологиясига асослаб чиқарилгандир балки, аммо барибир мазкур статистика реал ҳолатни кўрсатаётганига ишониш қийин.

Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этади, ўтган йилнинг кузида қабул қилинган президент фармонида уларни саёҳат қилишга рағбатлантириш бўйича вазифалар белгиланган эди. Шу фармонга асосан, Ёшлар туризмини ривожлантириш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилиб, ўтган йилнинг декабрь ва шу йилнинг февраль ойларида муҳокамага қўйилди. Аммо ҳалигача концепция тасдиқланганича йўқ.

Биз ички туризм, хусусан ёшлар сайёҳлиги даражаси юқори эмаслиги масаласида жамоатчилик вакиллари фикрлари билан қизиқдик.

«Нега Бўстонлиқда ёки Зоминда 1 ҳафталик ҳордиқ харажати Анталия ёки Таиланддаги 1 ҳафталик ҳордиқ харажатидан қимматга тушяпти?»

Отабек Бакиров – иқтисодчи, bakiroo Telegram-канали муаллифи:

— Ички туризмни ривожлантиришга асосан бюрократик қарорлар чиқариш билан туртки беришга уринишлар сезиляпти. Масалан, Наврўз ва Янги йил арафасида Ҳаво йўллари ва Темир йўллари чегирмалар беряпти, йирик иш берувчилар разнарядка бўйича ходимлари учун тарихий шаҳарларга саёҳатлар уюштиряпти ва бошқалар. Лекин топшириқ ва директивалар билан ички туризм кўлами кенгайиб қолмайди.

Нега Бўстонлиқда ёки Зоминда 1 ҳафталик ҳордиқ харажати Анталия ёки Таиланддаги 1 ҳафталик ҳордиқ харажатидан қимматга тушяпти? Шу ҳақда ўйлаш керак.

Албатта, бу дегани яна аҳмоқона топшириқ бериб, харажатларни камайтириш керак, дегани эмас. Нега хостеллар, меҳмонхоналар, дам олиш зоналари эгалари бир мавсумдаёқ харажатини чиқариб олишга харакат қилишади? Чунки эртанги кунига заррача ишончи йўқ. Исталган зўравон ҳоким ёки вазир уларнинг мулк ҳуқуқига дахл қилиши мумкин.

Бизда одамлар бир жойдан иккинчи жойга саёҳат қилишни унча исташмайди. Сабаби нима? Биринчидан, ўзбек халқининг ўтроқлиги уни тарихан ва айниқса охирги асрларда асосан деҳқончилик билан машғул бўлгани билан боғлиқ. Деҳқон яшайдиган жойидан узоққа узилиб кетолмайди, унинг авлодлари ҳам.

Иккинчидан, саёҳат урф бўлмаганига яна битта сабаб – турмуш даражаси ва даромадларнинг ўта пастлиги. Саёҳат қачон қорин тўқ, уст бут, бошпана бўлсагина кўнгилга сиғади.

Учинчидан, бутун дунёда саёҳатчиларнинг аксари пенсионерлардир, чунки пенсия тизими тўғри йўлга қўйилган мамлакатларда пенсионерлар энг барқарор ва тўқ қатлам ҳисобланади. Шунинг учун улар ўзларига йилига 3-4 ойлаб саёҳатни лозим кўра олишади. Бизда-чи? Бизда пенсияга чиққан одам қарамликка маҳкум этилади, яшаш минимумига етмайдиган пенсия билан саёҳат ҳақида ўйлаш мумкинми?

Вазият бирданига яхшиланиб қолмайди, бунга йиллар керак. Ички туризм кўрсаткичларининг ўсиши аҳоли даромадлари ўсиши кўрсаткичларидан ўсиб кета олмайди. Буни тан олиш керак.

Ёшлар туризми ҳақида айтиш керакки, бу асосан, таълим тизими билан боғлиқ. Ёшлар таълим олиш учун бир жойдан иккинчи жойга кўчади ва ҳаракатланади. Асосий ўқув масканлари Тошкентда жойлашгани учун йиллар давомида ёшларни имкон борича туғилган вилояти доирасидаги ОТМларида ўқишини ташкил этишга уринишлар бўлгани, давом этаётгани учун ёшлар туризмининг йўқлигидан ҳайратланмаслик керак.

«Биз Ичан Қалъани ҳатто юқоридан суратга олиб, YouTube`га ҳам қўя олмаймиз»

Лазиз Ҳамидов«Улар» лойиҳаси муаллифи:

— Инсон нима учун саёҳат қилади? Саёҳат, биринчи навбатда, солиштириш имконини беради. Умрида бир дона китоб ўқиган инсон барча жойда энг яхши китоб сифатида ушбу китобни кўрсатади. Аслида бундай эмас-ку. Биз яшаётган қоидалар бошқа жойларда умуман бошқачароқ, унумлироқ бўлиши мумкин. Буни билиш учун сиз албатта саёҳат қилишингиз, бориб кўришингиз, солиштиришингиз керак.

Aгар имкониятингиз бўлмаса, Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг: чекка ҳудуд, қишлоқ, овулларда инсонлар қандай яшаётганини кўринг. Бу мулоҳаза қилишингизга, қандайдир хулосалар чиқаришингизга ёрдам беради.

Иккинчи навбатда, саёҳат инсонни руҳлантиради, янги қон беради, атрофга янгича қарай бошлайди, нималарнидир ўзгартиришга ҳаракат қилади.

Ҳукумат ички туризмга қай даражада эътибор қаратаётгани масаласига келсак. Ўтган йили Тбилиси – Батуми йўналишида поездда боришга қарор қилдик. Биз 5 киши эдик. Вокзалга бориб, чипта олиш учун электрон навбат олдим. Навбатим келгач, 5 кишининг паспортини йиғиб, кассага бордим. Кассир фақат ўзимнинг паспортимни сўради ва дарровгина номимга бориш ва қайтиш учун 5та чиптани расмийлаштириб берди. Энди ўйлаб кўринг: сайёҳлик мавсумида Aфросиёб поездига Тошкентдан Самарқандга чипта олиш қанчалик азоб эканини тасаввур қилинг. Демак, туризмда транспортнинг ўрнини кўтариш учун ҳеч нарса қилинмаяпти, деган хулосадаман.

Иккинчи масала шахсан мен учун оғриқли ҳолат – дронларни умуман ишлатиш мумкин эмаслигидир. YouTube`га кириб исталган 4-5 шаҳрингиз ҳақида яхши контентни томоша қилсангиз, бирортаси дронларсиз суратга олинмайди. Ривожланган давлатларда дронлар орқали махсулот етказиб бериш ҳизматларини йўлга қўйишмоқда. Биз эса Ичан Қалъани юқоридан суратга олиб, YouTube`га қўя олмаймиз.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Aзиз Aбдуҳакимов журналист Никита Макаренкога берган интервьюсида мамлакатни четда таниқли қилиш учун 10 миллиард ажратилиши ҳақида гапирган. Саволлар туғилади: қандай таниқли қилишмоқчи, қандай лойиҳаларга йўналтиришади? Масалан, шу пулни туризм ривожланган ҳудудларда инфратузилмани ривожлантиришга йўналтириш тўғрироқ эмасми?

Яна бир масала: бизда шаҳарларга саёҳат қилиш тарғиботи жуда суст олиб борилади. Бирор жой ҳақида видео, мақолани ўқиб ўша ерга бориш истаги пайдо бўлди, деб айтолмайсиз.

«Саёҳат қилмаслигимиз сабаби материализмга берилиб кетганимиздир»

Беҳруз Ҳамзаев – «Ziyo Forum» жамғармаси директори ўринбосари:

– Саёҳат қилиш инсон дунёқарашини кенгайтиради, таққослаш имкониятини юзага келтиради, ўзининг фикр доирасидан ташқарига чиқиб, глобал миқёсда тафаккур қилишига ёрдам беради.

Ривожланган давлатлар ёшларида бир ажойиб тенденция бор: улар ўқишни битириб, маълум жойга ишга киради. Сўнг топган даромадидан саёҳат учун маблағ тўплайди. Уларнинг фикрича, саёҳат қилиш нафақат завқ олиш, балки ҳаётда муҳим қарорларни қабул қилишда асосий рол ўйнайди.

Биз, ўзбеклар деярли саёҳат қилмаслигимиз сабаби шундаки, онгимиз материалистик ғоялар билан банд бўлиб қолган. Ўзини ҳурмат қилган инсоннинг, албатта, уй-жойи, автомобили бўлиши керак. Жамиятимиз шундай стандартлар асосида қурилган. Саёҳат қилиш истагида бўлганлар ҳам ижтимоий тўсиқлар, стереотиплар ичида қолиб кетяпти.

Хорижга саёҳатга кетгандан кўра, шу пулга автомобиль ёки озроқ пул йиғиб уй олсам, деймиз.

Япония, Германия, Жанубий Корея фуқароларининг аксарияти ижарада яшашади. Уй олишга уларнинг қурби етади, лекин бундай қилмасликлари сабаби бор. Маълум ҳудудда уйга эга бўлиш инсонни бир жойга боғлаб қўйиши, материализмга берилиб кетишига олиб келади, деб ҳисобланади.

Биз ўтроқ халқ бўлганимиз учун ҳам бир жойда муқим қолишни афзал биламиз. Саёҳатга сарф-харажат сифатида қараймиз. Сарфланган пул инсон капитали учун инвестиция бўлиб хизмат қилади. Саёҳат ортидан қанча тажриба, билим орттирилади.

Ўзбекистонда 8600дан ортиқ тарихий обидалар жойлашган ҳудудлар бор. Хива, Бухоро, Самарқандни кўпчилик билади. Тоғли, чўл ҳудудларда ҳам кўришга арзигулик жойлар борлигидан ҳамма ҳам хабардор эмас. Одамлар билмаслигига уларнинг ўзлари ҳам айбдормас. Бу ҳудудлар ҳақида маълумотлар жуда кам. Тарғибот ишлари жуда суст даражада олиб бориляпти.

Ўзбекистонда ички туризм, ёшлар туризмига нисбатан иккинчи даражали сифатида қаралади. Асосий туризм ўрнини босадиган эмас, балки ёрдамчи туризм деб билишади. Чунки маҳаллий ва хорижий сайёҳ турлича маблағ сарфлайди. Тўғри, қаердан кўп даромад келса, ўша ерга эътибор бериш керак. Бу бозор иқтисодиёти. Мана, ҳозир пандемия шароитида, чегаралар ёпиқлигини ҳисобга олиб, ички туризм имкониятларини оширишга эътибор қаратилсин.

Карантин шароитида одамларнинг молиявий имкониятлари саёҳат қилишга халақит бераётган бўлиши табиий. Шуни ҳисобга олиб, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси чегирмали тур пакетлар таклиф қилса яхши бўларди. Ҳозир талабалар таътилда эканини ҳисобга оладиган бўлсак, уларга мос келадиган саёҳат пакетлари ишлаб чиқилса ва тарғибот ишлари тўғри йўлга қўйилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Хулоса

Ички туризм имкониятлари кўп, лекин кўп ҳолларда самарасиз ташвиқот тадбирлари ва баъзида чипта нархларига чегирма эълон қилиш билан чекланиб қолинаётгандек.

Биз Анталия, Таиланд, Малдив ороллари, Иссиқкўл ҳақида оз бўлса-да, нималарнидир биламиз. Лекин Бойсун тоғлари, Шоҳимардон табиати ҳақида-чи?

Пандемияга қадар Ўзбекистонга хорижлик сайёҳлар оқими ортиб боргани қувонарли, аммо шунинг баробарида ички туризмни ривожлантиришга ҳам эътиборни ошириш мақсадга мувофиқ.

Ички туризм сояда қолиб кетаётгани учун «туризм» деганда фақат бой, ўзига тўқ одамлар қурби етадиган завқли машғулот сифатида тасаввур шаклланган. Ваҳоланки, саёҳат завқли одатга, маданий хордиқ чиқариш эҳтиёжига айланиши керак.

Муҳаббат Маъмирова

Мавзуга оид