Ўзбекистон | 19:51 / 26.06.2020
39793
6 дақиқада ўқилади

Президент ташриф буюрган боғ эгаси: «3 ойдаёқ ҳосилнинг нишонасини олдик»

Қамчиқ довонидан тушганда йўл учга бўлинади: чапга Наманган, тўғрига Қўқонга кетилади. «Садоқат» дея аталадиган ана шу чорраҳада ўнгга ҳам йўл бор ва бу йўлни кўпчиликни Тожикистон чегараси деб билади, айтарли ҳеч ким у йўлга юрмайди. Президент ташрифидан сўнг бир гуруҳ журналистлар Поп туманига қарашли шу ҳудудга бордик.

Яйдоқ дашт ва тошлоқлардан иборат ҳудуд ўртасидаги йўл бўйлаб 6-7 км юрсангиз, чиндан ҳам Тожикистон ва Ўзбекистон чегарасига бориб қолинади.

«Нуран уз» МЧЖ томонидан Поп туманидаги адирликлардан иборат ана шу ҳудуддан 1 885 гектар ўзлаштирилмаган ерда мева-сабзавотчилик кластери ташкил этилган.

«Нуран уз» МЧЖ таъсисчиларидан бири Нурали Абдуллаев бизга ҳамроҳлик қилди ва мева-сабзавотчилик соҳасига ихтисослашган кластер фаолияти билан таништирди.

Нега айнан шу жой танланган?

– Агробизнес соҳасида ҳам тадбиркорлар кўпаймоқда, деярли икки минг гектар бўлган яхлит жой топиш қийин бўлиб қолди. Энди бундан буён ер танқислашаверади, ишлайдиганлар сараланаваеради.

Кейин биз бешта жойнинг тупроғидан намуна олиб, Францияда текширтирганмиз ва биз етиштирмоқчи бўлган маҳсулотларга айнан шу жой мос келган.

Ташкилотимиз олган бу ер ҳудуди охирги марта 1983 йилда ишлов берилган, кейинчалик қаровсиз қолиб, ҳеч нарса экилмаган эди. Бизга бу ҳудуддан 1 885 гектар ер берилди, ҳозирга қадар унинг 400 гектардан ортиғини ўзлаштириб, мевали дарахтлар, улар остига тарвуз-қовун экдик.

Ерни ҳайдаш ҳам осон бўлмади, 90 тоннали бульдозерлар билангина юза қисмини юмшата олдик, деярли 40 йил давомида тарашадай қотиб кетган экан.

Қолган қисмларда ҳам ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда: полиз маҳсулотлари экдик, токзорлар ташкиллаштириш режалаштиряпмиз. Айни пайтда етиштираётган тарвузларимизни Россия давлатига экспорт қилмоқдамиз, маҳаллий бозорни ҳам таъминлаяпмиз.

Жорий йил етиштирилган тарвузларимизни 98 минг АҚШ доллари миқдорида экспортга йўналтирдик. Кейинги йилларда ўрик, тарвуз ёки бошқа меваларимизни Россия, БААга йўналтириш режамизда бор. Ҳосилдорликка қараб, бу экспорт нуқталари кенгайиб бораверади.

Айни пайтда ўзимиз етиштираётган маҳсулотларни бозордаги энг ширин мевалар қаторида, деб айта оламиз. Сабаби уларни ўстиришда кимёвий ўғитлар ишлатилмайди ва табиий ҳолда ўстиришга ҳаракат қиламиз.

Чиқиндига тўлиб кетган ташландиқ бу ҳудудларда шу йилнинг 1 мартидан бошлаб иш бошладик. Ҳудудни тозалаб, 3 ой ичида ҳатто ҳосилимизнинг биринчи нишонасини ҳам кўрдик. Инновацион усуллардан фойдаланиш, ишчи кучини тўғри йўналтириш – асосий йўналишларимиздан бири.

Тадбиркорлик учун ер танлаётганимизда танлашимиз мумкин бўлган ҳудудлар кўп эди. Бироқ инновацион усуллар ёрдамида тупроқда микроэлементлар миқдорининг мослигини текширдик ва шу ерда иш бошладик. Аслида, ҳозир инновацион усулларда маҳсулот етиштириш учун тупроқнинг аҳамият ҳам йўқ. Муҳими, ишни тўғри ташкил этиш билан боғлиқ.

3 баробар тежамкорлик

– Боғдорчилик фаолиятимизда инновация ва илм бирлаштирилган. Яъни боғимизда сув тежашга имкон берувчи томчилаб суғориш тизимини ишлаб чиқаришдан фойдаланиб келяпмиз.

Томчилаб суғориш технологияси ёрдамида ҳар бир кўчатга, ҳар бир дарахтга тенг миқдорда намлик юборилади. Сув ва озуқанинг бир хил тақсимланиши натижасида боғда дарахт ва кўчатлар стандарт тарзда ўсади.

Еримизда инновацион усуллардан фойдаланаётганимиз бугунги учрашувда давлат раҳбари томонидан ҳам ижобий баҳоланди ва бизга янги имкониятлар берилди: давлат томонидан 10та артезиан қудуқлари қазиб бериладиган, субсидиялар ажратиладиган бўлди.

Томчилатиб суғоришда бир гектар ҳудудга ўртача 20 куб сув сарфланади. Анъанавий усулда суғорилганда 3 баробар кўп сув сарфлаган бўлар эдик. Бундан ташқари, томчилаб суғориш тизими жорий этилган 147 гектар ерни суғориш ишлари билан фақат 2 нафар ишчи шуғулланади. Агар анъанавий тарзда суғориш ишларини ташкил қилсак, анча кўп одам бу иш билан банд бўлиши лозим. Бутун суғориш тизими автоматлаштирилган, мен пойтахтдаги офисимдан туриб бу жараённи бошқаришим мумкин.

Томчилаб суғориш тизими устида ҳам ўзимиз ишлаганимиз учун гектарига ўртача 1800 доллардан тушди, агар буюртма қилсак камида 3 минг долларга борарди.

Нурали Абдуллаевдан давлат раҳбари фаолиятларининг айнан қайси жиҳатлари билан қизиққани тўғрисида сўрадик:

– У киши билан суҳбатлашганимда, худди ўзимнинг ҳамкасбим билан гаплашгандай бўлдим, яъни агросаноат соҳасидан чиндан ҳам ипидан игнасигача тушунарканлар. Даланинг ичида, тарвуз пайкаллари оралаб бир соатдан ортиқ юрдик. Энг майда деталларгача – сув сарфи, ўғит, тайёр маҳсулотни сотиш, кимларни ишлатишгача эринмай тушунтиришлар бердилар. Ўзи шундоқ ҳам анча имтиёзларимиз бор эди, уларни кенгайтириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар бердилар, шу жойнинг ўзида қўшимча насосларни қазиб олишимиз учун субсидиялар ажратиладиган бўлди.

Қолаверса, фаолиятимиздан кўнгиллари тўлди шекилли, бошқа туманларда ҳам бўш ерларда бу тажрибани қўллаш, бутун туманларни маълум экин турларига мослаштириш бўйича ҳам режалар тузилди.

Умуман, бизнинг фаолиятимиз кимнидир қизиқтирса, биз жон деб ўргатишга, йўл-йўриқ кўрсатишга тайёрмиз. Чунки Ўзбекистон маҳсулотларига талаб жуда юқори.

Мевали дарахтлар остида таралган тарвуз пайкалларини биз ҳам кездик. Тарвузларнинг қучоққа сиғмайдиганлари ҳам бор. 10-15 килолик тарвузлар оддий ҳол бўлса, бу йилги рекорд ҳозирча 24 килолик тарвуз экан. Қовуннинг ҳиди эса ҳар шабадада сезилиб туради.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид