Жаҳон | 12:50 / 28.06.2020
55315
2 дақиқада ўқилади

Олимлар коронавируснинг яна бир жиҳатини аниқлашди

Сан-Францискодаги Калифорния университети ва Германиядаги Фрайбург университети олимлари коронавирусдан зарарланган ҳужайраларда вирусга организмда тезроқ тарқалишга имкон берувчи узун “пайпаслагичлар” пайдо бўлиши ҳақидаги хулосага келишди.

Фото: ucsf / Facebook

Олимлар бу “пайпаслагичлар”ни ўта кучли микроскоп ёрдамида олинган суратларда аниқлашган. 

“Бошқа ҳужайраларда тешик очиб, ҳосил бўлган туннел орқали ҳужайрадан ҳужайрага ўтувчи узун толалар мавжуд. Бизнинг тахмин шундан иборатки, бу ҳолат инфекция тарқалишини тезлаштиради”, деб айтган тадқиқот раҳбари профессор Неван Кроган. У аниқланган толаларни “мудҳиш пайпаслагичлар” деб атаган.

Тадқиқот муаллифларининг аниқлашича, зарарланган ҳужайралар соғлом қўшни ҳужайраларни зарарлаш учун ўзларининг оқим толалари ёки филоподийларидан фойдаланади. SARS-CoV-2’нинг бундай йўл билан зарарлай олиши уни ОИВ-инфекциялари ёки чечак каби касалликларни келтириб чиқарувчи вируслардан фарқлайди.   

Олимлар олинган натижа асосида коронавирусга қарши курашиш учун саратонни даволашда қўлланувчи дориларни қўллаш мумкинлиги ҳақидаги хулосага келишган. Улар бу мақсадда коронавирус юқтирилган Африканинг яшил мартишкалари буйраклари ҳужайраларида тажриба ўтказишган, сўнгра дориларни инсон ўпкасида синашган. 

Бундай воситалардан бири Тайванда ишлаб чиқарилувчи силмитасертиб дори воситаси ҳисобланади. Шунингдек, олимлар коронавирусга қарши курашда қўллаш мумкин бўлган шундай дорилар қаторига 7 та дорини, жумладан Astellas Pharma япон компаниясининг оқ қонни даволашда қўлланувчи гилтеритиниб дорисини киритишган.

Мавзуга оид