Ўзбекистон | 00:26 / 03.07.2020
113527
3 дақиқада ўқилади

Аҳоли орасида аниқланган касалланиш ҳолатлари бўйича рекорд янгиланди

2 июль куни Ўзбекистонда 297та янги зарарланиш ҳолати тасдиқланди (жами 9078 ҳолат), 187 нафар бемор соғайди. Шу вақтгача 6034 беморга жавоб берилган, 27 киши вафот этган, шифохоналарда 3017 нафар бемор даволанмоқда.

Бугун 7 ҳудудда - Тошкент шаҳри, Жиззах, Навоий, Наманган, Сирдарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида янги ҳолатлар қайд этилди. ССВ матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев телеграмдаги каналида беморлар қайд этилиши ва соғайиши бўйича кўрсаткичлар жадвалини келтирди.

Бугунги 297 ҳолатдан 183таси карантин муассасаларида, 113таси аҳоли орасида аниқланган, халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари бўлган 1 кишига ҳам вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

Аҳоли орасида (+113)
Бугун аҳоли орасида аниқланган касаллар сони бўйича рекорд натижа қайд этилди - 113 бемор. Бунгача бир кунда аҳоли орасида янги ҳолатлар аниқланиши бўйича энг юқори кўрсаткич 27 июнь куни қайд этилганди - 54 ҳолат.

Бугунги 5 ҳудудда аҳоли орасида янги ҳолатлар аниқланган. Аҳоли орасидаги янги ҳолатларнинг энг кўп қисми Тошкент шаҳрида қайд этилди - 67 ҳолат. 

Пойтахтда 4 июнь кунидан буён узлуксиз равишда аҳоли орасида коронавирус аниқланиб келинмоқда. Бугун пойтахтда ҳам аҳоли орасидаги ҳолатлар бўйича рекорд натижа қайд этилди.

Жиззах вилоятида ҳам беморлар сони кескин ўсди - жами 33 ҳолат ва шундан 27таси аҳоли орасида. Май ойи тўлиқ ва июнь ойининг катта қисмида коронавирусдан холи ҳудуд бўлиб турган вилоят ҳозирда ҳам зарарланиш ҳолатлари энг кам қайд этилган ҳудуд бўлиб турибди - жами 43 ҳолат, шундан фақат 3 киши тузалган, 2 киши вафот этган. Сўнгги кунларда Дўстлик ва Ғаллаорол туманларида карантин чоралари кучайтирилганди, бугундан Жиззах шаҳри ҳам кириш ва чиқиш учун ёпилди.

Тошкент вилоятида аҳоли орасида яна 11 кишида вирус аниқланган. Вилоятда сўнгги ҳафталарда узлуксиз равишда аҳоли орасида янги ҳолатлар аниқланаётганди, бу занжир фақат 1 июль куни узилди.

Шунингдек, Наманган вилоятида аҳоли орасида 6та, Сирдарёда 2та ҳолат қайд этилган.

Карантин (+183)
Хориждан келгач Тошкент вилоятидаги Ўртасарой карантин марказига жойлаштирилган фуқаролар орасида 101 ҳолат аниқланди.

Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида 48 кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилди.

Тошкент вилоятида беморлар билан алоқаси туфайли карантинга олинган 12 кишида вирус чиқди.

Жиззах, Навоий ва Сирдарёда карантиндагилардан 6 нафардан кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган, Қашқадарё вилоятида 3, Наманганда 1 ҳолат қайд этилган.

Ҳайдовчилар (+1)
Тошкент вилоятида 1 нафар халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчисига коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

Тузалганлар (+187)
Бугун Тошкент шаҳрида 130 нафар, Қашқадарё вилоятида 45 нафар, Навоий вилоятида 12 нафар, жами 187 нафар бемор соғайди. Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 9078 нафар бемордан 6034 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 66 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 3017 нафар бемор даволанмоқда, улардан 16 нафари оғир, 8 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Ҳозирда мамлакатимизда уй карантинида 39 076 нафар, стационар карантинда эса 24 722 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди.
 

Мавзуга оид