Жаҳон | 21:01 / 03.07.2020
6212
2 дақиқада ўқилади

Коронавирус сабабли Қозоғистондаги иккита шаҳар карантинга ёпилади

Бутун карантин чоралари даврида Шарқий Қозоғистон областида 135 киши касалланганди. Июнь ойида эса бу рақам 710тага етди.

Коронавирус тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида 5 июлдан Қозоғистондаги Усть-Каменогорск ва Семей шаҳарлари карантинга ёпилади. Бу ҳақда Шарқий Қозоғистон области ҳокими Даниал Ахметов маълум қилди.

"Энг салбий сценарийга йўл қўймаслик мақсадида, 5 июлдан Усть-Каменогорск ва Семей шаҳарларини ёпамиз, одамлар ва транспорт ҳаракатини минимумга туширамиз. Буларнинг барчаси коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш учун қилинмоқда. Бутун карантин чоралари даврида областда 135 киши касалланганди. Июнь ойида эса бу рақам 710тага етди ва ошишда давом этмоқда", - деб ёзди Ахметов ўзининг Instagram саҳифасида.

Унинг қайд этишича, бу шаҳарларда корхоналар, озиқ-овқат дўконлари, дорихоналар, банклар, аҳолига хизмат кўрсатиш марказлари ишлашда давом этади.

Қозоғистонда коронавирус юқтириш билан боғлиқ 44 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилган, 188 киши вафот этган. Республикада 5 июлдан икки ҳафталик қўшимча чеклов чоралари жорий этилади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид