Ўзбекистон | 18:38 / 04.07.2020
76255
1 дақиқада ўқилади

Бухорода коронавирусга чалинган 35 ёшли аёл вафот этди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинган бухоролик 35 ёшли аёл ўткир нафас ва юрак етишмовчилигидан вафот этганини маълум қилди.

Расмий хабарга кўра, Ғиждувон туманида яшовчи 35 ёшли аёл Д.Ш. 1 июль куни коронавирусга гумон қилиниб, Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган.

Унга «икки томонлама пневмония, ўткир нафас етишмовчилиги 3-даража, семизлик 2-даража» ташхиси қўйилган.

«Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган тезкор реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор ўткир нафас ва юрак етишмовчилигидан вафот этди», – дейилади вазирлик хабарида.

Айни пайтда Ўзбекистонда расман маълум қилинган коронавирус қурбонлари сони 31 нафарни ташкил этмоқда.

Бугун COVID-19`дан вафот этган бошқа бир бемор – тошкентлик 65 ёшли эркак ҳам шифохонага 1 июль куни ётқизилгани хабар қилинганди. ССВнинг эрталабги ахборотида беморлардан 8 нафари ўта оғир аҳволда экани айтилган

Маълумот учун, пандемия даврида Тошкентда 17, Наманганда 4, Самарқанд, Бухоро, Сурхондарё ва Жиззахда 2тадан, Фарғона ва Қашқадарёда биттадан ўлим рўй берди.

Мавзуга оид