Жаҳон | 08:11 / 04.07.2020
56720
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ COVID-19’га қарши препаратни «умидли» деб атади

ЖССТ «Ремдесивир»ни COVID-19’га қарши «умидли» натижаларни кўрсатган ягона антивирус дори деб атади. Куни кеча ушбу дорининг деярли барча захиралари АҚШ томонидан сотиб олинганлиги маълум бўлди.

Антивирус дориларни синаб кўриш давомида фақатгина «Ремдесивир» COVID-19’га қарши «умидли» натижаларни кўрсатди, дея хабар берди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош илмий ходими Сумия Сваминатан. Брифинг трансляцияси ЖССТнинг Twitter’ида намойиш этилди.

Шу билан бирга, Сваминатаннинг таъкидлашича, «Ремдесивир» касалхонага ётқизиш ҳолатларини камайтирган, аммо коронавирусдан ўлим сони камаймаган.

Унинг сўзларига кўра, тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ушбу препаратни қабул қилган беморлар тезроқ тузалади. Сваминатаннинг таъкидлашича, «Ремдесивир»ни олган беморлар дори қабул қилмаган шахслар каби 15 кунда эмас, балки 11 кунда соғайган.

Дастлаб, «Ремдесивир» гепатит C ва респиратор-синцитиал вирусни даволаш учун тестнинг бир қисми сифатида ишлаб чиқилган, шунингдек, Эбола безгагини даволаш учун синовдан ўтказилган, аммо самарали даволаш воситаси сифатида тан олинмаган.

Бир неча ой олдин ушбу препарат коронавирусни даволаш бўйича клиник синовлардан ўтказилди. Хусусан, ундан фойдаланиш Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Британия ва Исроилда маъқулланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид