Жаҳон | 08:21 / 04.07.2020
6068
2 дақиқада ўқилади

ЕМБ янгиланган евро банкноталарни кўрсатди

Келгуси ҳафтада муомалага киритиладиган 5 ва 10 евро қийматидаги янгиланган банкнотларда ЕМБ раиси Кристин Лагарднинг имзоси бўлади.

Фото: ecb / Twitter

Европа Марказий банки (ЕМБ) регулятор амалдаги раиси Кристин Лагарднинг имзоси бўлган янгиланган евро банкноталар муомалага чиқарилиши тўғрисида маълум қилди.

«5 ва 10 евролик банкнотлар янги имзо қўйилган банкнотлардан биринчи бўлиб муомалага киритилади, бу келгуси ҳафтада амалга ошади», - дейилади ЕМБнинг «Твиттер»даги саҳифасида.

Лагард ЕМБ раҳбари лавозимини 2019 йил 1 ноябрда эгаллади, аммо ҳозирга қадар фақат уч нафар собиқ раҳбарнинг имзолари бўлган банкнотлар муомалада бўлиб келди - Вим Дуйзенберг (1998-2003 йилларда ЕМБ раҳбари), Жан-Клод Трише (2003-2011) ва Марио Драги (2011–2019). ЕМБнинг билдиришича, регулятор собиқ раҳбарлари имзоси қўйилган банкноталар янги пуллар чиқарилгандан кейин ҳам қонуний тўлов воситаси бўлиб қолади.

«Ўтган йилнинг ноябрь ойида евро банкноталарга имзо қўйдим - ҳозирда тайёр маҳсулотни кўриш нақадар ажойиб. Евро банкноталар - бу Европа интеграциясининг рамзи, улар биргаликда нимага эришганимизни эслатиб туради», - деди Лагард.

Мавзуга оид