Жамият | 17:50 / 06.07.2020
4030
2 дақиқада ўқилади

6 ойда 219 минг мигрант хориждан Ўзбекистонга қайтган – вазирлик

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқарма бошлиғи Темур Маҳмудов меҳнат бозорига оид таҳлилларни маълум қилди.

Вазирлик расмийсининг қайд этишича, 2020 йилнинг январь-июнь ойлари давомида 219 минг нафар ўзбекистонлик меҳнат миграциясидан қайтиб келган. Уларнинг 122 мингдан ортиғи Россия, 64 мингга яқини Қозоғистондан қайтишган. Шунингдек, меҳнат мигрантларининг 7 минг нафари Туркиядан, 3,5 минг нафари Жанубий Кореядан келишган.

«Аниқланишича, ватанга қайтган фуқароларнинг 50 фоизга яқини қурилиш ишларида, 11 фоизи саноат, 10 фоизи қишлоқ хўжалигида, 13 фоизи эса савдо ва бошқа маиший хизмат ишларида тажриба орттиришган. Уларнинг малакаси ҳудудларда мигрантларни ишга жойлаштиришда аҳамиятга эга бўлди», дея таъкидлади Темур Маҳмудов АОКАда ўтказилган брифингда.

Шунингдек, вазирлик вакили эълон қилган статистикага кўра, айни пайтда республикада 448 минг юридик шахс мавжуд ва уларда 5 миллион 400 минг нафар фуқаролар меҳнат қилмоқда.  

«Пандемия шароитини ҳисобга олиб, вазирлик томонидан йил якунигача 302 700та доимий иш ўринларини яратиш бўйича прогноз кўрсаткичлари ишлаб чиқилган. 770 мингдан ортиқ фуқарога эса бандликка оид давлат хизматлари кўрсатилиши режалаштирилган», деди вазирлик вакили.

Мавзуга оид