Жаҳон | 10:11 / 07.07.2020
6102
2 дақиқада ўқилади

Хитой Ҳонгконгда цензурага йўл қўймоқда - Майкл Помпео

АҚШ давлат котиби Майкл Помпеонинг баёнот беришича, Хитой ҳукуматининг Ҳонгконгга цензурани тиқиштиришга уриниши британиялик ёзувчи Жорж Оруэлл романлари, хусусан, “1984” асарида акс этган ҳолатларга ўхшайди.

Фото: Andrew Caballero-Reynolds/Pool Photo via AP

“Хитой Коммунистик партияси томонидан эркин Ҳонгконгни йўқотиш давом этмоқда. Миллий хавфсизлик тўғрисидаги қатағон қонунидаги сиёҳлар қуримасданоқ, маҳаллий ҳукумат оруэлларча усулда миллий хавфсизлик марказий давлат бошқармасини тузишга улгуришди. Кутубхоналардан ХКПни танқид қилувчи китоблар олиб ташлана бошланди, сиёсий шиорларни тақиқлашди, энди эса, мактабларга ҳам цензура киритишни талаб қилмоқда”, - дейилади Давлат департаменти томонидан тарқатилган Помпео баёнотида. 

“Шу вақтгача Ҳонгконг гуллаб-яшнади, чунки у ерда эркин фикр ва сўзга имкон бор эди. <...>. Энди эса йўқ. АҚШ Пекиннинг Хитой-Британия декларация бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга доир даврий қобилиятсизлигини ва Ҳонгконг аҳолисининг ҳуқуқ ва эркинликларига сўнгги тажовузини қоралайди”, - деб қўшимча қилган Помпео. 

Умумхитой халқ вакиллари мажлисининг доимий қўмитаси 30 июнда Ҳонгконгда миллий хавфсизликни таъминлаш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. У терроризм, айирмачилик, давлат ҳокимиятини ағдариш ва хорижий кучлар билан тил бириктиришга қарши курашга қаратилган. Ҳужжат айбдорларни умрбод қамоқ жазосига маҳкум этиш, Ҳонгконгда кенг ваколатларга эга бўлган хавфсизлик идораларини ташкил этиш, айрим ишларни Хитой ҳудудида тергов қилиш ва кўриб чиқиш имконини беради. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид