Жаҳон | 22:07 / 10.07.2020
28772
2 дақиқада ўқилади

Дунё аҳолиси сони 7,8 миллиард кишига етди 

Сайёрамиз аҳолиси ҳар йил 82 млн кишига кўпаймоқда. Ҳар сонияда ўртача 2,6 болага дунёга келмоқда.

Фото: Shutterstock

Германиянинг Stiftung Weltbevölkerung (DSW) - “Ер аҳолиси” жамғармаси 11 июлда нишонланувчи Жаҳон аҳолишунослик куни арафасида дунё аҳолиси сони 7,8 млрд кишига етганини маълум қилди. 

Жамғарма маълумотида таъкидланишича, дунё аҳолиси йилига 82 млн кишига кўпаймоқда. Бу эса деярли Германия аҳолисига тенгдир. Дунёда ҳар сонияда ўртача 2,6 бола дунёга келади.

Жамғарма шундай маълумотлар келтирган: агар бугунги кунда дунё 100 кишидан иборат қишлоқ деб олинса, ундаги 59 киши Осиё, 17 киши Африка, 10 киши Европа, 8 киши Лотин Америкаси, 5 киши Шимолий Америка ва бир киши Океания вакили бўларди.

DSW мутахассисларининг таъкидлашича, аҳоли ўсишининг жадал давом этаётгани сабабларидан бири исталмаган ҳомиладорликлар кўплиги ҳисобланади. Чунки кўплаб ҳудудларда, айниқса учинчи давлатларда аёллар ва қизлар эрки ўзида эмас. Таъкидланишича, дунёдаги ҳар бешинчи ҳомиладорликдан иккитаси исталмаган ҳисобланади.   

DSW маълумотларига кўра, бу борада оғир вазият Африканинг Саҳрои Кабирдан жанубидаги ҳудудда юзага келган. Бу ерда охирги йилларда туғруқ даражаси камайганига қарамай, ҳамон бир аёлга ўртача 4,4 бола тўғри келади, ваҳоланки, дунё бўйича бу кўрсаткич 2,4 болани ташкил қилади. БМТ маълумотларига кўра, бунинг натижасида ушбу минтақа аҳолиси сони 2050 йилга келиб ҳозирги 1,3 млрд кишидан 2,5 млрд кишига етади.  

Аввалроқ Ўзбекистон Республикасининг доимий аҳолиси сони 2020 йил 1 апрель ҳолатига кўра 34,03 млн кишини ташкил этгани маълум қилинганди.

Мавзуга оид