Ўзбекистон | 13:59 / 11.07.2020
20051
2 дақиқада ўқилади

Ангор туманига янги ҳоким тайинланди

Бугун, 11 июль куни Халқ депутатлари Ангор тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди, деб хабар бермоқда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Усмон Янгибоевич Туропов вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинлангани муносабати билан Ангор тумани ҳокими вазифасидан озод қилинди.

Шу кунгача вилоят Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Шоҳжаҳон Бекмуратович Абдуллаев Ангор тумани ҳокими этиб тасдиқланди.

Шоҳжаҳон Абдуллаев
Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълумот ўрнида, Шоҳжаҳон Абдуллаев 1987 йилнинг 19 январида Олтинсой туманида туғилган. 2009 йилда Термиз давлат университети,  2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган.

Меҳнат фаолияти давомида турли йилларда вилоят Иқтисодиёт бош бошқармаси бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғи ўринбосари, Шўрчи тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари, вилоят Иқтисодиёт ва саноат бош бошқармаси бошлиғи, 2020 йилдан вилоят Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Бугун Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманига ҳам янги ҳоким тайинланди.

Мавзуга оид