Фан-техника | 20:29 / 14.07.2020
6528
2 дақиқада ўқилади

Хитойда ҳайдовчисиз роботакси хизмати синови бошланди 

WeRide стартапи Хитойда ҳайдовчисиз роботакси хизматини синовдан ўтказадиган илк компания бўлади. Компания биринчи синовларни Гуанчжоу шаҳри кўчаларида бошлади. 

Фото: Weride

Гуанчжоу маъмурияти WeRide’га транспорт воситаларини масофадан бошқаришга рухсат берди. Синовлар 8 июлда бошланган, бироқ компания бу ҳақида 2 кун ўтгач расмий баёнот берган. Янги хизматнинг биринчи мижозлари унинг имкониятларини синаб кўришлари мумкин бўлади, бироқ шаҳарнинг исталган нуқтасигача бориша олмайди, чунки стартап буюртмаларни шаҳарнинг маълум қисмида олади.

Синовлар давомида стартап баъзи хавфсизлик чораларини қўллашни давом эттиради. Улардан энг муҳими машиналарнинг бошқарув марказига 5G-тармоғи ёрдамида доимий ҳолда уланган ҳолда бўлиши ҳисобланади. Бунинг ёрдамида операторлар ҳар бир роботакси учун йўлдаги вазиятни кузатиб боришади ва исталган вақтда унинг бошқарувини ўз қўлларига олишлари мумкин бўлади. Компания, шунингдек, йўл ишлари ёки кўчаларнинг маълум қисмида йўл ҳаракати қоидаларининг вақтинча ўзгаргани каби вазиятларни ҳам ҳисобга олган.  

WeRide автопилоти SAE International ташкилоти тузган шкалага кўра автономликнинг 4-даражасига мос келади. 4-даража муайян шароитларда, мисол учун, агар йўналиш ўзиюрар транспорт учун аввалдан тайёрланган бўлса тўлиқ автоматлаштирилганликни назарда тутади. Tesla компаниясидан ташқари кўплаб автомобилсозлик компаниялари айнан шу технологияга амал қилади. Tesla эса 2020 йил охиригача бирданига автономликнинг 5-даражасига ўтмоқчи. 

WeRide автоном транспорт соҳасида энг истиқболли стартаплардан ҳисобланади. У Nissan, Renault ва Mitsubishi томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Компания автопарки 100 дан кўпроқ машинадан иборат бўлиб, бу машиналар синовлар давомида 2,6 млн кмдан кўпроқ йўл босиб ўтган. WeRide’га AutoX, Pony, ai, Baidu ва Didi Chuxing компаниялари рақобатчи ҳисобланади. Бу компанияларнинг барчаси Хитойнинг турли шаҳарларида ҳайдовчисиз таксиларни синовдан ўтказади, бироқ бирортаси ҳали автоном машиналарнинг ҳайдовчисиз синалишигача етиб бормаган.  

Мавзуга оид