Жаҳон | 22:37 / 20.07.2020
23882
4 дақиқада ўқилади

COVID-19’нинг олтита шакли аниқланди, уларнинг учтаси нисбатан енгил

Лондондаги Қироллик коллежи тадқиқотчилари  коронавирусга чалинишнинг  олтита асосий шаклини аниқладилар,улар белгилари ва оғирлиги жиҳатидан бир-биридан фарқ қилади. Бу шаклларнинг учтаси нисбатан енгил ва уларда жуда камдан-кам ҳолларда нафас етишмовчилиги кузатилади. Лекин олтинчи тури ҳақида бундай деб бўлмайди - ўлимларнинг асосий қисми мана шу шаклда юз беради.

Олимлар АҚШ ва Буюк Британиядаги клиникаларда 1600 беморда кузатилган аломатлар ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилишди. Улар касалланишнинг дастлабки ва кейинги кунларидаги клиник кўринишларини синчиклаб таққослаш орқали айрим қонуниятларни яратдилар. Уларга кўра, касалликнинг дастлабки босқичидаги баъзи белгиларга қараб касаллик қанчалик оғир кечишини, беморда нафас қисиши (сунъий нафас ускунасига эҳтиёж) қай даражада бўлишини аниқласа бўлади. Sky News телеканалига кўра, COVID-19’нинг 6 шаклидан қай бири юз беришини касалликнинг дастлабки кунларида айтиш мумкин.

Олимлар дастлабки учта шаклни шартли равишда нисбатан енгил дея таърифлашди, чунки айнан шу шакллар кузатилган беморларнинг 1,5 фоиздан 4,4 фоизгача қисмида нафас етишмовчилиги кузатилган. COVID-19’нинг биринчи ва иккинчи шаклларида гриппга хос белгиларни кўриш мумкин: бош оғриғи, ҳиднинг йўқолиши, мушаклар оғриғи, йўтал, томоқ оғриғи, ҳансираш, кўкрак оғриғи, иштаҳанинг йўқолиши. Биринчи шакл иккинчисидан фақат бир жиҳатдан – ҳарорат кўтарилиши билан (иккинчи шаклда) фарқ қилади. Биринчи шаклда фақат 1,5 фоиз, иккинчи шаклда эса 4,4 фоиз ҳолларда нафас етишмовчилиги юз берган.

Учинчи шаклнинг белгилари: бош оғриғи, ҳид сезиш йўқолиши, иштаҳа йўқолиши, диарея, кўкрак қафасидаги оғриқ, қуруқ йўтал, баъзида иситма. Дастлабки икки шаклдан учинчи шаклнинг асосий фарқи диарея ҳисобланади. Бу шаклда нафас етишмовчилиги 3,3 фоиз ҳолларда юз беради.

Кейинги  шакллар эса олимлар томонидан оғир деб белгиланган. Тўртинчи шакл белгилари: бош оғриғи, ҳид сезмаслик, йўтал, иситма, ҳансираш, кўкрак қафасида оғриқ, ҳолсизлик ва чарчоқ. Касалликнинг бу шаклида асосий белги доимий ҳолсизлик, чарчоқ ҳисси деб ҳисобланади. Бу шаклда нафас етишмовчилиги нисбатан кескин ортади —  беморларнинг 8,6 фоизига ўпка фаолиятини яхшилаш учун махсус тиббий ёрдам талаб қилинади.

Бешинчи шакл белгилари: бош оғриғи, ҳид сезмаслик, иштаҳа йўқолиши, йўтал, иситма, ҳансираш, томоқ оғриғи, кўкрак қафасида оғриқ, чарчоқ, беҳаловатлик, мушаклар оғриғи. Бу шаклда беҳаловатлик ва доимий чарчоқ қўшилади. Агар бу белгилар касалликнинг дастлабки кунларида кузатилса, ўпка фаолиятини яхшилашга бўлган эҳтиёж  9,9 фоизга ошади.

Ниҳоят, касалликнинг олтинчи, энг оғир шакли учун касалликнинг биринчи кунларида қуйидаги белгилар хос: бош оғриғи, ҳид сезмаслик, иштаҳа йўқолиши, йўтал, иситма, ҳансираш, томоқ оғриғи, кўкрак қафасида оғриқ, чарчоқ, беҳаловатлик, мушаклар оғриғи, нафас етишмаслиги, диарея, қорин оғриғи. Сунъий нафасга бўлган эҳтиёж бошқа шаклларга нисбатан энди 19.8 фоизга ошади.

"Бизнинг тадқиқотларимиз COVID-19’га мойил бўлган беморларни кузатиш ва уларга тиббий ёрдам кўрсатишда катта аҳамиятга эга. Агар биринчи беш кун ичида ушбу 6 шаклнинг қай бири юз бериши аниқланса, беморга шунча тез ёрдам бериш мумкин. Қондаги кислород ва қанд миқдорини кузатиб, суюқлик йўқотишнинг олди олиниб, вақтида ҳаракат қилиш керак бўлади. Натижада беморни касалхонага ётқизмасдан  уйда даволаб, унинг ҳаётини сақлаб қолиш осон бўлади", - дейди тадқиқот муаллифи доктор Клер Стивенс.

Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, агар беморнинг  ёши катта ва соғлиғида муаммолар, ортиқча вазн ва олдиндан сурункали касалликлари (диабет ва нафас олиш билан боғлиқ касалликлар) бўлса COVID-19’нинг бундан-да оғир шакллари рўй беради.

Мавзуга оид