Ўзбекистон | 19:57 / 24.07.2020
163306
1 дақиқада ўқилади

Қурбон ҳайити санаси расман эълон қилинди

Ўзбекистонда 31 июль куни Қурбон ҳайити байрами нишонланади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қурбон ҳайитини нишонлаш бўйича қарори қабул қилинди. Байрам тадбирлари карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказилади.

«Муборак Қурбон ҳайити моҳиятида мужассам бўлган хайру саховат, меҳр-оқибат, инсонпарварлик сингари азалий анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда кенг тарғиб этиш, халқимизнинг эзгу ният ва орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2020 йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 31 июль – жума кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарорини инобатга олиб, мамлакатимизда 2020 йил 31 июль Қурбон ҳайити байрами сифатида кенг нишонлансин», дейилади ҳужжат матнида.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда Қурбон ҳайитининг карантин талабларига риоя қилган ҳолда, халқимизнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтиши учун тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш кўрсатма қилинган.

Мавзуга оид