Жаҳон | 16:59 / 25.07.2020
41449
9 дақиқада ўқилади

Совуқ уруш кўланкаси. Хитой ва АҚШ муносабатлари нега ёмонлашиб кетди?

Хитой ва АҚШ ўртасида дипломатик майдонда можаролар яна кескинлашди. Жума куни Пекин Чэндудаги АҚШ консуллигини ёпишга қарор қилди. Бу Тибет билан чегарадош ва аҳоли жуда гавжум бўлган Сичуан провинцияси марказида жойлашган АҚШнинг муҳим дипломатик биноси эди. Олдинроқ эса АҚШ Хитойга Ҳьюстондаги консулхонани ёпиш учун 72 соат вақт берганди.

Коронавирус

АҚШнинг Чэндудаги бош консуллиги / GETTY IMAGES

Хитой ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар ўтган йил охирида илиқлашгандек туюлганди. Томонлар янги савдо шартномалари ҳақида келишиб, ўзаро муносабатларга ижобий қарашга имкон беришганди. Аммо йил бошида ҳаммаси кескинлашиб кетди. Коронавирус пайдо бўлди, у аста-секин бутун дунёга тарқалиб, АҚШ унинг ўчоғига айланди-қолди. Трамп вирус тарқалишида унинг «ватани» Хитойни айблай бошлади. Кейин Америка томондан янги айбловлар пайдо бўлди: айғоқчилик, технологияларни ўғирлаш, инсон ҳуқуқларини бузиш (уйғурлар масаласи). Оқибатда вазият шунчалик жиддийлашиб кетдики, АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатлар ноябрдаги президентлик сайловлари вақтида энг юқори чўққига кўтариладиган кўринади.

Дипломатик можарони АҚШ бошлади. 21 июль куни Ҳьюстондаги Хитой консулхонаси ёпилиши эълон қилинди ва хитойлик дипломатларга у ердан чиқиб кетиш учун уч кун вақт берилди. Шунингдек, хитойликларнинг Сан-Францискодаги консуллиги ёпилиши мумкинлиги ҳам айтилди. Кейин эса Хитой АҚШ консулхонасини ёпди, бунинг ортидан Ҳьюстондаги бош консулхона ходимлари бинони тарк этишди.

Ҳаммаси қандай бошланди?

 

Хитойнинг Техасдаги бош консуллиги / GETTY IMAGES
Кузатувчилар эскалация жиддийлашаётгани ва буни совуқ уруш билан қиёслаш мумкинлигидан огоҳлантиришмоқда

21 июль куни АҚШ ҳукумати Хитойга Техас штатидаги Ҳьюстон шаҳрида жойлашган консуллик ёпилишини, ходимлар у ердан 3 кун ичида чиқиб кетишлари кераклигини билдирди. Олдинроқ Америка томони хитойлик ҳакерлар Covid-19 вакцинаси ҳақидаги маълумотларни ўғирлашга уринганини маълум қилганди. АҚШ ҳукумати эълон қилган айбловда хитойлик икки кишининг исми келтирилган. Улар Хитой ҳукумати қўллаб-қувватлови билан АҚШ серверларига ҳужум қилиб, коронавирус вакцинаси ҳақидаги маълумотларни ўғирлашга уринган. Улар шунингдек, бошқа ҳакерлик ҳужумларини амалга оширганликда ҳам айбланмоқда.

Хитойда эса АҚШни сиёсий провокацияда айблашмоқда. Мамлакат ташқи ишлар вазирлиги Ҳьюстондаги консулликнинг ёпилишини бемаънилик деб атади. Ўз навбатида АҚШ буни ўз интеллектуал мулкига нисбатан қилинган хуружга жавоб сифатида баҳолади.

Интернетда Ҳьюстондаги консуллик ходимлари дипломатик ташкилот ҳовлисида қоғозларни ёқишаётгани тасвирланган видеолар тарқалди. АҚШ президенти Дональд Трамп бу ҳақда ҳазил аралаш гапириб ўтди. «Биз консуллик ёпилиши ҳақида айтганимизда у ерда ёнғин бўлибди. У ерда нималар бўлганини билиш жуда қизиқ», деди америкаликлар етакчиси.

АҚШ Давлат департаментининг Ҳьюстондаги консуллик ҳақидаги баёнотидан икки соат ўтиб Хитой жавоб чоралари кўрилиши ва америкаликларнинг Уҳандаги консулхонаси ёпилиши мумкинлигини эълон қилди.

Фирибгарликда айбланган олим

Бу таҳдидлар алмашинувидан бир кун ўтиб Трамп Хитойнинг бошқа дипломатик ташкилотларини ҳам ёпишини айтди. Хусусан, Сан-Францискодаги консулхонани. У ерда Калифорния университетида ишловчи хитойлик биолог Цзюань Тан яширинаётганини айтилади. Бу олим АҚШ визасини сохталаштириш ва хитойлик ҳарбийлар билан алоқада бўлишда айбланган. ФҚБ терговида Тан хоним ҳеч қачон ҳарбий хизматда бўлмаганини айтиб, ҳарбийлар билан алоқада бўлганини рад этган. Аммо АҚШ махсус хизматлари уларда бу биолог олимнинг ҳарбий либосдаги суратлари борлигини айтишган. Америкалик прокурорларнинг фикрича, Тан хоним Хитойнинг консуллик биносида яширинган. Шунингдек, у ерда АҚШ визасини қалбакилаштиришда айбланган яна бир қатор хитойлик олимлар борлиги айтилади.

Сиёсий ишора

Хитой АҚШнинг Чэндудаги элчихонаси ёпилиши ҳақида эълон қилгач, Давлат департаменти раҳбари Майкл Помпео ўзига хос сиёсий юриш қилди. У Ричард Никсон номидаги кутубхонада туриб хитойликларга мурожаат қилди. Бежизга бу жой танланмаганди, чунки айнан Ричард Никсон 1972 йил Хитойга борган илк Америка президенти сифатида икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни яхшилаганди.

«Хитой борган сари авторитар тузумга айланиб, хорижда агрессив сиёсат олиб бормоқда. Айниқса инсон ҳуқуқлари бўйича. Эркин дунё бу зулмкорлик устидан ғалаба қозониши керак», деди Помпео.

АҚШнинг Чэндудаги элчихонаси мамлакат учун жуда муҳим объект ҳисобланади. У 1985 йилда очилган ва у ерда 200 киши ишлайди. Шундан 150 нафари маҳаллий аҳоли вакиллари. Бу элчихона учун атай Тибетга яқин жой танланган. Чунки Тибет кўп йиллардан буён мустақилликка интилиб келади. АҚШ учун Хитойдаги бу ҳудудда нима бўлаётганини билиб туриш жуда муҳим. Чэндудаги элчихонаси эса бу учун жуда қулай жой.

АҚШ келтирган сабаблар асосли

GETTY IMAGES

Хитой АҚШнинг муносабатларни ёмонлашишда ҳар қанча айбламасин, америкаликлар келтираётган айбловларда асос бор. Ҳаммаси коронавирусдан бошланганди. Йил бошида бу вирус Хитойдан тарқалганди. Ундан энг кўп жабр кўраётган АҚШ эса вирус бутун дунёга тарқалишида Хитойни айблади.

Кейинчалик Хитой Ҳонгконг билан муносабатлар кескинлашишига олиб келувчи қарорлар имзолай бошлади. Оқибатда Ҳонгконгда намойишлар тинмаяпти. Хитойнинг «Бир мамлакат – икки тизим» принципидан воз кечиши вазият жиддийлашишига олиб келди. Кейинчалик Урумчида мусулмонларни сақлаш учун очилган лагерлар янада кенгайтирилди. Бу эса АҚШ Хитойни глобал миқёсда инсон ҳуқуқларини бузишда айблашига асос бўлди. Америкада бутун бошли «Уйғурлар ҳақидаги» қонун қабул қилинди.

Майкл Помпео Хитойга қарши бўлган давлатлардан иборат коалиция тузиш исташи ҳақида эса яширмай гапирмоқда. Помпео Британияга ташрифи вақтида Борис Жонсонни Хитойнинг Huawei алоқа компаниясини 5G тармоқлари қурилишига яқинлаштирмасликка кўндира олди. Олдинроқ АҚШ ўз ҳудудида Huawei'нинг бундай турдаги қурилишларда қатнашмаслигини эълон қилганди. АҚШнинг иддаосича, Хитой дунёдаги ўзида ишлаб чиқарилган барча қурилмалардаги маълумотлардан фойдалана олади.

Трамп сайловолди кампанияси давомида Хитой ҳақида тинимсиз салбий фикр билдирмоқда. У хусусан яқинда миллиардлаб фойдаланувчиларга эга TikTok ижтимоий тармоғини АҚШда тақиқлаб қўйиши мумкинлигини айтди. Чунки бу ижтимоий тармоқ ҳам хитойликларга тегишли.

Ҳонгконг учун жавоб

WPA POOL

АҚШ Хитойнинг Ҳонгконгда нисбатан агрессив ҳаракатлари учун янги санкциялар пакетини тайёрламоқда. АҚШ Ҳонгконгни махсус имтиёзли давлат мақомидан маҳрум қилиши мумкин. Агар шундай бўлса, Ҳонгконг ортиқ дунёнинг иқтисодий марказларидан бири бўлмай қолади.

«Биз Ҳонгконг мустақиллигини сақлаб қолишни жуда хоҳлаймиз, аммо бундай бўлмаса, Хитой компартияси бу учун жавоб беради», деди Помпео.

АҚШ Хитойга нисбатан жорий этиши кутилаётган санкциялар рўйхатида банклар ҳам киритилса, икки мамлакат ўртасида икки йилдан буён давом этаётган савдо уруши қаторига валюта уруши ҳам қўшилади. Ўз навбатида Хитой ҳам қараб тургани йўқ. Хитой давлат компаниялари америкалик фермерлардан соя ва чўчқа гўшти сотиб олишдан воз кечишди.

Бу эса Трамп эришган келишувларни бир пулга чиқаради. У Хитой билан савдо балансини шакллантириш учун келишувга эришган ва бу билан кўп марта мақтанганди. Икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмасида Хитой экспортининг улуши ҳаддан ташқари катта ва Трамп бу борада балансни сақлаш бўйича келишувга эришган. Америкалик фермерларга эълон қилинган бу бойкот эса АҚШ экспортига миллиардлаб доллар зарар келтиради.

Вазият кескинлашгани сабабли АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо шартномалари деярли ишламаяпти. Чунки давлатлар ўзаро ўчакиш билан банд. Афсуски, бу ишлар фақат АҚШ ва Хитой иқтисодиётига эмас, бутун дунё иқтисодига салбий таъсир кўрсатади.

Шу вақтгача совуқ уруш деганда кўпчилик АҚШ ва СССР, кейинроқ АҚШ ва Россия ўртасидаги совуқ муносабатларни тушунган. Аммо АҚШ ва Россия иқтисодиётидаги ҳаддан ташқари катта фарқ (12-13 баравар) бу мамлакатлар ўртасидаги совуқ урушни асосан ҳарбий соҳага боғлашга сабаб бўлган ва уларнинг ўзаро урушлари асосан бир-бирларига таъсир қилган. Аммо ЯИМси биргаликда 35 триллион долларга яқин бўлган АҚШ ва Хитойнинг муносабатлари совуқлашиши бутун дунё иқтисодини хавф остига қўяди. Бир-бирига ҳар қандай соҳада рақобатлашиши мумкин бўлган Хитой ва АҚШ ўртасидаги совуқ уруш бундай урушларнинг энг совуғи бўлиши мумкин. Бу совуқ уруш тезроқ тугамаса, ҳали бутун дунёни совутиб юбориши ҳеч гап эмас...

Мавзуга оид