Ўзбекистон | 11:43 / 27.07.2020
34889
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги сайтлар ҳакерларнинг ҳужумларига дучор бўлмоқда

Шу кунларда қатор оммавий ахборот воситалари ва расмий идораларнинг веб-сайтларига номаълум шахсларнинг бузиб кириши билан ифодаланган ҳакерлик ҳужумлари кузатилмоқда. 

Ҳужумга учраган ресурсларда фойдаланувчиларнинг сайтга кириш имкониятлари чекланиб қолмоқда, айрим ҳолларда сайт саҳифаларида асосланмаган маълумотлар пайдо бўлмоқда. Масалан, 25 июль куни Repost.uz сайтига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов вафот этгани ҳақида фейк хабар жойлаштирилган. Қорақалпоғистонда бу хабарни олиб тарқатган бошқа айрим сайтлар вакиллари прокуратурага терговга чақирилди.

Сир эмаски, дунёдаги кўплаб нуфузли сайтларга кунига деярли юзлаб DDoS (Distributed Denial of Service) ҳакерлик ҳужумлари юз беради. Айниқса, бу ҳужумлардан катта аудиторияга эга сайтлар кўпроқ жабр кўради. Шу жумладан, Kun.uz сайтига ҳам деярли ҳар куни ўнлаб ҳужумлар кузатилади. Бу каби ҳужумлар ҳаваскор фойдаланувчиларнинг шунчаки қизиқиши ёки профессионал ҳакерларнинг қасддан уринишларигача — турли мақсадларда содир этилиши мумкин. 

Афсуски, буларни ким ва нима мақсадда қилганини кўп ҳолларда аниқлашнинг имкони бўлмайди.

Шу боис, ҳар бир сайт ўзининг ҳимоя қўрғонига эга бўлади ва доимий равишда бу каби ҳужумлардан ҳимояланиб келади. Аммо, қўрғон қанчалик мустаҳкам бўлмасин, уни бузиб кириш қобилиятига эга бўлган «уддабурон»лар ҳамиша топилади.

Ҳозирча бирор сайт бундан кафолатли ҳимояланган эмас. Яъни, Repost.uz сайти билан бўлган воқеа бошқа сайтларда такрорланиши эҳтимолдан холи эмас. 

Шундай экан, бундай ҳужумлар ортидан пайдо бўладиган ноқулайликлар ҳамда бироздан сўнг албатта рад этиладиган асосланмаган ва ёлғон хабарлар тарқатилишини мухлислар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тўғри қабул қилиши керак бўлади.

Мавзуга оид