Жаҳон | 10:30 / 27.07.2020
5675
2 дақиқада ўқилади

Сўровнома: Байден Трамп учун муҳим бўлган учта штатда етакчилик қилмоқда

Сайловчилар ўртасида ўтказилаётган сўровномаларга кўра АҚШнинг собиқ вице-президенти Жо Байден учта муҳим стратегик штатда президент Дональд Трампдан олдинда бормоқда. Сўровнома натижалари 26 июль куни CNN’да эълон қилинган.

Гап Аризона, Флорида ва Мичиган штатлари ҳақида кетмоқда. 2016 йилда Трампнинг ғалаба қозинишида унинг айнан ана шу штатларда устунлик қилгани муҳим роль ўйнаганди.

Таъкидланишича, президент сайлови ўтказиладиган санага 100 кун қолганда юқорида номлари келтирилган штатлардаги сайловчилар Жо Байден номзодини кўпроқ қўллашмоқда.

Сўровномада маълум бўлишича, Аризона штатида аҳолининг 49 фоизи Жо Байденни қўллашга тайёр, 45 фоиз аҳоли эса Трампни қўллашини билдирган. Флорида штатида эса сўралганларнинг 51 фоизи Байденни қўллашини маълум қилган бўлса, 46 фоизи Трампни қўлламоқчи. Мичиган штатида кўрсаткичлар Трамп учун жуда ёқимсиз бўлмоқда. Бу штатда сўровномада қатнашганларнинг 52 фоизи демократлар номзоди Байденни, 40 фоизи республикачилар вакили бўлган амалдаги президент Трампни қўллашини билдирган.

16 июль куни АҚШдаги сиёсий таҳлиллар ўтказувчи анча обрўли Real Clear Politics портали эълон қилган маълумотларга кўра, сайловчилар ўртасида машҳурлик ва оммабоплик бўйича Жо Байден Трампни ўртача 8,6 фоизга ортда қолдирмоқда.

Бугун Қўшма штатларда яна кўпчилик мутахассислар ва таҳлилчилар сайловолди тарғиботларида Жо Байден устунлик қилаётганини, аммо хулоса чиқаришга шошилмаслик кераклигини айтишади. Улар 2016 йилда ўтказилган сайловларда президентликка номзод Ҳиллари Клинтон сайловолди сўровномаларида Дональд Трампдан сезиларли олдинда бўлганини, аммо якунда кичик бир хато туфайли Трамп ғалаба қозонганини эслатишади.

Маълумот учун, АҚШда президент сайлови 2020 йил 3 ноябрга белгиланган.

Мавзуга оид