Ўзбекистон | 12:22 / 30.07.2020
3476
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон визаларини расмийлаштириш ва бериш тартиби тасдиқланади

Йўриқнома чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга кириш, чиқиш ва транзит визаларни расмийлаштириш тартибини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг “Ўзбекистон Республикаси визаларини расмийлаштириш ва бериш тартиби тўғрисидаги Йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи лойиҳаси эълон қилинди.

Чет эл фуқароларига Ўзбекистон Республикасига кириш визалари хорижий муассасалар, ТИВнинг ҳудудий бўлинмалари ва ТИВнинг аэропортлардаги бўлинмалари томонидан расмийлаштирилади.

Хорижий муассаса бўлмаган ҳолларда, Ўзбекистон Республикасига кириш визаси муайян консуллик функцияларини бажариш тўғрисида ТИВнинг икки томонлама битими мавжуд бўлган бошқа давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасалари томонидан расмийлаштирилиши мумкин.

ТИВ ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан чет эл фуқароларининг қуйидаги тоифалари учун Ўзбекистон Республикасидан чиқиш (кириш-чиқиш) визаларининг берилиши ва амал қилиш муддатини узайтирилиши амалга оширилади:

а) ТИВда аккредитация қилинган хорижий давлатларнинг доимий ваколатхоналари, халқаро ҳукуматлараро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг ҳукумат ташкилотлари ваколатхоналари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилган халқаро ва хорижий нодавлат (ҳукуматга қарашли бўлмаган) нотижорат ташкилотларнинг ваколатхоналари ва филиаллари ходимларига (ва уларнинг қарамоғида бўлган уларнинг оила аъзоларига), шунингдек ТИВда аккредитация қилинган матбуот вакилларига ва уларнинг қарамоғида бўлган уларнинг оила аъзоларига;

б) расмий ва парламент делегациялари аъзоларига;

 в) дипломатик мақомга эга бошқа шахсларга;

г) мазкур банднинг “а” кичик бандида кўрсатилган чет эл фуқароларининг таклифи бўйича келганларга, бироқ кўпи билан 2 марта келганларга.

Виза муддатини узайтириш, янгиланган амал қилиш муддатли виза бериш йўли билан, шунингдек, чет эл фуқароси аккредитациядан ўтган ҳолда эса, виза турини ўзгартириш йўли билан амалга оширилади.

Мазкур банднинг “а” кичик бандида кўрсатилган чет эл фуқаролари оила аъзоларининг аккредитация муддати, улар 18 ёшга тўлганлиги муносабати билан тугагандан сўнг, паспорт туридан қатъий назар, виза ТИВ томонидан, уларнинг ота-оналари (ёки васийлари)нинг аккредитация муддатига мос равишда узайтирилади.

90 кунгача бўлган муддатга берилган кўп марталик визалар Йўриқноманинг 2-банди “а” кичик бандида кўрсатилган чет эл фуқароларига хорижий муассасалар, ТИВнинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, ТИВнинг аэропортлардаги бўлинмалари томонидан берилади ва улар кейинчалик ТИВ томонидан аккредитация муддатига, Йўриқноманинг 3-банди “б”, “в” ва “г” кичик бандларида кўрсатилган бошқа фуқароларга – бир йилгача муддатга узайтирилади.

Ўзбекистон Республикасига кириш визаси, транзит визасидан ташқари Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида ҳақиқий ҳисобланади, чет эл фуқаролари боришлари учун ёпиқ бўлган жойлар, объектлар бундан мустасно.

Чет эл фуқароларининг Ўзбекистон Республикасига келишлари ва кетишлари тартиби, уларга визалар бериш ҳамда уларнинг амал қилиш муддатлари, консуллик йиғимлари ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан ундириладиган йиғимлардан озод қилиш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари билан тенглик асосида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорлари билан ўзгартирилиши мумкин.

Чет эл фуқаролари расмийлаштирилган виза амал қилишининг қолган муддатига уни янги миллий паспортга (алмаштирилган тақдирда) ёки ҳаракатланиш ҳужжатига қайта ёпиштириш учун хорижий муассаса ёҳуд ТИВга, шунингдек, унинг ҳудудий бўлинмаларига мурожаат этиши мумкин.

Визани қайтадан ёпиштириш учун фақат ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундирилади.

Ўзбекистон Республикасига киришга виза бериш учун чет эл фуқароларидан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, Ўзбекистон Республикаси Консуллик йиғимлари Тарифига мувофиқ белгиланган тартиб ва миқдорларда консуллик йиғими ҳамда ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундирилади.

Расмийлаштириладиган визаларнинг қуйидаги турлари мавжуд:

кириш;

кириш-чиқиш;

чиқиш;

чиқиш-кириш;

транзит.

Ўзбекистон Республикасининг кириш, чиқиш ва транзит визаларининг тоифалари Йўриқноманинг 1-иловасида келтирилган.

Ёзма илтимосномани (талабнома) кўриб чиқиш муддати у тақдим этилган кундан бошлаб (ҳужжат тақдим этилган кундан ташқари) 4 иш кунини ташкил этади (қўшимча кўриб чиқиш зарурати билан боғлиқ алоҳида ҳолларда – 10 иш кунига қадар).

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид