Ўзбекистон | 20:20 / 30.07.2020
112861
2 дақиқада ўқилади

Пенсия ва нафақалар миқдори оширилмоқда — Президент фармони

2020 йил 1 сентябрдан бошлаб пенсиялар, болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақалар миқдори 1,1 баробар оширилади.

Бу президентнинг «Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида ўз аксини топган.

Фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб:

  • пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 262 470 сўм;
  • ёшга доир энг кам пенсиялар – ойига 513 350 сўм;
  • болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа – ойига 513 350 сўм;
  • зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа – ойига 315 030 сўм этиб белгиланади.

Молия вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда 2020 йилнинг якунига қадар:

  • 14 ёшгача болалари бўлган эҳтиёжманд нафақа олувчи оилаларнинг амалдаги сонини 2 баробарга ошириб, 700 мингтагача етказишни;
  • бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа олувчи эҳтиёжманд оналарнинг амалдаги сонини 330 мингдан 400 мингтага ошириш;
  • моддий ёрдам олувчи кам таъминланган оилаларнинг амалдаги сонини 89 мингдан 100 мингтага етказишни таъминлайди.

Тўлаш муддати 2020 йилнинг июль-сентябрь ойларида тугайдиган болалари бўлган оилаларга ва бола парвариши билан шуғулланадиган оналарга нафақа тўлаш навбатдаги 6 ой муддатга (бола тегишлича 2 ёш ва 14 ёшдан ошмаган ҳолатда) давом эттирилади.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, турли тўловлар ва жарималар ундириш учун қўлланиладиган Базавий ҳисоблаш миқдори 223 минг сўм даражасида ўзгаришсиз қолган.

Сўнгги марта Ўзбекистонда пенсия ва нафақалар жорий йилнинг 1 февралида 7 фоизга оширилган эди.

Мавзуга оид