Ўзбекистон | 19:49 / 31.07.2020
48679
4 дақиқада ўқилади

«Straus House»дан жабрланганлар сони ва жами зарар миқдори маълум бўлди

«Straus House» МЧЖдан 298 нафар фуқаро жами бўлиб 6,6 миллиард сўмдан кўпроқ миқдорда зарар кўрган.

28 июль куни «Straus House» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан суд жараёни ниҳоясига етгани хабар қилинган эди. Суд ҳукми билан жамият таъсисчиси И.Исроилов ва унинг жиноий шериклари ЖКнинг тегишли моддалари билан турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинди.

Kun.uz ушбу ишни кўриб чиққан Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди билан боғланиб, жиноят иши бўйича етказилган зарар, жабрланувчилар сони ва ундирувнинг таъминланишига доир қўшимча маълумотларни олди.

Маълум бўлишича, туяқуш жўжалари билан боғлиқ мазкур жиноят иши доирасида 298 нафар фуқаро жабрланувчи деб топилган ва улар кўрган жами зарар миқдори 6 617 444 500 (олти миллиард олти юз ўн етти миллион тўрт юз қирқ тўрт минг беш юз) сўмни ташкил этган.

Жабр кўрганлар ҳудудлар кесимида қуйидагича кўриниш олган:

Жиноят иши доирасида хатланган:

  •  265.000.000 сўмга баҳоланган, 2018 йилда ишлаб чиқарилган, «Malibu 2» русумли автомашина;
  •  107.571.961 сўмга баҳоланган, 2019 йилда ишлаб чиқарилган «Ласетти» русумли автомашина;
  •  110.000.000 сўмга баҳоланган 2019 йилда ишлаб чиқарилган, «Ласетти» русумли автомашина;
  •  107.571.961 сўмга баҳоланган 2019 йилда ишлаб чиқарилган, «Ласетти» русумли автомашина;
  •  126.081.298 сўмга баҳоланган 2019 йилда ишлаб чиқарилган, оқ (белодымчатый) рангли, «Ласетти» русумли автомашина;
  •  60.902.497 сўмга баҳоланган 2019 йилда ишлаб чиқарилган «Спарк» русумли автомашиналари ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг, жабрланувчиларга нисбатан етказилган зарарлар ўрнини қоплаш учун пропорционал равишда тақсимланади.

Шунингдек, ашёвил далил деб эътироф этилган:

  •  1 дона баҳоси 3.920.000 сўмлик;
  •  1 дона баҳоси 2.807.000 сўмлик;
  •  1 дона баҳоси 3.885.000 сўмлик (жами 3 дона) «МакТайм» русумли эркаклар қўл соатлари;
  •  1 дона нархига аниқлик киритилмаган «МакТайм» русумли эркаклар қўл соати ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг, Мажбурий ижро бюросининг Миробод туман бўлими томонидан баҳолатилиб, жабрланувчиларга нисбатан етказилган моддий зарарни қоплаш учун йўналтирилади.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг банкдаги ҳисоб рақамида сақланаётган ҳамда хатланган Покистон Ислом Республикасининг «Chemikals & Marbels Lahore Pakistan» компаниясига туяқуш жўжаларини сотиб олиш мақсадида, шартномага асосан кўчирилган 1.854.000.000 (бир миллиард саккиз юз эллик тўрт миллион) сўм миқдоридаги пуллар, ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг, тегишли тартибда етказилган моддий зарарларни қоплашга пропорционал тартибда қаратилади.

Етказилган зарар И.Р.Исроилов, А.З.Махмуталиев, Д.Н.Қутпиддинов ва О.Саидовлардан солидар тартибда ундирилади.

Ҳукм манфаатдор тарафлар томонидан апелляция тартибида шикоят киритилмаса, эълон қилинган кундан бошлаб ўн суткадан сўнг кучга кириши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, суд «Straus House» МЧЖ таъсисчиси И.Исроиловни 9 йил, МЧЖ директори А.Махмуталиевни 7 йил, директор ўринбосари Д.Қутпиддиновни 8 йил 5 ой 26 кун муддатга озодликдан маҳрум этди. МЧЖ бош ҳисобчиси О.Саидовга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Мавзуга оид