Ўзбекистон Ислом молияси соҳасида МДҲ етакчисига айланиши мумкин
Ўзбекистон Марказий Осиёда жойлашган ва аҳоли сони бўйича минтақадаги энг катта давлат бўлиб, 90 фоиздан ортиғи мусулмон бўлган ва саводхонлиги 99,99 фоизни ташкил қилувчи 34 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.
Ислом динига эътиқод қилувчилар кўпчиликни ташкил қилишига қарамай, Ўзбекистонда шу вақтгача Исломий молия соҳаси Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатларга қараганда деярли ривожланмаган, ваҳоланки ушбу соҳанинг ривожланишида мамлакат жуда катта салоҳиятга эга. Буни йирик халқаро молиявий ташкилотлар (Ислом Тараққиёт Банки Гуруҳи, Халқаро Молия Корпорацияси, Осиё Тараққиёт Банки ва б.) экспертлари томонидан эътироф этган. Шу билан бирга, сўнгги йилларда халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорликда ушбу йўналишда баъзи бир ишлар амалга оширилди.
Жумладан: Ислом Тараққиёт Банки (IsDB) ва унинг гуруҳи таркибига кирувчи ташкилотлар, хусусан Хусусий Тармоқни Ривожлантириш Ислом Корпорацияси (ICD), Халқаро ислом савдо молия корпорацияси (ITFC) ва Ислом тадқиқотлар ва тренинглар институти (IRTI) мамлакатда ислом молияси ривожланишида ўз ҳиссаларини қўшган ҳолда, ҳозирги кунга қадар 2 миллиард АҚШ долларидан зиёд маблағни Исломий молия тамойиллари асосида молиялаштириш мақсадларига йўналтирган.
Кичик ва ўрта бизнес Ўзбекистонда 81 фоиз бандликни таъминлаш баробарида, сўнгги 10 йил ичида мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) йиллик ўртача 5 фоиздан юқори даражада ўсишига ва Марказий Осиёдаги иқтисодиёти энг тез ривожланаётган мамлакатга айланишига катта ҳисса қўшиб келмоқда. Кичик ва ўрта бизнес вакиллари томонидан Ислом молиясига бўлган эҳтиёжни инобатга олиб, Ўзбекистон 2003 йилда IsDBга ва 2004 йилда эса ICDга аъзо давлат сифатида қабул қилинди. Ушбу ташкилотлар ва ҳукумат ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатлар Ислом молиясининг Ўзбекистон бозорига кириб келишига замин яратди ва ушбу соҳага биринчи қадамни қўйиб берди.
Бундан ташкари, Ўзбекистондаги бир нечта олий ўқув юртлари ўз таълим дастурларини Ислом молиясига доир фанларни ҳисобга олган ҳолда тайёрлай бошлади. Шунингдек, жорий қонунчиликдан келиб чиққан ҳолда бизнес вакиллари ҳам ислом молия хизматларини таклиф килишни бошлаб юборди.
Ўзбекистонда қатор исломий лизинг компаниялар фаолият кўрсатмоқда
Жумладан, 2019 йилда мамлакатда биринчи «Ўзаро» исломий суғурта компанияси ўз фаолиятини бошлади. Ўзбекистондагина эмас, балки МДҲ давлатлари ичида биринчилардан бўлган электрон-Мурабаха (Мурабаха савдо битими асосидаги молиявий маҳсулот) платформаси ишлаб чиқилди. IsBF (Islamic Business and Finance) номли биринчи Ислом молия масалалари билан шуғулланувчи компания (асосий фаолияти ушбу соҳада консалтинг хизматлари кўрсатиш) ташкил этилди, ислом молияси соҳасида аҳоли саводхонлигини ошириш мақсадида “Ислом молияси” Telegram саҳифаси ва веб сайти ишга туширилди. Таиба Лизинг ва Ал-Мулк Капитал каби лизинг компаниялари эса кичик ва ўрта бизнес вакилларига Ислом тамойиллари асосидаги ижара маҳсулотлари тақдим қилишни давом эттирмокда.
Шунингдек, таълим соҳасида ҳам сезиларли ишлар амалга оширилди. Ўзбекистонда Ислом молияси бўйича бир қанча тренинглар ўтказилди, ўзбек тилида Ислом молиясига оид китоблар нашр этилди. Малайзиялик профессор Судин Ҳоруннинг «Исломий молиялар ва банк тизими: Фалсафаси, тамойиллари ва амалиёти», қозоғистонлик иқтисодчи Ерлан Байдаулетнинг «Исломий молия асослари» ва россиялик Ринат Беккиннинг «Ислом иқтисодий модели ва замон» китоблари шулар жумласидандир.
БМТ тадқиқоти Ўзбекистонда банк кредитларидан фойдаланиш даражаси пастлигини кўрсатди
2020 йил бошида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури доирасида «Ўзбекистонда исломий молия маҳсулотлари таҳлили» бўйича амалга оширилган тадқиқот ва унинг доирасида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, банк кредитларидан фойдаланмасликнинг асосий сабаблари сифатида авваламбор, диний қарашлар, кредитлар бўйича юқори фоиз даражаси ва кредитлаштиришнинг мураккаблиги кўрсатилган бўлиб, агар мамлакатда ислом молия муассасалари ташкил этилса, юқоридаги сўровномада иштирок этган қатнашувчиларнинг аксарияти ушбу муассаса хизматларидан фойдаланишлари мумкинлигини таъкидлаганлар. Ҳатто, анъанавий банклар ҳам Ўзбекистонда ислом молия муассасалари ташкил қилиш, молия тармоғида ҳалол ва шаффоф рақобат юзага келиши, натижада мамлакатга сармоялар оқими ўсиши ва диверсификациясига олиб келиши ҳақида ўз фикрларини билдирганлар.
Ислом корпорацияси Ислом молияси ривожланишига туртки бўлмоқда
Хусусий тармоқни ривожлантириш бўйича Ислом Корпорацияси (ICD) мамлакатда ислом молиясининг ривожланишида алоҳида ўрин эгаллаган. Шу кунга қадар ушбу ташкилот томонидан умумий миқдори 400 миллион АҚШ долларига тенг маблағ мамлакатдаги 18та тижорат банклари, 2та лизинг компанияси орқали 260дан ортиқ кичик ва ўрта бизнес вакилларини тўғридан тўғри молиялаштириш учун йўналтирилди ва шу орқали 5,000дан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилишига эришилди.
Ўзбекистон тижорат банкларида Ислом молия дарчалари очилади
Мамлакатда ислом молия хизматларига бўлган талабнинг юқорилигини инобатга олган ҳолда ICDнинг Маслаҳат гуруҳи ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг 6та тижорат банки, жумладан Капиталбанк, Трастбанк, Азия Альянс банк, Агробанк, Қишлоқ Қурилиш банк ва Ипак Йўли банкларида Ислом дарчалари (Исломий молия хизматлари кўрсатувчи шохобча) очиш бўйича иш олиб бормоқда. Ушбу дарчалар 2021 йилнинг бошида ишга тушиши кутилмоқда. Бундан ташқари, Алоқабанк, Халқ банки, Универсал банк ва Давр банкларда ҳам ислом дарчалари очилиши бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Ислом молия хизматлари Ўзбекистонга қандай наф келтиради?
Юқорида келтирилган маълумотларга асосланиб, Ўзбекистонда ислом молия хизматлари саноатининг кенг қамровли жорий этилиши мамлакат учун қуйидаги имкониятларни очишига ишонамиз:
- хориждан келаётган инвестициялар ҳажмини ошириш ва диверсификациялаш;
- банк тармоғида ҳалол ва шаффоф рақобат муҳитини яратиш ҳамда банк тизими активларини диверсификациялаш имкониятини яратиш;
- аҳоли ва бизнес вакиллари ихтиёрида бўлган бўш пул маблағларининг иқтисодиёт ривожланишида максимал иштирокини таъминлаш;
- мамлакатда капитал бозорини ривожлантириш ва диверсификациялаш;
- кўплаб янги иш ўринлари яратиш;
- аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш орқали, молия бозоридаги фаоллигини кўтариш;
- Ислом молия хизматлари индустриясини ривожлантириш орқали мамлакатда инфратузилмани мувофиқлаштириш ва янгилаш;
- янги молиявий муассасалар ташкил қилиш;
- камбағалликка қарши курашиш давлат дастурини амалга оширишга ҳисса қўшиш;
- янги йўналишда кадрлар тайёрлаш дастурини яратиш.
Ўзбекистон Ислом молияси соҳасида МДҲ етакчисига айланиши мумкин
Ушбу ишларнинг амалга оширилиши натижасида Ўзбекистон ислом молияси соҳасида МДҲ давлатлари ичида етакчи мамлакатга айланиши шубҳасиз. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, исломий молиявий хизматлар соҳаси Ўзбекистоннинг порлоқ келажаги учун муҳим омил, пойдевор ва ривожланиш истиқболи бўлади, натижада ўз маданиятида Исломнинг чуқур илдизларини акс эттирган мамлакатга хорижий инвесторларнинг қизиқиши ортади ва ҳукумат ушбу имкониятдан халқ фаровонлиги ҳамда мамлакатнинг барқарор ривожланишида тўлақонли фойдаланишга эришиши мумкин бўлади.
Музаффар Низомиддинов
ICD катта ходими,
МДҲ бўйича лойиҳа менежери
Мавзуга оид
16:33
Ўзбек аёлларини ҳақоратлаган туркиялик стендапчи: унга қарши Истанбул прокуратурасига ариза топширилган
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
21:49 / 04.11.2024