Жамият | 12:57 / 03.08.2020
18416
2 дақиқада ўқилади

«Темир дафтар» маълумотлари электрон базага киритиляпти – вазирлик

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева АОКАда ўтказилган брифингда «темир дафтар» га киритилган муҳтож оилалар ҳақидаги маълумотлар туман ва вилоят сектор раҳбарлари томонидан ҳар куни электрон базага киритиб борилаётганини маълум қилди.

«Президентнинг жорий йил 24 апрель куни карантин даврида аҳоли бандлигини таъминлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берган топшириғи асосида ҳар бир сектор раҳбари томонидан эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш дафтари – «темир дафтар» юритилиши йўлга қўйилди. Бунда масъул ходимлар (туман, вилоят сектор раҳбарлари) ўзининг кунлик амалга оширган ишлари юзасидан «темир дафтар»идаги маълумотларни saxovat.argos.uz сайтига рақамли имзо калити орқали электрон шаклда киритиб боради.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, «темир дафтар» - бу карантин шароитида ишсиз, даромадсиз қолган эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож оилаларнинг маҳаллада шакллантирилган шаффоф рўйхатидир. Мазкур рўйхатга киритилган аҳолига доимий равишда зарур ёрдамлар кўрсатилади. Камбағал аҳоли қатламини эҳтиёжмандликдан чиқариш учун мазкур оилаларга моддий ва ижтимоий кўмак берилади.

«Темир дафтар» аҳолини камбағалликдан чиқариш, бунинг учун улар билан манзилли ва мақсадли иш олиб бориш йўлида муҳим манбадир. Уни юритишдан асосий мақсад эҳтиёжманд оилалар 7 тоифаси, яъни 1) кам таъминланган, 2) ногиронлиги бўлган, 3) ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, 4) якка-ёлғиз кексалар, 5) доимий ишсиз фуқаролар, 6) карантин туфайли ишсиз қолган фуқаролар, 7) оғир эпидемиологик ҳудудлардан қайтариб келинган фуқароларни камбағалликдан чиқаришдир.

Мавзуга оид