Жаҳон | 00:47 / 05.08.2020
143740
2 дақиқада ўқилади

Байрут портидаги портлашга нима сабаб бўлгани маълум қилинди

Дастлабки маълумотларга кўра, портлаш оқибатида қурбон бўлганлар сони 40 нафарга етган.

Фото: REUTERS/Mohamed Azakir

Байрут портида аммиакли селитра портлаган. Бу ҳақда Ливан ички ишлар вазири Муҳаммад Фаҳмийга таяниб, Al Hadath телеканали хабар берди.

Шу билан бирга, Al Mayadeen телеканали куч ишлатиш тизимидаги манбасига таяниб хабар беришича, "тўққиз йил аввал кемалардан биридан мусодара қилинган ҳамда қайта ишлаш ёки йўқ қилиш учун портдаги омборда сақланган портловчи моддалар портлаган".

"Тўрт ой аввал портда бундай юкни сақлаш жуда хавфли эканлиги тўғрисида ҳисобот тайёрланганди", - деган телеканал манбаси.

Айрим маълумотларга кўра эса, омборда қисқа туташув оқибатида ёнғин чиққан, натижада селитра портлаган.

Айни пайтда Ливан пойтахтидаги шифохоналар жароҳатланганлар билан тўлиб кетганлиги хабар қилинмоқда. Бир соат ичида битта ҳоспиталга 300дан ортиқ киши олиб келинган.

Дастлабки маълумотларга кўра, портлаш оқибатида қурбон бўлганлар сони 40 нафарга етган, норасмий маълумотларда эса қурбонлар анча кўплиги – одамлар вайроналар остида қолиб кетгани айтилмоқда.

Мавзуга оид