Жаҳон | 19:52 / 05.08.2020
3863
2 дақиқада ўқилади

SpaceX янги ракетаси Starship’нинг илк синов парвозини амалга оширди  

АҚШнинг SpaceX компанияси фазогирларни орбитага етказиш учун мўлжалланган ўта оғир ракета Starship’нинг прототипини муваффақиятли синовдан ўтказди. Ракета синов парвози давомида 150 метр баландликка кўтарилиб, сўнгра старт майдончасига қўнган.

Синовлар SpaceX’нинг Бока-Чика аҳоли пунктидаги космодромида ўтган.
      
Бунгача ракетани учиришга 4 та уриниш муваффақиятсиз якунланган: прототип ёки портлаб кетган, ёки ҳавога кўтарилишигача бўлакланиб кетган. SpaceX асосчиси Илон Маскнинг таъкидлашича, келгусида компания ракетанинг яна бир нечта синовини ўтказади.

Starship ракетаси Falcon ракеталари ўрнига ишлаб чиқилмоқда. У иккита тўлиқ кўп маротабалик поғонадан иборат бўлиб, 2-поғона бир вақтнинг ўзида йўловчи ёки юк кемаси бўлади. Ракета орбитага 100 тоннадан кўпроқ юк олиб чиқа олади. Юк орбитага чиқарилгач, ракетанинг иккала поғонаси космодромда ёки денгизда ўрнатилган платформага қўнади.  

Ракетанинг якуний версиясининг илк тўлақонли парвози 2021 йилга режалаштирилган. SpaceX ракетани нафақат фазога парвозлар, балки қитъалараро суборбитал йўловчи парвозлар учун қўлламоқчи. Бу дунёнинг турли бурчакларидаги мегаполислар орасидаги парвоз вақтини бир неча ўн дақиқагача қисқартириш имконини бериши мумкин. Компания бунинг учун ракетанинг 2-поғонаси ва шаҳарлар яқинида денгизда жойлаштириладиган платформалардан фойдаланади.

Мавзуга оид