Ўзбекистон | 23:45 / 06.08.2020
9997
2 дақиқада ўқилади

Германия пандемияга қарши курашиш учун Ўзбекистонга 2 млн евро ажратди

Германия ҳукумати Ўзбекистон Республикаси учун пандемияга қарши курашда қўшимча 2 млн евро ажратди. Бу ҳақда Германиянинг Тошкентдаги элчихонаси маълум қилди.

Ш.Мирзиёев Германия канцлери Ангела Меркел билан / 21 январь, 2019, Берлин.

«Кўмак турлари ва чора-тадбирлари икки давлат ўртасида муҳокама қилинмоқда», – дея қайд этилган элчихона хабарида.

Шунингдек, июнь ойида Германия Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонасига 480 минг евро ажратган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда расмий Берлин Марказий Осиёнинг Ўзбекистондан бошқа давлатларига тўғридан тўғри кўмак ажратишни тўхтатиши маълум бўлган эди.

Қайд этиш жоиз, Германия – Ўзбекистоннинг Евроиттифоқдаги энг асосий савдо ҳамкорларидан бири. 2018 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 25 фоизга ўсиб, 770 миллион доллардан ошган.

2020 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, Германия Ўзбекистоннинг савдо ҳамкорлари ичида 7-ўринда қайд этилган, бу даврда икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 337 млн долларни ташкил этган. Шундан 305 млн доллар Германиядан импортга тўғри келади.

Аввалроқ, июнь ойи бошида Япония Ўзбекистонга 1,9 млн доллар ажратиши хабар қилинганди.

Мавзуга оид