Жамият | 14:35 / 08.08.2020
11574
2 дақиқада ўқилади

Ядро физикаси соҳасида етук олим Зокиржон Каноков ҳаётдан кўз юмди

Физика-математика фанлари доктори, ядро физикаси соҳасида етук олим, Фанлар академияси Ядро физикаси институти Назарий ядро физикаси лабораторияси мудири Зокиржон Каноков 2020 йил 7 август куни 64 ёшида ҳаётдан кўз юмди.

Ядро физикаси институти хабарига кўра, Зокиржон Каноков 1956 йил 25 январида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида таваллуд топган. 1973 йил Тошкент давлат университетининг Физика факультетига ўқишга кирган. 

Илмий фаолиятини 1978 йилдан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Физика-техника институтида бошлаган. 1983-2012 йиллар давомида Ўзбекистон Миллий университети Физика факультетида илмий ходим ва педагог, 1986-1987 йилларда Москва давлат университетида стажёр ўқитувчи, 2012-2017 йилларда Миллий университети Физика факультети «Назарий ва ядро физикаси» кафедраси мудири, 2018 йилдан ҳозиргача ФА Ядро физикаси институти Назарий ядро физикаси лабораториясининг мудири лавозимида самарали фаолият кўрсатиб келаётган эди.

Зокижон Каноков илмий фаолияти давомида Очиқ квант системалар ва наносистемаларининг ҳаракат динамикасини, Оғир ионлар тўқнашувида вазмин ядроларнинг қўшилиши ва бўлиниши жараёнларини ўрганишга катта эътибор берди. Бу тадқиқотлар Россия Федерациясининг Дубна шаҳрида жойлашган Бирлашган ядро тадқиқотлари институти олимлари эътиборини тортди ва узоқ йиллар давомида ҳамкорликда қилинган изланишларнинг асоси бўлди. Ҳамкорликда қурилган янги назарий усуллар дунё миқёсида тан олинган. 

З. Каноков 80 дан ортиқ илмий нашрлар, 60 дан ортиқ мақолалар чоп этган. Ўзининг илмий-педогогик фаолияти давомида кўплаб ўқув қўлланмалар муаллифидир ва Тошкент давлат университети Физика факультетида талабаларга ядро физикаси ва элементар зарралар физикаси, ядро моделлари фанларидан чуқур сабоқ берди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид