Жамият | 21:30 / 11.08.2020
4043
3 дақиқада ўқилади

Раддия: «Research and Global» МЧЖ қўштирноқ ичидаги тадбиркорлардан эмас

Наманган вилоятида фаолият юритувчи «Research and Global» МЧЖ Kun.uz сайтида эълон қилинган «Вазирлик ота-оналарни хориждаги сохта ОТМларга алданиб қолмасликка чақирди» номли мақолага раддия билдирди.

«Жорий йилнинг 10 август куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдували Ҳолиқов сўзга чиқди.

У Kun.uz мухбирининг хориждаги олий таълим муассасаларига юборувчи хусусий ташкилотлар фаолиятига оид саволига «Ҳудудларда, тегишли жойларда турли шаклдаги, қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар фаолият олиб боряпти... Ҳаттоки телевидениеда, ижтимоий тармоқларда эълон бериляпти.

Мана масалан, маълумот учун айтиш керакки, телевидениеда кўрдим (шундайлардан бири – таҳр.) Наманганда Ёшлар иттифоқи биносида жойлашган. Албатта, бу ўша ердаги масъулларнинг эътиборсизлиги деб ўйлайман. Эртага шу ердаги ёшларда муаммо келтириб чиқаради, у вақтда биз ўша қўштирноқ ичидаги тадбиркорларни тополмай қоламиз» деб жавоб берди.

Масъул ходимнинг бу сўзлари Kun.uz сайтида мазмуни аслидан фарқ қиладиган шаклда эълон қилинди.

Таъкидлаш лозимки, Намангандаги «Ёшлар маркази» биносида «Research and Global» МЧЖ фаолият олиб боради. Асосий фаолият тури консалтинг хизмати бўлиб, хорижий давлатларга ўқишга бориш истагини билдирган абитуриентларга ўзининг тавсия характеридаги кўмагини бериб келмоқда. Мазкур МЧЖ 2019 йилнинг февраль ойидан буён фаолият олиб боради. Ўтган даврда Польша, Латвия, Қозоғистон, Қирғизистон, Жанубий Корея, Америкадаги нуфузли давлат олийгоҳлари билан ўзаро шартнома тузган.

Кейинги икки йил давомида Наманган вилоятидан 300 нафар абитуриентнинг ҳужжатлари расмийлаштириб юборилди. Уларнинг аксарияти талаба бўлиб, биринчи курс битирувчилари ўз ўқишларини Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига кўчириб ўтказишди ҳам.

Жамиятимизнинг «Ёшлар маркази» биносида фаолият юритиши асло у ердаги масъулларнинг эътиборсизлиги эмас. Бинодан фойдаланиш бўйича тегишли ижара шартномаси имзоланган ва барча ҳаракатларимиз қонун талаблари доирасида амалга оширилмоқда.

Бу йил юртимиз ва жаҳондаги пандемия шароитида ҳужжатларнинг масофавий қабули ташкил этилган. Ушбу МЧЖ фаолияти тўлақонли қонуний бўлиб, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарини норози қиладиган ҳолатлар қайд этилмаган», дейилади «Research and Global» МЧЖ раддиясида.

Дилшод Абдуқодиров
Тайёрлаган Дилшод Абдуқодиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид