Жаҳон | 11:11 / 11.08.2020
55809
2 дақиқада ўқилади

Тихановская Беларусни тарк этди

Беларусь президентлигига номзод Светлана Тихановская мамлакатни тарк этди.

Фото: Наталия Федосенко / ТАСС

Литва ташқи ишлар вазири Линас Линкявичюснинг Твиттер саҳифасида ёзишича, сиёсатчи таъқиблардан қочиб, Литвада яширинган. Ҳозир у хавфсиз жойда.

Аввалроқ Тихановская Марказий сайлов комиссияси биносида 3 соат ушлаб турилганидан кейин, орқа эшикдан чиқиб кетгани ҳақида хабар берилганди.

«Светлана чиқди ва адвокатига бир қарорга келганини айтиб, хайрлашди. Уни орқа эшикдан олиб чиқиб кетишди. Қандай қарорга келганига аниқлик киритмади», - деди ягона мухолифат штабининг аъзоси Анна Красулина. 

Беларусда 9 августда ўтказилган президент сайлови натижаларидан норози бўлган одамлар ва кучишлатар идоралар ходимлари ўртасидаги тўқнашувлар 2 кундан бери давом этмоқда. Расмий маълумотларга кўра, амалдаги давлат раҳбари Александр Лукашенко 80 фоиздан ортиқ, мухолифат етакчиси Светлана Тихановская эса 10 фоиздан ортиқ овоз тўплаган.

Тўқнашувлар пайтида махсус техника, сувпуркагичлар, нуршовқинли гранаталар, резина ўқлар қўлланмоқда, милиция ва ҳарбийлар намойишчиларни тарқатишда иштирок этмоқда. Расмий маълумотларга кўра, кеча тунда 39 нафар ҳарбий ва 50 нафарга яқин аҳоли жароҳатланган. Ўлганлар ҳақида норасмий маълумотлар ҳам бор.

Мавзуга оид