Жаҳон | 22:04 / 12.08.2020
27957
5 дақиқада ўқилади

Россия ҳукумати вакцина борасидаги танқидларга жавоб қайтарди

Россия вакцинасининг илк қадоқлари 2 ҳафта ичида чиқарилади, деб эълон қилди Соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко. Россияда коронавирусдан вакцинани дунёда биринчи бўлиб рўйхатга олди, аммо бунга дунёда ишончсизлик билан қаралмоқда.

Фото: Михаил Джапаридзе/ТАСС

Вакцина рўйхатга олингани ҳақида Россия президенти Владимир Путин яқинда эълон қилганди. У шунингдек ўзининг қизларидан бири синов даврида эмланганини маълум қилди.

«Ҳозир сифат назорати олиб борилмоқда. Икки ҳафта ичида биринчи қадоқлар чиқарилади ва юқори хавф остидаги шифокорлар [эмланиши] учун етказиб берилади», деди Мурашко чоршанба куни. Вакцинация ҳаммага, шу жумладан шифокорлар учун ҳам ихтиёрий амалга оширилиши таъкидланган. 

Мурашко, шунингдек, Россия Covid-19'га қарши дунёдаги биринчи вакцинани жорий этишга шошилаётгани ва ўзининг имижи яхшиланиши учун беҳуда уринаётгани ҳақидаги фикрларга муносабат билдирди. У Россия вакцинасига нисбатан хорижий танқидлар асоссизлиги ва рақобатдан қўрқиш ортидан юзага келганини қайд этган.

«Чет эллик ҳамкасблар, эҳтимол рус олимлари препаратларининг маълум бир рақобатдош афзалликларини сезиб, бизнинг фикримизча, мутлақо асоссиз бўлган баъзи фикрларни ёйишга уринишмоқда», деди Мурашко. 

Ғарб танқидлари
Рейтер агентлигининг хабар беришича, инсонларда икки ойдан кам вақт давомида синалган вакцинанинг Россияда рўйхатга олиниши эълон қилингани дунё соғлиқни сақлаш мутахассислари орасида хавотир уйғотмоқда. Уларнинг фикрига кўра, тўлиқ синов натижаларисиз вакцинага ишониш қийин. 

Июль ойида Москвадаги Гамалея марказида Россия вакцинасининг кўнгиллиларда ўтказилган илк синовлари якунланди. 

«Россия, аслида, популяция даражасидаги катта тажриба ўтказмоқда», деди Британиядаги Уорикс бизнес мактаби фармакологик тадқиқотлар бўйича мутахассиси Айфер Али. Вакцинанинг бу каби тезкор равишда рўйхатга олиниши, унинг фикрича, юзага келиши мумкин бўлган ножўя таъсирларнинг тўлиқ аниқланмаслигига олиб келиши мумкин. Катта эҳтимол билан, улар камдан кам учрайди, аммо жиддий бўлиши мумкин, дея огоҳлантиради эксперт. 

Лондондаги Университет коллежининг Генетика институти мутахассиси Франсуа Баллу қатъийроқ гапирди ва Covid-19'га қарши рус вакцинаси рўйхатга олинишини «бемулоҳаза ва аҳмоқона қарор» деб атади. «Тегишли бўлмаган тартибда текширилган вакцина билан оммавий эмлаш одобсизликдир», деди у. 

АҚШ президенти маслаҳатчиси Келлиэнн Конуэйнинг айтишича, Россия вакцинаси АҚШ ишланмаларидан орқада қолмоқда ва клиник синовлардан жуда кам ўтган. 

«АҚШ стандартлари Даволовчи воситалар бўйича федерал маъмурият томонидан белгиланади. Ва Россия баёнотидан англашимча, улар биздан йироқда», деди у (РБК иқтибос келтирган). 

Президент Доналд Трампнинг ўзи Америкада учта вакцина клиник синовларнинг сўнгги босқичида эканлигини ва «катта умид бераётганини» айтган. 

Ўз навбатида, АҚШнинг юқумли касалликлар бўйича бош мутахассиси Энтони Фаучи рус вакцинаси тайёрлиги ҳақидаги баёнотга шубҳа билдирган: «Вакцина мавжудлиги ва вакцинанинг хавфсиз ҳамда самарали эканлигини исботлаш бу икки хил нарсалардир» (Интерфаксдан иқтибос). 

«Умид қиламанки, россияликлар вакцинанинг хавфсиз ва самарали эканлигини ҳақиқатан ҳам аниқ исботлашган», дея қўшимча қилди у. Унга кўра, дунёда Covid-19 вакцинаси дунёда фақат йил охирида пайдо бўлади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Россия билан алоқада бўлиб, ушбу вакцинани дастлабки квалификациялаш имкониятларини муҳокама қилмоқда, деди ташкилот вакили Тарик Ясаревич.

«Ҳар қандай вакцинанинг ЖССТ томонидан дастлабки малакаланиши клиник тадқиқотлар натижасида тўпланган хавфсизлик ва самарадорликнинг барча зарур маълумотларини синчковлик билан кўриб чиқиш ва баҳолашни ўз ичига олади», деди у. 

Вакцина яратилган платформа пухта ўрганилган, уни шу йўл билан яратиш энг хавфсиз усулдир,  деб маълум қилди Мурашко. Вазирнинг сўзларига кўра, платформа бир қисми синов жараёнида бўлган, бошқа қисми эса аллақачон рўйхатга олинган препаратлардан ташкил топган.

Мавзуга оид