Жаҳон | 08:01 / 13.08.2020
6243
2 дақиқада ўқилади

Байрутдаги портлаш 4 мингга яқин уйга талафот етказган

Ливан ички хавфсизлик бошқармаси Байрут портидаги кучли портлашдан кейин шаҳардаги турар-жой фондига етказилган зарарнинг дастлабки баҳоланиши бўйича маълумотларни эълон қилди. Уларга кўра, Ливан пойтахтидаги портлаш 3972 бинонинг буткул ёки қисман вайрон бўлишига ҳамда 4214 автомобилга зарар етишига олиб келган. 

Фото: AFP

Ҳуқуқ-тартибот идоралари шикастланган бинолар жойлашган ҳудудларда мародёрлик билан шуғулланган 40 киши қўлга олингач, бу ҳудудларга жандармериянинг қўшимча кучларини жўнатган

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Шарқий Ўрта ер денгизи минтақаси директори Ричард Бреннан маълумотларига кўра, Байрутда 50 фоиздан кўпроқ шифохона ва тиббий марказлар яроқсиз ҳолга келган. Байрут мэриясидаги инқироз штаби аъзоси Хода Кустанинг маълум қилишича, учта йирик госпиталга энг кўп талафот етган. Энг жиддий талафотлар Байрутнинг насроний қисмидаги Жумайзи ва Мар-Микаэл даҳаларида қайд қилинган. Айни вақтда айнан шу ҳудудларда вайроналарни тозалаш билан шуғулланаётган кўнгиллиларнинг асосий кучлари мужассамлашган.

4 августда юз берган портлашдан шаҳарга етган зарар 15 млрд доллардан кўпроққа баҳоланмоқда. Бундай маълумотларни мамлакат президенти Мишель Аун Испания қироли Филипп VI билан суҳбатда келтириб ўтган.

Испания қироли суҳбат вақтида фожиа юзасидан Ливан халқига ҳамдардлик билдирган ҳамда ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилган.

Айни вақтда суғурта компаниялари портлашдан зарарни 3 млрд долларга баҳоламоқда. Аввалроқ Байрут Губернатори Марон Аббуд шаҳарни тиклаш учун 12-15 млрд доллар талаб этилишини айтган. 

Байрутдаги портлашга портдаги таъмирлаш ишлари вақтида у ердаги омборлардан бирида сақланган 2,7 минг тоннадан кўпроқ аммиак селитрасига ўт кетиши олиб келган. Охирги маълумотларга кўра, портлаш оқибатида 171 киши ҳалок бўлган, 6 мингга яқин киши яраланган, ўнлаб кишилар бедарак йўқолган. 

Мавзуга оид