Ўзбекистон | 14:38 / 15.08.2020
134261
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда карантин яна жорий қилиниши мумкинми? Штаб аъзоси жавоб берди

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова Ўзбекистонда карантин яна жорий қилиниши мумкинми, деган саволга жавоб берди.

«10 июлдан бошлаб жорий қилинган қатъий карантин республикада коронавирус тарқалишини нисбатан жиловлаш имконини берди. 15 августдан бошлаб мамлакатда карантин чекловлари енгиллаштирилди. Бу иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда барқарор фаолиятни таъминлаш, шунингдек, аҳоли турмуш шароитларини енгиллатиш учун зарур эди. Карантин чекловларини енгиллатиш у бекор қилинганини англатмайди.

Шу кунларда Республика махсус комиссияси юқорида таъкидланган қоидаларга риоя қилмаслик касаллик сонининг такрор ошишига олиб келиши мумкинлигини маълум қилди. Бу эса ўз навбатида қатъий карантин чекловларини қайта жорий этишга сабаб бўлиши мумкин», деди у АОКА штабидаги брифингда.

Штаб аъзоси вирусдан ҳимояланиш учун риоя қилиш зарур бўлган чораларни эслатиб ўтди.

«Коронавирус инфекцияси эпидемиясининг олдини олиш мақсадида республика махсус комиссияси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларни индивидуал ҳимоя чораларига қатъий риоя қилишда давом этишга чақиради. Хусусан, жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофа сақлаш, қўлларни мунтазам ювиш ва антисептик воситалардан фойдаланиш талаб этилади», дея Абдусаматованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид