Ўзбекистон | 15:29 / 17.08.2020
27464
3 дақиқада ўқилади

Депутат: «Compliance тизими бўлганда, авто саноат ҳозирги ҳолатга дуч келмасди»

Шу йилнинг 29 июль куни Монополияга қарши курашиш қўмитасига «Ўзавтомоторс» АЖнинг автомашиналар нархи юзасидан депутатлик сўрови юборилган. Сўровга жавобан, агентлик томонидан иш қўзғатилгани ва компания фаолияти ўрганиб чиқилаётгани маълум қилинди. Сўров муаллифлари «ЎзЛиДеп» фракцияси аъзолари Нодир Жумаев, Расул Кушербаев ҳамда Дониёр Ғаниев депутатларнинг мақсади ва компания фаолияти хусусида фикр-мулоҳазаларини Kun.uz'га билдиришди.

Депутат, иқтисод фанлари доктори Нодир Жумаевнинг таъкидлашича, авто саноат тармоғида compliance тизими жорий этилганда, нархлар бўйича ҳозирги вазият юзага келмасди.

«Биз монополияга қарши кураш эмас, демоқчимасман. Лекин бизнинг мақсад табиий монополия ишласин, аммо у ҳам нархни белгилашда рақобат механизми, талаб ва таклиф асосида, қиймат қонуни асосида, пул муомаласи қонунини инобатга олиши керак.

Давлат раҳбаримиз ҳам ушбу тизимни жорий этиш вақти келганини айтди. Мамлакатимиз халқаро бирор иқтисодий ташкилотга аъзо бўлиш масаласини кўрганда, у ЕОИИ бўладими, ЖСТми, умуман бошқа йўналишдаги ташкилотми, эртага талаблар бир хил бўлиб, рақобатни кўтара олмай қоламиз. Негаки, трансмиллий корпорациялар нарх сиёсатини бир хил юритиши лозим. Чегаралар очилганда, бунга мажбур бўламиз.

Compliance нима ўзи? Инглизча у «мувофиқлик, мувофиқ келиш» маъносини англатади. Демак, рақобат муҳитини соғломлаштириш, рискларни камайтириш, юзага келиши мумкин бўлган хатарларни олдини олиш учун ўрнатилган тартибга риоя этиб ишлаш керак, ҳаракатлар шунга мувофиқ келиши керак», — дейди Жумаев.

Депутатлар суҳбат давомида UzAutoMotors томонидан йиллар давомида истеъмолчилар ҳуқуқлари, Ўзбекистон қонунлари талаблари бузиб келинаётганини танқид қилишди.

Депутат Дониёр Ғаниевга кўра, сўров натижасида, агар Монополияга қарши курашиш қўмита ўрганишлари кутилган таҳлилларни тасдиқласа, яъни «Ўзавтомоторс» томонидан нархлаш сиёсати асоссиз амалга оширилаётган, истеъмолчиларни ҳуқуқларини бузилиши қўпол тарзда акс этаётган бўлса, тегишли тарзда қўмита хулосасини тақдим этган ҳолда уларга нисбатан чора кўрилиши керак.

Мавзуга оид