Жаҳон | 12:00 / 20.08.2020
14607
2 дақиқада ўқилади

NASA Ер устида ҳосил бўлган улкан магнит аномалияси ҳақида маълум қилди 

АҚШнинг NASA коинот агентлиги мутахассислари Жанубий Америка ва Атлантиканинг жанубий қисмида кузатилаётган Жануби-Атлантика аномалияси деб аталувчи ғайритабиий ҳодиса ҳақида маълум қилишди. 

Фото: NASA / Reuters

Гап сайёрамиз магнит майдони кучсиз бўлган ҳудуд ҳақида бориб, у юқорида тилга олинган ҳудудлар устида тобора кенгайиб бормоқда.

“Ернинг магнит майдони сайёрамиз атрофидаги қалқон вазифасини бажариб, зарядланган қуёш зарраларини қайтаради ва ушлаб қолади. Бироқ Жанубий Америка ва Атлантика океанининг жанубий қисмида Жануби-Атлантика аномалияси ёки SAA деб аталувчи ғайритабиий кучсиз магнит майдони мавжуд”, дейилган NASA’да.

Магнит майдонида ҳосил бўлган ушбу улкан аномалия “туйнук” каби бўлиб, сайёрамизга қуёш зарраларини ўтказиб юборади. Бунинг натижасида эса компьютерлар ишдан чиқади, сунъий йўлдошлардан маълумотлар олишда муаммоларлар пайдо бўлади. Айнан шу сабабларга кўра олимлар ушбу аномалия ортидан кузатув олиб боришмоқда ва уни ўрганишмоқда.

Ҳозирча SAA одамларнинг кундалик турмуш тарзига сезиларли таъсир кўрсатмаяпти. Бироқ яқинда олиб борилган кузатувлар ва прогнозлар аномалия ғарб томон кенгаяётгани ва ушбу ҳудудда магнит майдони кучсизланиб бораётганини кўрсатмоқда. Шунингдек, аномалия икки қисмга бўлинаётгани таъкидланмоқда, бу ҳам сунъий йўлдошлар учун қўшимча муаммолар юзага келтиради.

Олимларнинг фикрича, бундай аномалия Ер ўқи қиялиги ва сайёранинг ташқи ядроси ичида суюқ ҳолдаги металлар ҳаракатланиши оқибатида юзага келган.

Мавзуга оид