Иқтисодиёт | 08:28 / 21.08.2020
9176
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ОТБдан яна 200 млн доллар олишни режалаштиряпти

Электр энергетика соҳасида ислоҳотларни амалга ошириш, жумладан электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этишни таъминлаш режалаштирилмоқда.

Фото: Bloomberg

Вазирлар Маҳкамасининг “Электр энергетика соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси бюджетини қўллаб-қувватлаш учун Осиё тараққиёт банкининг 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредитини жалб қилиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 27 апрелдаги 260-сон қарорига мувофиқ электр энергетика соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси бюджетини қўллаб-қувватлаш учун Осиё тараққиёт банкининг (ОТБ) 200 млн АҚШ доллари миқдорида (Policy Based Loan) кредитини жалб этиш белгиланган;

2020 йил 28 июлда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Энергетика вазирлиги ва Осиё тараққиёт банки ўртасида “Энергия иқлими” давлат мақсадли кредитини 200 миллион АҚШ доллари миқдорида Ўзбекистон Республикасига жалб қилиш бўйича англашув меморандуми имзоланган;

2020 йил 14 августда Ўзбекистон Республикаси ва ОТБ ўртасида кредит шартномаси музокаралари ўтказилганлиги, шунингдек, 2020 йил 28 сентябрда ОТБ Директорлар кенгаши томонидан электр энергетика соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси бюджетини қўллаб-қувватлаш учун 3 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда 15 йил муддатда қайтариш шарти билан 200 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит (Policy Based Loan) ажратилиши кўриб чиқилиши маълумот учун қабул қилинади.

Белгилаб қўйилишича:

ОТБ кредити Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети харажатларини ҳамда қисман “Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” лойиҳасини молиялаштириш учун ажратилади;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги лойиҳанинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш, ОТБ томонидан ажратилган кредитдан мақсадли ҳамда самарали фойдаланилиши юзасидан ижро этувчи орган ҳисобланади;

ОТБ асосий кредитини сўндириш, шунингдек улар бўйича фоизлар, мажбурият учун тўловларни тўлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги электр энергетикаси соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда бюджетни қўллаб-қувватлаш (Polcy Based Loan) учун ОТБ томонидан ажратилган кредит ҳисобидан “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятига лойиҳани молиялаштиришга 82 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни, ўн беш йил муддатга уч йиллик имтиёзли даври билан олти ойлик ЛИБОР+1,25 фоиз (бунда 0,75 фоиз Молия вазирлиги устамаси) тўлаш шарти билан кредит ажратади.

“Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти лойиҳанинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш, Молия вазирлиги томонидан ажратилган кредитдан мақсадли ҳамда самарали фойдаланилиши юзасидан масъул орган этиб белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси молия вазирига электр энергетика соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси бюджетини қўллаб-қувватлаш учун ОТБнинг 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги (Policy Based Loan) кредитини жалб этиш учун Ўзбекистон Республикаси ва ОТБ ўртасида қарз битимини Ўзбекистон Республикаси номидан имзолаш ваколати берилади.

Мавзуга оид