Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Очилбой Раматовга парламент сўрови юборилади
Бош вазир биринчи ўринбосарига “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналарини белгилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати тўғрисида”ги Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида қарор қабул қилинди.
Қишлоқ хўжалиги соҳаси, шунингдек бошқа сув истеъмолчиларининг эҳтиёжларини таъминлашда сув объектлари, хусусан, дарёлар, кўллар, сув омборлари, каналлар, коллекторлар ҳамда бошқа сув объектлари захираларидан тежамли фойдаланиш ўта муҳим аҳамиятга эга. Қонунчилик палатасининг 21 август куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида депутатлар ушбу масалани кўтариб чиқишди.
Парламент сайтида ёзилишича, халқ вакиллари томонидан ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллар мазкур соҳада муайян ишлар олиб борилаётганига қарамай, сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналарини белгилаш, мазкур ҳудудларда назоратни ташкил қилиш борасидаги ишлар етарли даражада ташкил этилмаганлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, Сурхондарё вилоятидаги 3 та дарё — Тўполанг, Сангардак ва Шеробод дарёлари ва Учқизил сув омборининг, Жиззах вилоятидаги “Зоминсув”, “Нураксой” ва “Хўжамушкентсой” сойларининг, Бухоро вилоятидаги 9 та кўлнинг, Наманган вилоятидаги 14 та кичик дарё ва бошқа сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари тўлиқ белгиланмаган. Бундай ҳолатни бошқа ҳудудлардаги сув объектлари мисолида ҳам кўриш мумкин.
Депутатларнинг қайд этишича, сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари (аниқ чегаралар) белгиланмагани уларни самарали назорат қилиш имкониятини чекламоқда. Шу билан бирга, уларга туташ ер майдонларининг ўзбошимчалик билан эгалланишига, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан сувни муҳофаза қилиш зоналари ҳудудидаги ер майдонларини бошқа мақсадлар учун ажратиш тўғрисида ноқонуний қарорлар қабул қилинишига ва низолар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.
Биргина 2020 йилнинг олти ойи давомида тегишли органлар томонидан сувни муҳофаза қилиш, қирғоқбўйи ҳудудларида ўтказилган рейдлар ва мониторинг натижаларига кўра, бу борада республика бўйича жами 950 та қонунбузарлик ҳолати содир этилгани аниқланган.
Дарё ўзанларини тозалаш, қум-шағал қазиб олиш ва уларни қайта ишлаш билан шуғулланувчи 504 та корхона фаолияти ўрганилганда, уларнинг 170 тасида оқовани сув ҳавзасига рухсатсиз оқизиш, сувни муҳофаза қилиш зоналарида ноқонуний қум-шағал қазиб олиш, чиқиндилар жойлаштириш билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, мажлисда Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматовга “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналарини белгилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати тўғрисида”ги Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида қарор қабул қилинди.
Мавзуга оид
20:43 / 11.05.2025
Олимлар Марс қаърида улкан кўл борлигини аниқлади
17:26 / 29.04.2025
Туркманистон президенти Очилбой Раматов билан учрашди
12:15 / 28.04.2025
Фарғонада 1 майдан ичимлик ва оқова сув хизматлари нархи ошади
21:21 / 05.04.2025