Ўзбекистон | 16:06 / 24.08.2020
16302
9 дақиқада ўқилади

Андижондаги коронавирус билан боғлиқ вазиятни қониқарли дейиш мумкин – эксперт

Kun.uz сайтининг навбатдаги меҳмони Андижон давлат тиббиёт институти даволаш (амалиёт) ишлари бўйича проректори Баҳромжон Мирзакаримов бўлди. Шифокор билан вилоятда коронавирус билан курашиш жараёни ҳақида суҳбатлашдик.

– Баҳромжон Ҳалимжонович, айни пайтда Андижон вилоятида вазият қандай? “Юқори чўққи”(пик)дан ўтилдими ёки ҳали ҳам вазият оғирлашишда давом этмоқдами?

– Коронавирус пандемияси дунё ҳамжамияти бирдам курашаётган кўринмас ёв бўлиб, Ўзбекистонда ҳам унга қарши самарали курашиб келинмоқда. Давлатимизда олиб борилаётган самарали ишлар сабаб бугунги кунда юртимиз ва хусусан Андижон вилоятидаги ҳолатни қониқарли деб ҳисобласак бўлади, Ҳозирда вилоятимизда ушбу касалликни даволаш кўрсаткичи 97 фоизни ташкил этмоқда. Бу хулосага келишимизга албатта бир неча омилларни сабаб қилиб келтиришимиз мумкин. Булардан энг асосийси, касалликка қарши вилоятимизда нафақат соғлиқни сақлаш тизими ходимлари, балки бутун давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамжиҳатликда курашишмоқда.

– Пандемия шароитида институтда кадрлар тайёрлаш жараёни қандай кечгани ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари Соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳамда Андижон давлат тиббиёт институти билан биргаликда 2020 йил март ойидан бошлаб коронавирус инфекцияси профилактикаси, ташхис қўйиш ва даволаш бўйича жами 9651 нафар тиббиёт ходимлари қисқа муддатли курсларда онлайн усулда ўқитилди. Шундан 3627 нафарини шифокорлар, 3799 нафарини ўрта тиббиёт ходимлари, 1426 нафарини кичик тиббий ходимлар, 95 нафарини магистратура талабалари, 269 нафарини клиник ординаторлар, 435 нафарини битирувчилар ташкил қилади.

Андижон давлат тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари томонидан 2020 йил 27 июлдан “пульмонология” мутахассислиги бўйича онлайн усулдаги қисқа муддатли курсларда 252 нафар Андижон вилояти ДПМлари шифокорлари ва 22 нафар Наманган вилояти Даволаш профилактика муассасалари (ДПМ) шифокорлари, жами 274 нафар шифокор ўқитилди. Бундан ташқари, Андижон давлат тиббиёт институтининг 69 нафар профессор-ўқитувчилари ва 129 нафар тиббиёт коллежлари ўқитувчилари ҳам шу йўналишда малака оширдилар. Шунингдек, Андижон вилояти ДПМлари шифокорларидан 200 нафарга яқини “инфекционист” мутахассислиги бўйича ўқитилмоқда.

– Умуман, Андижон мисолида айтинг-чи, вилоятда таъминот, шароит қай даражада?  

– Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан вилоятда коронавирус касаллигини даволашга мослаштирилган шифохоналардаги 2590та ўрин марказлашган ҳолда кислород концентраторлари билан таъминлаб берилди. Шифохоналарда даволанаётган беморлар жаҳон стандарти ва миллий даволаш стандартларимизга киритилган барча дори-дармон, 5 маҳал озиқ-овқат билан таъминланди, беморлар учун барча зарурий эҳтиёжлари бепул етказиб берилмоқда. Вилоятда маҳаллий бюджет ҳисобидан беморларни даволаш учун 9 млрд сўм қийматдаги уч ойлик дори-дармон захираси, 10 минг дона тест тайёрлаб қўйилган. Бирламчи бўғин ДПМларида ташкил этилган COVID поликлиникаларининг барчаси кислород концентраторлари ва пульсоксиметр билан таъминланган, шунингдек жойларда ташкил этилган мобил бригадалар фаолияти узлуксизлигини ташкил этиш мақсадида автомобиль ва телефонлар берилган.    

– Вилоятнинг қайси шифохоналари бу касалликка қарши курашга мослаштирилди ва улардаги ўринлар сони қанақа?

– Андижон вилоятида коронавирус инфекциясига чалинганларни даволаш учун 8 та давлат муассасаси шай ҳолатга келтирилган. Ушбу шифохоналардан учтасида - вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 200 ўрин, Андижон шаҳар марказий шифохонасида 170 ўрин, Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида 220 ўрин мавжуд, коронавирус касаллиги билан оғриган беморлар шу жойларда даволаниб келинмоқда. Қолган бешта шифохона - Кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази АФ 80 ўрин (80 та кислородли), Наркология шифохонаси 100 ўрин, "ЎзбекТемирйўл"АЖ шифохонаси 100 ўрин, АДТИ клиникаси 700 ўрин (420 та кислородли), Вилоят тери-таносил касалликлар диспансери 160 ўрин (160 та кислородли) захира ўринлар сифатида тайёр ҳолатга келтирилган, улар ўз йўналишлари бўйича фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, давлат хусусий шерикчилигидаги 10 та ДПМда жами 860 ўрин тайёрланган. Вилоят бўйича коронавирус касаллигини даволашга мўлжалланган тиббиёт муассасаларида 2590та ўрин ташкил этилган.

– Андижон вилоятида коронавирус касаллиги тўғрисида тушунча бериш, касалликнинг олдини олиш бўйича институт профессор-ўқитувчилари томонидан қандай ишлар олиб борилмоқда? COVID-19'га қарши курашиш учун институтнинг юқори курс талабаларини бу жараёнга жалб қилиш масаласи кўрилмаяптими?

– Вилоят ҳокими ташаббуси билан коронавирус касаллиги тарқалишининг олдини олиш бўйича Андижон шаҳар “Ёшлар маркази”да ташкил этилган вилоят штаби фаолиятида 3 нафар декан ўринбосари, 3 нафар бошланғич ташкилот фаоли фаолият олиб бормоқда. Вилоятдаги 186та тиббиёт муассасасига АДТИнинг 251 нафар юқори курс талабалари бириктирилиб, ДПМлардаги кунлик ҳолат бўйича маълумотларни марказий штабга етказиб, касаллик тарқалиши ва олдини олишда фаол иштирок этиб келишмоқда. Шунингдек Республика махсус комиссияси томонидан 2020 йил 16 март кунидан эълон қилинган карантин муносабати билан эҳтиёжманд оилаларга кўмак бериш мақсадида Андижон вилояти “Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бошқармаси ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази”да ташкил этилган “Хайрия марказида” институтнинг 10 нафар фаол кўнгилли талабалари иштирок этиб, 1197 қисқа рақамидан тушган 10 мингдан ортиқ аҳоли мурожаатига жавоб беришди ва мурожаат бўйича 100 дан ортиқ хонадонларга керакли ёрдамларни етказишда иштирок этишди.

Институтнинг кўнгилли ёшларидан ташкил топган 30 нафар волонтёр Андижон вилоятининг 17 та шаҳар ва туманларида соғлом турмуш тарзи ва карантин қоидалари бўйича тарғибот ишлари олиб боришмоқда.

Аҳолига соғлом турмуш тарзи, соғлом овқатланиш, коронавирус касаллигини олдини олиш, карантин қоидалари, шахсий гигиена тарғиботи бўйича институтнинг етакчи профессор-ўқитувчилари томонидан Андижон вилоят телевидениесининг “Саломат бўлинг” кўрсатуви орқали 91 марта чиқишлар қилинган ва бу давом эттирилмоқда. Шунингдек институтнинг 124 нафар профессор-ўқитувчилари вилоят бўйича коронавирус касаллигини даволаш жараёнида иштирок этишмоқда. Масъуллар томонидан COVID-19 билан касалланган беморларни даволаш бўйича вақтинчалик кўрсатма (олтинчи версия)дан 15000 дона, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 5 августдаги 201-сонли буйруғининг иловасидан (4-илова) 3000 нусха чиқариб, МФЙ фаоллари билан биргаликда аҳоли ўртасида тарғибот ва тиббиёт ходимларига семинарлар ўтиб келинмоқда. Шунингдек, COVID-19 билан оғриган беморларга жойида амбулатор даволаниш учун туман бирламчи тизим ДПМларида ташкил этилган бокслар ҳолати, мобил бригадалар фаолияти, уларнинг ШХВ ва дори-дармон билан таъминланиш ҳолати ўрганиб чиқилиб мутасаддиларга керакли тавсиялар ва кўникмалар бериб келишмоқда.

Касалликка қарши курашишнинг асосий омили албатта карантин қоидаларига амал қилиш ҳисобланади. Бу борада институтимизнинг 134 нафар ходими  томонидан вилоятимиздаги барча муассасаларда карантин қоидаларига амал қилиниш ҳолатлари назорат этилиб, керакли тавсия ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича чоралар кўриб келишмоқда.

Институтимизнинг 40 нафар олимларидан иборат “Онлайн поликлиника” касаллик бошланган кунларидан ташкил этилиб, ҳар куни 350-400дан ортиқ фуқаролар мурожаатларига жавоблар ва маслаҳатлар бериб келинмоқда.

Етакчи профессор-ўқитувчиларимиз Андижон вилоятида касалликни даволаш учун ташкил этилган вилоят юқумли касалликлар шифохонаси, Андижон шаҳар шифохонаси, Андижон давлат университети чет тиллар факультети ётоқхонасида ташкил этилган даволаш ва саралаш марказида 18 нафар, Тошкент шаҳрида ташкил этилган даволаш муассасаларида 12 нафар, Фарғона ва Наманган вилоят юқумли касалликлар шифохоналарида 4 нафар ходимлар касалликни даволашда бевосита иштирок этишди. Булардан ташқари, Андижон ва Наманган вилояти юқумли касалликлар шифохоналарида даволанаётган беморларга кўрсатилаётган даволаш хизматини ошириш ва муаммоли ҳолатлар муҳокамаси бўйича онлайн консилиумлар ўтказиб келинмоқда. 

– Вилоят ўлим ва оғир касалликлар кўрсаткичлари бўйича қандай ўринларда?

– Коронавирус инфекцияси республикамизга кириб келганидан буён вилоятда касалланганлар сони 1163 нафарни, соғайганлар эса 1125 нафарни ташкил этмоқда, даволаниш кўрсаткичи 97 фоизни бўлиб, бу республикамиздаги кўрсаткичларнинг энг юқориси ҳисобланади. Шу кунгача вилоятимизда коронавирус касаллиги сабабли вафот этган беморлар сони 2 нафар, бу беморларда коронавирус касаллиги билан бирга ҳамроҳ сурункали хасталиклари ҳам бўлган.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид