Ўзбекистон | 22:41 / 25.08.2020
14692
2 дақиқада ўқилади

Мактабларга киришда дезинфекцион йўлак қўйилмайди – вазир

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мактабларнинг кириш жойларида дезинфекцион йўлаклар қўйилмаслигини маълум қилди.

«Пандемия бошланган дастлабки даврда барча жойларда дезинфекцион восита сепувчи махсус йўлаклар қўйиб ташланди. Баъзи ҳокимиятлар томонидан мактабларнинг кириш жойларига ҳам шу турдаги йўлаклар ўрнатилган эди.

Аммо ҳозир буларнинг барчаси олиб ташланди. Мактабнинг олдида ҳеч қандай дезинфекцион йўлак бўлиши керак эмас. Мактаб директорлари ҳам, ҳокимликлар ҳам бу йўлакларни ўрнатиши, уларга харажат қилиши мутлақо керак эмас», деди вазир АОКАдаги матбуот анжуманида.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директор ўринбосари Баҳром Алматов мактабларнинг хлорли воситалар билан тозаланиши ўқувчилар саломатлигига салбий таъсир кўрсатмаслигини қайд этиб ўтди.

«Хлорли дезинфекцияловчи воситалар яхши самара бергани, ишлатишга қулайлиги боис жамоат жойларини зарарсизлантиришда ишлатиб келинмоқда.

Хлор билан очиқ юзаларни зарарсизлантиришда 0,3 фоиз концентрациядаги эритма қўлланади. Бундай фоизли эритма салбий таъсир кўрсатмайди, 20 дақиқадан кейин хонада ҳиди ҳам қолмайди. Заҳарланишга олиб келадиган даражадаги хлорли бирикмалар қўлланмайди», дея Алматовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид