Спорт | 10:35 / 26.08.2020
53681
19 дақиқада ўқилади

Роналдиньо фожиаси: Юлдузликдан Парагвай қамоқхонасигача

Парагвайда бир ой қамоқда, тўрт ой давомида эса ҳашаматли меҳмонхонада – уй қамоғида ушлаб турилган бразилиялик собиқ футболчи Роналдиньо қўйиб юборилди.

Фото: REUTERS/Jorge Adorno

Шу йилнинг март ойида Парагвайга киришда Роналдиньо ва унинг акаси Роберто Ассис қалбаки паспорт туфайли ҳибсга олинганди. Роналдиньо Парагвайга китобларни тарғиб қилиш ва кам таъминланган болаларга ёрдам бериш кампаниясида иштирок этиш учун борганди.

Ака-ука 32 кун давомида пойтахт Асуньсон атрофидаги қаттиқ қўриқланадиган қамоқхонада ушлаб турилган, кейин эса 1,6 миллион доллар миқдоридаги гаров эвазига ҳашаматли Палмарога меҳмонхонасига ўтишган.

Роналдиньо ва унинг акаси паспортлар сохталигини билмаганликларини ва уни маҳаллий ҳомийдан олишганини айтишди.

Прокурорлар билан олиб борилган музокаралар натижаси ўлароқ, эндиликда улар 200 минг доллар миқдорида жарима тўлагач, Бразилияга қайтишлари мумкин.

Футбол афсунгари

Бразилиялик бу футболчи 2000-йилларда гўё YouTube видеолари учун яратилгандай таассурот уйғотувчи ажойиб услуби билан футбол оламини забт этди. Кейинги 10 йилликда эса у аксар футболчилар бутун фаолияти давомида эришганидан кўра кўпроқ нарсани қўлга киритди ва бой берди.

2011 йилда 30 ёшида «Милан»дан кетгач, 2013 йилда «Атлетико Минейро» билан бирга Либертадорес кубогини қўлга киритади. Араб реалити-шоулари ва рус супермаркетларидаги реклама роликларида қатнашди, Жан-Клод ван Дамм билан бирга Ҳолливуд фильмида суратга тушишга ҳам улгурди.

Озодликдан маҳрум бўлган Роналдиньо бу йил 40 ёшини Парагвай қамоқхонасида кутиб олди.

2011 йил январида Миланни тарк этиб, ўз мамлакатига қайтишга қарор қилганида, «Милан»нинг ўша вақтдаги бош мураббийи Массимилиано Аллегри бу қарорни «ҳаёт танлови» дея изоҳлаганди.

Бошқача айтганда, булар «футболга боғлиқ бўлмаган сабаблар» эди. Икки йил давомида Париж Сен-Жерменда бўлгани каби, тунги ҳаётнинг сармаст кўчаларига бошлаган йўл уни клубга элтувчи йўллардан айро қилди. Бу пайт унинг иштиёқ олови сўна бошлаган, атрофидагиларнинг сабр-тоқати ҳам тамом бўлганди.

Ривалдо: У аллақачон ўз ҳикоямни ёзиб бўлдим, деб ўйлади
Унинг мамлакатга қайтиш қарори 2002 йилда у билан бирга жаҳон чемпиони бўлган Ривалдони ҳам ҳайрон қолдирганди.

«Европада яна бироз давом этиши мумкин эди. Бироқ бу шахсий қарор эди. Бу ерда аллақачон у ўз ҳикоясини ёзиб бўлганини сезди, шунинг учун ҳам оиласи бағрига қайтишни, дўстларига яқин бўлишни ва футболни тарк этишни хоҳлади», дейди Ривалдо у ҳақда.

Худди футболдаги каби Роналдиньо ҳаётда ҳам камералардан узоқ турмади. Аммо кейин дуч келган вазият аввалги ҳамма нарсадан кўра жиддийроқ.

Оилани қашшоқликдан қутқарган жамоа: «Гремио»
тўлиқ исми Роналдо де Ассис Морейра бўлган Роналдиньо Бразилия жанубидаги Порто Алегре шаҳридаги камбағал маҳалла – Вила-Новада улғайган. Унинг онаси Мигелина уйма-уй юриб косметика маҳсулотлари сотар, отаси Жоао эса кечаси Гремиодаги автотураргоҳда ишларди. Акаси Роберто Ассис 17 ёшида профессионал шартнома имзолаганида клуб оилани ҳашаматли бир вилла билан таъминлаган (Худди шу вилла унинг ҳаётини шакллантирган, уни ака-ука ва опа-сингиллари билан яқинлаштирадиган фожиа учун замин ҳозирлаган эди). Футбол, ​​айниқса, «Гремио» клуби оилани қашшоқликдан қутқариб қолди.

2015 йилда FourFourTwo журнали ундан «Кумиринг ким?» деб сўраганда «Акам Ассис, Ривелино, Ромарио, Роналду, Ривалдо ва Диего Марадона», деб жавоб берганди.

Роналдиньо 8 ёшдалигида ҳовузда сузаётганда отасининг юраги безовта қилади. 2 кундан кейин эса у вафот этади. Роналдиньога бу нохуш хабарни акаси Ассис берди. Чунки энди у оилада отанинг ролини ўз зиммасига олганди.

Кейинчалик Роналдиньонинг менежерига айланган Ассис ўз укаси шаънига мақтовлар ёғдиришда сира ҳам хасислик қилмасди ва укасининг ўзидан ҳам истеъдодлироқ эканини эътироф этишдан чарчамасди. 13 ёшли Роналдиньо бир гал мактабдаги ўйинда рақиб дарвозасига 23 марта гол урганда эса унинг севинчдан боши осмонга етади. 

Роналдиньо 4 йил ичида Бразилиянинг 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиқишида катта рол ўйнади. 19 ёшида эса чемпионат финалида «Гремио»нинг рақиб жамоа – «Интернационал» устидан ғалаба қозонишида ўз фаолиятидаги энг яхши ўйинларидан бирини кўрсатди.

Айни шу ўйиндан кейин берган интервьюсида у шундай деганди: «Мен «Гремио»ни жуда яхши кўраман. Мен у учун бепул ҳам ўйнашим мумкин. Энг асосийси, жамоа либосига бўлган севгидир». 

Европа сари илк қадам: Париж
21 ёшга тўлгунга қадар у ўз мамлакатининг энг яхши лигасида мавсумни Ромариодан кейинги иккинчи тўпурар сифатида якунлади ва Англиянинг «Лидс Юнайтед» клубидан 40 миллион фунт стерлинглик таклиф олди. Аммо клуб энг яхши футболчисини сотмаслигини айтиб, бу таклифни рад этди.

Роналдиньонинг «Гремио» билан шартномаси якунлангач, 2001 йил февраль ойида Ассис воситачилигида «Париж Сен-Жермен» билан дастлабки шартнома имзоланди. Ушбу трансфер «Гремио» мухлисларини ғазабга келтирди.

Bruxo (Сеҳргар) номи билан танилган ёш юлдуз бутун дунё бўйлаб футбол мухлисларини ҳайратга сола бошлаганди. 2002 йилда у Бразилиянинг жаҳон чемпионатида ғолиб чиқишида муҳим рол ўйнади.

Бир йил ўтгач, у Париждан «Барселона»га ўтди. Энди бу юлдуз бутун Европа футболи осмонида чарақлаётганди. У Лионель Мессига «ақл берувчи ака» мақомида 5 йил давомида Каталония клубида тўп суриб, клуб билан Чемпионлар Лигасини кубогини ва 2 марта Испания чемпионлигини қўлга киритди.

Уйга қайтиш қарори: «Ахлоқинг бўлмаса, қадринг ҳам бўлмайди»

2011 йилда Роналдиньо Миланда икки ярим мавсумни ўтказгач, Бразилияга қайтиб келганида мухлислар уни афв этмаган бўлса-да, «Гремио» маъмурияти уни кечирди. Олдин юз берган барча нарсаларнинг ўрнини тўлдириш учун ҳам у қайтиб келганди. Ёки ҳеч бўлмаганда шундай таассурот қолдириши лозим эди.

Роналдиньо «Милан»дан кетишини айтганда у болаликдаги клуби – «Гремио»га қайтиш ҳақида кўп гапирарди. Шу сабабли клуб президенти Пауло Одоне футболчининг акаси билан келишув тузди.

«Гремио» стадионида ҳарбий вертолёт билан кутиб олиш маросими ҳам ташкил қилинди. Аммо Роналдиньо бу маросимида кўриниш бермади.

Одоне Роналдиньонинг рақиб жамоа «Фламенго»га трансфер қилинганидан хабар топгач, Ассисни ўз ваъдасида турмаганликда айблади. «Ассис етти хил шартномани столга қўйганди. Шунақа ҳам савдо бўладими, ҳайронман. Биз жуда сабрли эдик, аммо тоқатнинг ҳам чегараси бор», деб йиғлаб юборганди у.

Одоне йиғлаётган пайт эса Роналдиньо «Фламенго» мухлисларига ўзининг сўнгги рақси ҳали ижро этилмаганини, Риога ғалаба қозониш учун келганини таъкидлар эди: «Кўпчилик Бразилияга шунчаки карьерасини якунлаш учун қайтмоқда. Мен эса «Фламенго» номини иложи борича юксакроққа кўтаришни, иложи борича кўпроқ унвон қозонишни ва бу мухлисларнинг муҳаббатига жавоб қайтаришни истайман».

«Гремио» мухлислари Роналдиньонинг бу ишидан жуда ғазабланишди. Орадан 10 ой ўтгач, «Фламенго» Гремиога борганда уни тангалар ёмғири ва пичоқлар билан кутиб олишди.

Томошабинлар «Ахлоқинг бўлмаса, қадринг ҳам бўлмайди» деб ёзилган лавҳаларни силкитганча Роналдиньонинг устидан сохта пуллар сочишди.

2:4 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин Роналдиньо таҳдидкор муҳит ҳақида берилган саволга шундай жавоб берди: «Мен жанжаллашишни истамайдиган бир клуб бор, у ҳам бўлса «Гремио»дир. «Фламенго» мухлисларининг гавжумлигига одатланганлар учун бу таҳдидлар у қадар қўрқинчли шовқин эмас».

Мағлубият ғайритабиий эмас эди. Роналдиньо «Фламенго»дан кўра газета саҳифаларини кўпроқ безаётганди. У 2011 йилда таркибида ёш Неймар ҳам бўлган «Сантос» жамоасига қарши ўйинда жамоаси 0:3 ҳисобида ортда бораётган бир пайтда ҳет-трик қайд этган ва якунда жамоасининг 5:4 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган мазкур ўйиндаги қолган икки голга ҳам ассистентлик қилганди.

«Қуён тиш учун телефон тармоғи» ташкил этилган

Роналдиньонинг шароб қадаҳлари ва аёллар билан қуршалган тасвирлари кўпая бошлагач, мухлислар ҳатто клуб сардорини тунда ташқарида кўргудек бўлишса, бу ҳақда клубни огоҳлантириш учун телефон тармоғини ҳам ўрнатишган. «Фламенго» раҳбарларидан бири Хосе Карлос Перуано ўз интервьюларидан бирида «Қуён тиш телефон тармоғи»даги гап-сўзларнинг кўпи ҳазил бўлса-да, бу телефон кечалари овоз беришдан тинмаганини айтганди.

«Роналдиньо «Фламенго»нинг юзи эди. Аммо у беқарор эди. Унинг ҳаракатчан кеча ҳаёти бор эди ва жуда кўп спиртли ичимлик истеъмол қиларди. У футболчидан кўра кўпроқ кеча «маняги»га ўхшарди», дейди Перуано.

«Фламенго»даги муаммолар маошлар кечикишига сабаб бўлгач, Ассис укасининг шартномасини бекор қилади ва клубга қарши 14 миллион фунт стерлинглик даъво очади. Тўрт йиллик келишув бор-йўғи 16 ой давом этди ва Роналдиньо жамоани тарк этди.

Ушбу воқеадан тўрт кун ўтгач, мухлислар унинг ҳайкалини ёқиб юборишади. Интернетда «Атлетико Минейро»да машғулотлар ўтказаётган таниш юз намойиш этилади.

Роналдиньо вазият ўзгаришининг бир исботи ўлароқ 10-рақамли либосни онаси туғилган йил – 49 билан алмаштириб, «Атлетико Минейро» учун тер тўка бошлади.

У тантанали таништирув маросими ўтказилишини хоҳламайди. 2012 йил июнь ойида журналистларга берган интервьюсида шундай дейди: «Бу янги эпизод. Биз ҳамма нарсани ўзгартирмоқчимиз. Мен шу истак билан бу ерга келдим».

«Атлетико» бош мураббийи Кука Роналдиньонинг шартномасиз футболчи эканидан хабар топганида «Лион»нинг собиқ ярим ҳимоячиси Жуниньо Пернамбукано билан шартнома имзолаш ҳаракатида эди.

У 32 ёшли Роналдиньо вариантини маъқул кўриб, уни клубга қўшиб олади ва унга 10-рақам билан бирга клуб етакчилигини ҳам топширади.

Клуб 2011 йилда ҳавас қиларли ҳолатда эмасди. Роналдиньо биринчи мавсумнинг ўзидаёқ янги жамоасини иккинчи ўринга олиб чиқишга муваффақ бўлади. Унинг саъй-ҳаракатлари билан жамоа 13 йилдан кейин яна Либертадорес кубогида қатнашиш учун йўлланмаган эга бўлади, футболчининг ўзи лиганинг энг яхши футболчиси деб топилади.

Спорт шарҳловчиси Виктор Мартинснинг таъкидлашича, Роналдиньо ўша пайтда ҳам спиртли ичимликлар дарё бўлиб оқувчи кечаларда қатнашган, аммо унинг фикри-ёди бошқача эди.

Мартинс Роналдиньонинг «Атлетико»да юқори спорт формасини сақлаб қола олганининг иккита асосий сабабини келтиради.

«Биринчидан, Роналдиньо «Фламенго»ни ёмон шаклда тарк этди. У муаммонинг сабаби сифатида ўзини эмас, жамоани кўрсатди. Буни исботлаш истаги ўлароқ эса у ердан кетди. Иккинчидан, онаси саратон касаллигига чалинганида «Атлетико» мухлислари унга махсус плакатлар қўйиб, Роналдиньонинг таъсирланишига сабаб бўлишди. Роналдиньо бундан шу даражада мутаассир бўлдики, ҳатто кўз ёларини тия олмади. Бу қўллаб-қувватлов у учун жудаям муҳим эди ва у муваффақиятли бўлиш учун борини берди. Фақат чемпион бўлганларидагина кетишини айтди».

«Атлетико» билан Либертадорес севинчи

Ҳозирда «Эвертон» аъзоси бўлган Бернард ва «Манчестер Сити»нинг собиқ ҳужумчиси Жо билан бирга тўп сурган Роналдиньо «Атлетико» клуби тарихида биринчи марта Либертадорес финалига чиқди, тўртта гол урди ва яна етти голга ассистентлик қилди.

Жо 2016 йилда Бразилия телеканалига берган интервьюсида Роналдиньо билан бирга тўп суриш ҳақида фикр билдириб, шундай деганди: «Бу худди 3та ҳаракатда сизни мот қила оладиган киши билан шахмат ўйнашга ўхшайди».

Жо Либертадорес Кубогини тўпурар сифатида якунлади. «Атлетико» финалнинг биринчи ўйинида Парагвайнинг «Олимпия» клубига 0:2 ҳисобида ютқазади, жавоб ўйинининг охирги дақиқаларида иккинчи гол урилади (2:0) ва ўйин пеналтилар сериясигача олиб борилади.

Сўнгги пенальтини Роналдиньо аниқ ижро этади ва «Атлетико»нинг 4:3 ҳисобида ғалаба қозонишини таъминлаб, уйга кубок билан қайтади. Ушбу соврин 1971 йилда лига чемпионлигини сўнгги марта қўлга киритган жамоанинг энг катта ютуғи эди.

Ўйнаган 5та чемпионатининг тўрттасида кубокни кўтаришга муваффақ бўлган Ривалдо Роналдиньонинг Либертадоресни қўлга киритгани ҳақида шундай дейди: «Биз бу ҳақда ҳеч гаплашмагандик. Роналдиньога Либертадоресда омад кулиб боқди. Гарчи мен бу совринни ҳеч қачон қўлга киритмаган бўлсам ҳам, у учун жуда хурсандман. Бу унинг карьераси учун жуда муҳим эди».

2014 йилда Recopa Sudamericana’ни қўлга киритган Роналдиньо ўз миссиясини якунлаганини айтиб, клубдан рухсат сўрайди.

Мексикада уни янги саргузаштлар кутаётган эди.

Миландан сўнг шамол тескари эсди

Роналдиньо шамолнинг тескари эсиши Миландан кетган куниёқ бошланганини англаб турарди.

Мексика Лигасида «Керетаро» клуби либосида тўп сурувчи Патрисио Рубио Чили телеканалларидан бирига берган интервьюсида Роналдиньо ҳақида шундай дейди: «Ўйин тугаганидан кейин у ҳар жума куни Канкун ёки Плая дел Карменга кетарди. Сешанба куни эса қайтиб келарди ва у ҳеч қачон душанба машғулотларига қатнашмасди. У бир юлдуз эди».

Роналдиньонинг Мексика тажрибаси бор-йўғи 9 ой давом этди ва ўз фаолиятида илк бор кубок қўлга киритмаган ҳолда жамоани тарк этди.

Бразилиянинг «Флуминенсе» жамоасида ҳам у совринсиз қолади. 18 ойлик шартноманинг иккинчи ойида Роналдиньо клуб билан шартномасини бекор қилади.

Кейинчалик унинг акаси Ассис таклифлар борасида муаммо бўлмагани, аммо у энди бошқа ўйнамасликка қарор қилгани ҳақида гапиради.

Роналдиньо 3 йилдан сўнг – 2018 йил январь ойида 37 ёшида расман футболчилик фаолиятини якунлайди.

Марадона: Ўлгунча уни қўллаб-қувватлайман

Роналдиньо учун ҳали ҳам таклифлар бор. 40 ёшда эканига ва Парагвайда уй қамоғида бўлишига қарамай, июнь ойида Марадона мураббийлик қилган Аргентинанинг «Гимназия» клуби Роналдиньо билан боғланган. Футбол афсонаси Марадона Роналдиньони «У ўлгунча уни қўллаб-қувватлайман», деган.

Унинг футболчилик фаолиятини кузатиб борганлар учун Роналдиньонинг афсонавийлик мартабасидан қамоқхона томон аста-секин қулаб борганига гувоҳ бўлиш ғоят оғир кечгани аниқ. У майдонда доимо хурсандчиликни тарғиб қилар эди, шу сабабли ушбу аянчли финал воқеасини томоша қилиш эса янада ачинарли. Аммо ажабланарли эмас. Шундай бўлиши мумкинлиги ҳақида баъзи ишоралар мавжуд эди. Зотан, унинг қалам билан қилган қарорлари тўп билан қилган қарорларидек оқилона бўлмади.

Соса-Соlа компанияси билан тузган шартномаси 2011 йилда бир матбуот анжуманида Pepsi ичганидан сўнг бекор қилинган Роналдиньо 2016 йилги Паралимпия ўйинларига элчи этиб тайинлангандан сўнг, Ҳиндистон футзал лигасида атиги иккита ўйин ўтказди.

«Унинг битта-ю битта дарди бор. У ҳам бўлса, футбол ўйнаш»

Унинг сўнгги йилларда қабул қилган қарорлари вазиятни янада чигаллаштирди. 2018 йилда у ва Ассис атроф-муҳит муҳофазаси остига олинган ҳудудда рухсатсиз қурилиш қилгани учун 2,6 миллион доллар миқдорида жаримага тортилди.

Бироқ улар бу жаримани тўлашдан бош тортишади. Шунинг учун расмийлар 57та мол-мулкни ва ака-уканинг паспортларини мусодара қилади. Фақат молиявий келишувга эришилгандан кейингина ҳужжатлар қайтариб берилади. Кейинги йил эса Роналдиньонинг собиқ унаштирилган қизи унинг бойликларидан бир қисмини қўлга киритиш учун судга берди.

Март ойида ҳибсга олинишидан бир ой олдин, 18К Роналдиньо номи билан танилган молиявий пирамида схемаси учун унга қарши 50 миллион фунт стерлинг миқдорида даъво қўзғатилди. Футболчининг адвокатлари бу айбловларни рад этишади.

Кейин эса Парагвайда Ассиснинг ёнидан қалбаки паспорт чиққани учун ҳибсга олингани ҳақидаги хабар келади. 32 кун давомида пойтахт Асуньсон атрофидаги қаттиқ қўриқланадиган қамоқхонада ушлаб турилган ака-ука 1,6 миллион доллар гаров тўлади ва ҳашаматли меҳмонхонага ўтказилди. Пул ювиш билан боғлиқ тергов давомида улар уй қамоғида қолишди.

Роналдиньо Парагвайнинг АBC газетасига берган интервьюсида «Биз ҳужжатлар ноқонуний эканлигини билгач, ҳайрон бўлдик», деди ва келажакдаги режалари ҳақида «Мен имкон қадар профессионал бўлишга ва ўз футболим билан одамларни хурсанд қилишга ҳаракат қилдим. Умид қиламизки, бу вазиятдан имкон қадар тезроқ халос бўламиз», деб қўшимча қилди.

Роналдиньонинг қамоқдаги ҳаёти Парагвай футбол федерациясининг собиқ президенти билан суҳбатлашиш, соқчилар билан селфига тушиш ва гиёҳванд моддалар савдосида айбланган собиқ полиция ходими билан видео-интервью уюштиришдан иборат.

Маҳаллий нашрларда қамоқхонада бўлиб ўтган бир ўйинда 11:2 ҳисоби қайд этилиб, унда Роналдиньо бешта гол ургани, олтита голли узатма муаллифи бўлгани ва 16 килоли чўчқасини қўлга киритгани ҳақида ёзишди.

Қамоқхона камераси жакузи ва wi-fi билан таъминланган шоҳона хона билан алмаштирилгач, унинг ҳаёти янада изоляцияланди.

«Унинг битта-ю битта дарди бор. У ҳам бўлса, футбол ўйнаш. Биз унга футбол ўйнаши учун 15Х30 метрли бир хонани ажратиб бердик», деди меҳмонхона менежери Эмилио Эгрос Агене France-Press’га берган интервьюсида. Менежернинг қўшимча қилишича, Роналдиньо ҳеч қачон ўз табассумни йўқотмаган.

У бутун футболчилик фаолиятидаги бўшлиқларни топиб, уларнинг орасидан ўтган ҳолда ўз фаолиятини якунлади.

Мавзуга оид