Вабо пайтидаги очкўзлик. Бу даражага қандай тушиб қолдик?
Ислоҳотлар муваффақияти кўп жиҳатдан ўша ислоҳотлар қандай қўллар билан амалга оширилишига боғлиқ. Қўллар ҳалол-пок қўллар эмас, эгри бўлса, уринишлар ва ресурслар зое бўлади.
Ошкоралик сабаб ҳақиқий ҳолатимиз намоён бўла бошлади. Пандемия буни батамом яланғочлаб ташлади.
Хабарларни эшитяпмиз: «Фалон вилоятда қайсидир соҳада фалон миллиард талон-торож бўлган, қайсидир туманда қайсидир соҳада – фалон миллион». Сал аввал-ку бунақа хабарларни ҳазм қилиб юборардик. Аммо юртга вабо – синов келиб турган пайтларда...
Бу дегани – вазият маънан биз билгандан ҳам чатоқ. Бу очилиб қолган миллиардлар хамир учидан патир бўлса ажаб эмас.
Хўш, инсон қай даражага етиши керакки, шундай паллада халқ мулкини ўмарса? Инсоннинг дунёқараши қай даражада бузилиши керакки, бўронга дуч келган кемада ўтириб, шу кеманинг-да тагини тешса? Киши ким бўлиши керакки, она халқи вабодан омон қолиши учун ажратилган пулларни фурсатдан фойдаланиб ўмариш пайида бўлса? Аммо сўз бу ҳақда ҳам эмас. Нима ҳақида унда?
Сўз қандай қилиб ишлар бу даражада чаппа-роста бўлиб қолгани ҳақида. Яъни қандай қилиб давлат идораларида муносиб одамлар ўрнида номуносиб кишилар жойлашиб олганида. Уларнинг жойими давлат идоралари?
Ва бу нидо ёки ҳайқириқ эмас, балки аниқ – конкрет савол: бу қандай мумкин бўлди? Шу саволга жавоб берсак, ислоҳ эшиклари очилса ажабмас.
Аввало, «давлат» тушунчаси ҳақида икки оғиз эслатма. Давлат бу – халқ иродасига мувофиқ ва халқнинг пулидан маош олиб, халқнинг хизматида бўлиши лозим бўлган халқ таъсис этган тузилма. Табиийки, мазкур таъриф давлат идораларида энг ҳалол ҳамда таъсисчиси бўлмиш халқнинг манфаатларини биринчи ўринга қўядиган одамлар ишлашини тақозо қилади.
Дунёнинг ҳеч бир нуқтасида бу ҳақиқатлар балки мукаммал рўёбга чиқмагандир (камчиликлар ҳамма жойда бор), бироқ бу ерда гап мазкур ҳақиқатлардан узоқлашиш даражаси ҳақида кетяпти. Бу даражада бўлмаслиги керак-да энди, узоқлашиш!
Маънавий принциплари бўлмаган кўплаб кишиларнинг давлат лавозимларига келишининг оқибати яхши бўлмаслиги шубҳасиз. Зеро, давлат мансабдори қўлида турли ресурслар бўлади, қўлидан халқ мулки ўтади. Принципсиз кишилар жамоаларда устуворликка эга бўла бошлаши билан, кабинетларни маънан тубанлик ҳавоси тўлдира бошлайди. Бизда бу қачон ва қандай қилиб бошланди?
Демократик тамойилларнинг қарор топиши жамиятни шунақа чаппа-росталикдан, ишларнинг оёғи осмонда бўлиб қолишидан сақлайди. Жамият ҳаётига тааллуқли, халқ мулкига амалга ошириладиган ишлар ўша халқнинг кўз ўнгида амалга оширилиши лозим. Шаффофлик қанча кўп бўлса, шунча яхши. Ишлар ёпиқ эшиклар ортига ўтгандан кейин зиддига кетади.
Собиқ совет иттифоқи барҳам топганидан сўнг тоталитар тузумнинг асоратларидан қутулиб, мамлакатимизда демократик тамойилларни секин-асталик билан бўлса-да қарор топтириш йўлидан бориш имкони пайдо бўлган эди. Аммо жамият ишларида жамиятнинг ўзи иштирок этиши етарлича таъминланмади: халқнинг маблағлари тасарруфи халқнинг назаридан четда – ёпиқ эшиклар ортида ҳал қилинишига тўла барҳам берилди, деб бўлмайди.
Бу эса, ўз навбатида, давлат идораларидаги муҳитга таъсир этди – коррупцияни урчитди. Жамоятчилик кўзидан панада амалга оширилган, молиявий маблағлар билан боғлиқ ишлар қинғирликларни кўпайтириши табиий эди ва айнан шу омил давлат идораларида моҳиятан салбий муҳитни юзага келтирди. Бу эса давлат идораларида ўша – мавзумиз бўлган ҳодисани, эффектни юзага келтирди. Яъни давлат идораларига маънан тубан шахслар кўплаб йиғилди.
Ўргимчак ўз тўрини қандай шиддат билан тўқиса, мазкур салбий ҳолат шундай шиддат ила коррупцияни кўпайтиради. Ачинарли томони – бундан халос бўлиш ўта мушкул, зеро коррупция таъмини тотган, бир муддат унинг меваларини еган, ҳаммаёқни қамраб олган коррупционерлар мавжуд ҳолатни сақлаб қолиш учун барча чораларни ишга солишади, «ўлиб-тирилишади».
Ислоҳотлар муваффақияти кўп жиҳатдан ўша ислоҳотлар қандай қўллар билан амалга оширилишига боғлиқ. Қўллар ҳалол-пок қўллар эмас, эгри қўллар бўлар экан, уринишлар, ресурслар зое бўлади.
Бу ҳақиқатни пандемия бизга янада бўрттириб кўрсатиб қўйди. Тўғри хулосалар қилишимиз қолди.
Шокир Шарипов
Мавзуга оид
14:30 / 04.11.2024
Суданда вабо эпидемияси 852 кишининг ҳаётига зомин бўлди
10:02 / 19.10.2024
Сурхондарёда аҳолига тарқатилиши керак бўлган 1 400 тонна кўмир талон-торож қилинди
00:28 / 19.09.2024
Дунёда бир ой ичида қарийб 50 минг кишида вабо аниқланди
18:10 / 12.09.2024