Ургутлик ҳашарчи отахонлар. Улар маҳалласи энг чиройли бўлишини хоҳлайди
Ургут шаҳридаги «Пастки Калангар» маҳалласида бир гуруҳ отахонларни ҳашар устида учратдик. Улар маҳалла ёшларига бош бўлиб, кўчаларни ободонлаштириш билан шуғулланаётган экан.
Аввалига эътибор бермаган эканмиз, кўчада бир қатор қилиб арчалар экилган, оёқ остига чиройли қилиб тош терилган. Арчалар орасида ўриндиқлар, ёнида чиқинди қутилари ўрнатилган. Қисқаси, кўчанинг умумий кўриниши нафақат қишлоқ жойида яшайдиганлар, балки шаҳар маҳаллалари ҳам ҳавас қилгулик даражада.
Тўхтаб, отахонларга ҳорманглар, деб уларни суҳбатга тортдик. Кўчадаги ободончиликларнинг ташаббускори нафақадаги шифокор Салоҳиддин ота Жалолов экан. 5-6 йиллар аввал узунлиги 1 километрча келадиган кўчани обод ва намунали кўча қилиш саъй-ҳаракатлари бошланган ҳамда бугун анча ишлар қилинган.
«2013 йилда қўшни отахонлар билан ҳовлиларимизни кўча қисмини ободонлаштириш ҳақида бир тўхтамга келдик ва иш бошладик. Ўшанда кўчамиздаги дарахтлар тартибсиз экилган эди. Кўча тарафда тераклар шундоққина электр симлари остида тартибсиз ўсар ва ҳар гал шамол бўлганда симлар бир-бирига тегиб нимстанцияни портлатиб юборар ёки хонадонлардаги электр жиҳозларни куйдирар эди.
Ишни ўша теракларни кесиб, ўрнига арча экишдан бошладик. Бир-икки йилда арчалар кўзга ташланиб қолгач, улар орасига ўриндиқлар ва чиқинди қутилари ўрнатдик. Кейин оёқ остига чиройли қилиб тош теришни мақсад қилдик. Ўзимиз тарафларда ҳам тош кўп, аммо бизга автомобиллар босганда ҳам эзилиб кетмайдиган пишиқ тошлар керак эди. Бундай тошларни Жиззахдан топиб келдик. Оёғингиз остидаги тош терилганига 6 йил бўлди, кўриб турибсиз, улар яхши ҳолатда сақланаяпти.
Маслаҳатлашиб, кўчамизни бошдан оёқ мана шундай чиройли кўринишга келтиришни мақсад қилдик. Тан олиш керак, бу ташаббусимизга қарши бўлганлар ҳам бўлди. Айримлар ҳозир ҳам қаршилик қилаяпти. Аммо биз тўхтамоқчи эмасмиз. Кўчамизни Ургут-Панжекент йўлига (яъни Ургут-Булунғур йўли) туташган қисмигача мана шундай чиройли қилиш ниятимиз бор. Бу ташаббусни бошлаганимизга 7 йил бўлди. Худо хоҳласа кейинги йилда кўчамизни охиригача мана шундай чиройли кўринишга келтиришни мақсад қилганмиз», дейди Салоҳиддин ота.
Кейин отахон кўча бошидаги электр тақсимловчи нимстанцияни кўрсатди. Турли мурожаатлар ортидан мамлакатимизнинг кўплаб ҳудудларида бўламиз ва аксарият жойларда нимстанциялар қаровсиз, ўткинчилар учун хавфли, очиқ ҳолатда бўлади. Ҳашарчи отахонлар эса нимстанцияни панжара билан ўраб, тепасига темир қоплама ҳам қилиб қўйишган.
«Мана шу нимстанция ва унга тортиб келинган бетон симёғочларни 2006 йилда ҳашар йўли билан қилганмиз. Шунча йиллардан бери нимстанциянинг атрофи очиқ ва қаровсиз ҳолда ётган эди. Бу йўловчиларга, айниқса, ёш болалар учун хавфли. Шу йил баҳорда нимстанцияни чиройли қилиб рангладик, атрофини панжара қилиб ўрадик ва бир қисмига темирдан қоплама қилдик.
Яқинда Ургут электр тармоқлари корхонасини раҳбари келиб, қилган ишларимизни кўрди ва хурсанд бўлди. У тез орада кўчамиздаги эски, чириган ёғоч симёғочларни янги бетон симёғочларга алмаштириб беришини ваъда қилди. Агар мустақилликкача шу ишни бажариб берса, тўйга тўёна бўларди», дейди Салоҳиддин ота.
«Дўхтир бобо (Салоҳиддин Жалоловни шундай чақиришади) билан мана шу тошларни Жиззахдан олиб келганмиз. Илк арча кўчатлар экилганидан бошлаб бугунгача уларни парвариши билан ўзимиз шуғулланамиз. Мени ўзим устаман. Мана бу сув тарқатадиган миноранинг ғиштларини ҳам ўзимиз терганмиз.
Бошқа жойларга борганимизда бирор яхши ташаббусга кўзимиз тушса, келиб кўчамизни обод қилиш учун ўшандан фойдаланамиз. Ёшларга бош бўлиб дарров ҳашар ташкил қиламиз. Маблағни ҳам ҳар ким кўнглидан чиқариб беради, кимдир пенсиясидан, кимдир маошидан дегандай.
Бу ишларни болаларимиз ва набираларимиз учун қилаяпмиз. Мана шу чиқинди қутиларини ўрнатиб, набираларимизга кўчага чиқинди улоқтирмаслик кераклигини, қаерда бўлса ҳам чиқиндиларни махсус қутиларга ташлашни, бу ишни ўртоқларига ҳам тайинлашни сўраб, сабоқ бердик», дейди отахонлардан бири Жалилов Маҳмадали.
Салоҳиддин ота отахонлар билан бажарган ишларини гапириб берар экан, шу пайтгача ёрдам сўрамаган ҳокимиятдан энди ёрдам сўрашини билдирди: «Кўчамизни охиригача мана шундай чиройли кўринишга келтириш учун арча кўчатларини сотиб олиш, йўл четига бетон ариқлар қилишни ва бошқа майда-чуйда ишларни ҳашар йўли билан эплаймиз. Аммо кўчанинг ўзига салкам бир километр жойга тош териб чиқиш учун катта маблағ керак бўлади. Асфальт қилайлик десак, бунга ҳам биз отахонларнинг пенсиямиздан ажратадиган пулимиз етмайди. Шу учун Ургут туман ҳокимиятига кўчамизни асфальт қилиб беришни сўраб мурожат қилмоқчимиз. Ўйлаймизки, улар ижобий жавоб беришади», дейди отахон.
Бугунги кунда танасида куч-қуввати етарли бўлган инсонларни ҳам умум манфаати йўлида қилинадиган ҳашарларда иштирок этиши камайган пайтда бу отахонларнинг қилаётган ишлари намуна қилиб кўрсатишли, бизнингча...
Ғайрат Йўлдош тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси Фахриддин Ҳотамов
Мавзуга оид
08:50 / 21.09.2024
«Очиқ бюджет» порталида «Маҳалла бюджети» бўлими ишга тушди
10:06 / 19.09.2024
“Омонқўтон” миллий табиат боғидаги ноқонуний йўл: прокуратура жиноят иши қўзғатди
19:00 / 13.09.2024
Ургутда табиатга 1 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилгани маълум бўлди
10:59 / 21.08.2024