Фарғона-Наманган йўли ҳам ҳали очилмаган – аҳолининг яқини узоқ бўлмоқда
Ўтган ҳафта Kun.uz сайтида Фарғона ва Андижон вилоятларини боғлаб турувчи асосий Асака-Қува ва Шаҳрихон-Қува йўлларидаги блокпостлар олинмагани ва транспорт қатнови учун аҳоли 150 километр ортиқча йўл босиб Бўстон тумани орқали Ёзёвонга кириб, сўнг Фарғонага кириб бораётгани ҳақида видеомақола эълон қилинган эди.
Лекин шу вақтгача бу масалада ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Ҳар икки йўл бетон тўсиқлар билан ёпилган ҳолатда турибди. Фарғона вилоят ҳокимлиги видеомақолага раддия бериб, Бўстон-Ёзёвон йўли очиқлиги ҳақида маълумот берди. Бироқ, ҳокимлик ахборотида Асака ва Шаҳрихон йўллари қачон очилиши тўғрисида айтилмаган.
Мақоладан сўнг Наманган вилоятида яшовчи аҳоли вакиллари алоқага чиқиб Фарғонага ўтиш учун асосий йўл бўлган Улуғнор туманидан ўтган катта йўл ҳам берклиги сабаб, қийналишаётганидан шикоят қилишди.
Сайт мухбирлари Улуғнор ва Ёзёвон туманлари чегарасига бориб, ҳолат билан танишди. Ҳақиқатан ҳам икки туман чегарасидаги йўлдан Андижон вилояти йўлни очган бўлсада, Фарғона вилояти шу кунгача бетон тўсиқларни олмаган. Транспорт воситалари 25-30 километр айланиб Фарғонага ўтишга мажбур бўлишмоқда.
«Биз Фарғонадан Наманганга катта ҳажмдаги юкларни ташийдиган фирмада ишлаймиз. Ҳар куни шу йўлдан юришга тўғри келади. Намангандан Ёзёвонга ўтиш йўли берклиги сабаб ортиқча 25 километр йўл босяпмиз. Айланма йўл ўнқир-чўнқир экан. Ҳам вақтдан ютқазяпмиз, ҳам ошиқча харажат. Йўлни тезроқ очиб беришса бўлар эди», дейди ҳайдовчилардан бири.
«Биз Улуғнорга бозор-ўчар, кундалик рўзғор ишлари билан ҳар куни шу ердан ўтамиз. Ёзёвондан таксига ўтириб постгача келиб тушиб, бу томонга ўтиб яна таксига ўтирамиз. Йўлкира ҳақи ҳам икки баробар ошиб кетяпти. Аҳоли жуда овора бўляпти», дейди йўловчи аёллар.
«Мен Қирғизистондан келгандим. Юк машинам бузилиб, керакли ускунани олиш учун Фарғонага ўтиш йўлини излаяпман. Андижон томондан ўта олмай, бу ерга келдим. Қаерга борсам блокпостлар. Йўллар берк. Ҳеч бўлмаса магистралларни четига йўл берклиги ҳақида белги ҳам қўйишмабди. Оворагарчилик. Нима қилишга ҳайронман», дейди яна бир ҳайдовчи.
«Биз Намангандан келяпмиз. Ҳар куни шу қийинчилик. Очилиб қолгандир, деб келсак яна шу аҳвол. Йўлни очиб беришса бўларди.
Мен Наманганнинг Нанай қишлоғидан Олтиариқ туманига ўтмоқчи эдим. Асосий бўлган шу йўлга юриб олибман. Энди айланма йўлни суриштириб топиб олармиз. Қачон очишади, шуни айтинглар?», дейди яна бошқа ҳайдовчи.
«Ёзёвонни Такалик қишлоғиданман. Улуғнорга ўтиб деҳқончилик қиламан. Фермер хўжалигим бор. Шоли, жўхори экканмиз. Одам олиб ўтгани ҳам қийналяпмиз. Катта юк машиналари келиб, овора бўлиб қайтиб кетяпти. Йўлни тезроқ очиб қўйишса бўларди», дейди шу ерлик отахон.
Фарғона вилояти мутасаддилари мамлакатда 15 августдан карантин чекловлари юмшатилиб шаҳарларо транспорт қатновлари йўлга қўйилган бўлсада, ҳалигача қўшни вилоятлар билан чегарадаги блокпост ва бетон тўсиқларни олишгани йўқ.
Аҳоли, тадбиркорлар, деҳқонлар эса йўллар тезроқ очилишини кутишмоқда.
Элмурод Эрматов
Аҳрорбек Ёқубжонов
Мавзуга оид
13:10 / 10.11.2024
“Баҳордан бошлаб қишга тайёрланамиз” – қиш қаршисидаги фарғоналиклар
10:06 / 10.10.2024
Фарғона вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди
12:23 / 07.10.2024
Фарғонада Lacetti уриб юборган шахс ҳалок бўлди
12:19 / 07.10.2024