Ўзбекистон | 12:05 / 31.08.2020
8262
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон бирор фуқаросини ўз ҳолига ташлаб қўймайди – Шавкат Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида пандемия даврида ўзбек халқи том маънода қудратли кучга айлангани ҳақида айтиб ўтди.

«Сизларга маълумки, шу йил бошида 2020 йил учун улкан режа ва мақсадларни белгилаб олган эдик. Бироқ жаҳон миқёсида юзага келган коронавирус пандемияси ва иқтисодий инқироз, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида рўй берган табиий ва техноген офатлар барчамизнинг иродамизни жиддий синовдан ўтказди. Тош келса кемириб, сув келса симириб тобланган халқимиз бу оғир кунлардан ҳам, ўзининг сабр-матонати, меҳр-оқибати ва меҳнаткашлиги билан янада кучли бўлиб ўтмоқда.

Ҳозирги мураккаб вазиятда биз учун ғоят муҳим иккита вазифани самарали ҳал этиш – энг долзарб заруратга айланмоқда. Яъни, биз аҳолимизнинг соғлиғи ва ҳаётини асраш, шу билан бирга, иқтисодиётимизни тиклаш, одамларга ишлаб даромад топиши учун шароит яратиб бериш муаммосини бир пайтнинг ўзида ҳал этмоқдамиз. Пандемия даврида, халқимиз том маънода қудратли кучга айланди. Буни «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати яна бир бор яққол намоён этди», деди президент.

Давлат раҳбари бу эзгу ташаббус ишбилармон ва тадбиркорларни, фидойи ёшларни, барча ватандошларни олижаноб мақсад йўлида бирлаштирганини таъкидлаб ўтди.

«Айни вақтда коронавирус мамлакатимиз тиббиёт тизими учун ҳам жиддий синов, ҳам улкан тажриба мактаби бўлди. Бу балога қарши курашиш бўйича сўнгги олти ой давомида мисли кўрилмаган ишларни амалга оширдик. Жумладан, кўплаб янги шифохоналар ва карантин зоналари ишга туширилди. Катта миқдорда қўшимча тиббиёт ускуналари ва тез ёрдам машиналари харид қилинди. Энг илғор хорижий амалиёт ва ўзимизда тўпланган тажриба асосида даволаш усуллари, доимий тарзда такомиллаштириб борилмоқда», деди Шавкат Мирзиёев.

Президентнинг айтишича, чет давлатларга меҳнат қилиш ва ўқишга кетиб, пандемия туфайли қийналиб қолган юртдошларимизни ўз уйларига қайтариш, тегишли ёрдам кўрсатиш бўйича амалга оширган катта ишлар давом эттирилади.

«Ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак: қанчалик қийин бўлмасин, қанча маблағ ва имконият талаб этилмасин, Ўзбекистоннинг бирорта фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди», деди у Кўксарой қароргоҳида мустақиллигимизнинг 29 йиллиги байрамига бағишланган тантанали тадбирда.

Мавзуга оид