Ромитан туманида инновацион туризм кластери очилди — фотожамланма
Бухоро вилоятининг Ромитан туманида янги туристик зонанинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Қурилиши 2018 йилда бошланган ва 10 гектар майдонни эгаллаган BUKHARA DESERT Oasis&SPA дам олиш маскани қадимий Бўронтепа тепалиги яқинида барпо этилган.
Қадимий Буюк ипак йўли ёқасида жойлашган бу жойларнинг Бўронтепа деб аталишига сабаб — қадимдан бу ерларда қум бўронлари бўлиб туради. Биз борганимизда ҳам осмонга ўрлаган 3-4та чанг-тўзон уюрига кўзимиз тушди.
Шу ердан қарасангиз, ҳозир вайронага айланган қадимий Варахша тепалиги ҳам кўриниб туради.
Чўл барханлари ўртасида экотуризм қоидаларига мос тарзда барпо этилган масканга етиб бориб, автотураргоҳда машинангизни қолдириб, мажмуагача қарийб 2 км йўлни электрокарларда босиб ўтасиз.
Яқинлашган сарингиз ўзига ром этувчи, ўзига хос услубда, қадимий Бухоронинг тарихий даврларига монанд қурилган мўъжаз маскан сизни ҳайратлантирмасдан қолмайди.
Масалан, Варахша террасаси 2 минг йил олдинги тарихдан сўзлайди. Ундаги безакларда ва деворларга туширилган нақшлар ва суратларда ҳам ўша қадимий даврлар мужассам.
Мажмуани айланар экансиз, ўрта асрларга хос тарих ҳам кўз ўнгизда гавдаланади. Араб фатҳи дейсизми, сомонийлар даври, мўғуллар босқини, шайбонийлар дейсизми — ҳар бир даврдан сўзловчи ниманидир топасиз.
Боз устига, мажмуада хизмат қилаётган йигитлар ҳам қадимий сарбозлар кўринишида сизни қарши олишади.
Карвонсарой мажмуаси, қадимий ўтовлар замонавий меҳмонхоналар кўринишида намоён бўлади. Мажмуада сардоба (сув тўпланадиган жой) ҳам қурилган. Унинг ҳам Бухоро ва Буюк ипак йўли тарихида ўз муносиб ўрни бор.
Туристик мажмуада энг сўнгги тарихий давр – Бухоро амирлиги чоғларидан ҳам ҳикоя қилади. Бухоро амири Сайид Абдулаҳадхоннинг Россия императори Николай II'га совға қилган ов чодири нусхаси айнан тикланган. Унинг нақшинкор безаклари кўзни қамаштиради. Айни пайтда, чодирнинг асл нусхаси Санкт-Петербург шаҳрида сақланмоқда.
Очилиш маросимида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Аъзамов ва бошқалар иштирок этди.
«Албатта, гўзал табиат, қулай иқлим ва йилнинг барча фаслида мароқли ҳордиқ чиқариш имконияти бўлган, саҳро мўжизаси деб айта оладиган «BUKHARA DESERT Oasis & SPA» инновацион туризм кластери туризм соҳасининг ривожига улкан ҳиссса қўшади.
Бухоролик тадбиркорларимизнинг биринчилардан бўлиб сайёҳларни жалб этадиган йирик ва замонавий лойиҳани ишга тушириш ташаббуслари қувонарли ҳол ва барча ҳудуларимиз учун намуна бўла олади.
Бу каби инновацион туризм кластери бўлган дам олиш масканларига хорижий сайёҳлар ҳамда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан юртдошларимиз келиб ҳордиқ чиқариши албатта туризм соҳасининг истиқболидир», — деди У.Аъзамов.
Рамзий тасма кесилгач, меҳмонлар ичкарига чорланди.
Ташрифчиларга шоу дастури қўйиб берилди: саҳнага Бухоро амири «Сайид Абдулаҳадхон» таклиф этилди, «турли давлатлардан келган» санъаткорлар ўзларининг иқтидорларини намойиш этиб беришди.
Мажмуага қўшимча 30 гектар майдонда агро-эко боғлар ва иссиқхоналар барпо этилган. Пляж зонаси, 80 ўринга мўлжалланган ўтовлар, миллий ва Европа таомлари ресторанлари, тиббиёт бурчаги, соғломлаштириш маскани, спорт ўйингоҳи, от спорти майдони, автотураргоҳ, квадрацикллар, от ва туяларда саёҳат, электромобил, йўл танламас транспортлари каби турли қўшимча хизматларни ҳам ўз ичига олади.
Мажмуага ташриф буюрувчилар учун очиқ табиат қўйнида ажойиб театрлаштирилган томошалар ва кўнгилочар шоу дастурлари намойиш этилади.
Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
13:24 / 21.11.2024
COP29 иштирокчилари иқлимга мос туризмни ривожлантиришга келишиб олди
23:32 / 13.11.2024
Флоренция «ҳаддан зиёд туризм»га қарши кураш бўйича янги чоралар қабул қилди
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
10:26 / 03.11.2024