Жамият | 18:49 / 04.09.2020
53528
11 дақиқада ўқилади

Нега айрим жамиятлар бой, айримлари камбағал?

Фойдали китоблар кўп, аммо вақт чекланган. Билим олишдан эса тўхташ керак эмас. Kun.uz ўз ўқувчилари учун янги рукн доирасида фойдали адабиётлар, илмий-оммабоп китобларнинг энг асосий мазмунини конспект ҳолида бериб боришни бошлайди.

Фото: Getty Images

Америкалик иқтисодчилар Дарон Ажемўғли ва Жеймс Робинсон муаллифлигидаги «Жамиятлар нега омадсизликка учрайди?» (Why Nations Fail) китоби нега баъзи давлатлар фаровонлик ва барқарорликни сақлаб қолиши, айрим мамлакатлар эса ҳарчанд ислоҳотларга уринса-да тараққий топмаслигининг илмий-иқтисодий сабабларини таҳлил қилади.

Китобда қатор олимларнинг бу борадаги назариялари кўриб чиқилган. Қуйида асарнинг асосий ғоялари – инсайтлари билан танишиш мумкин.

Инсайт №1. Мамлакат тараққиёти географик омилларга боғлиқ эмас

Мамлакатнинг ривожланиши ёки қолоқлашуви у жойлашган географик ҳудудга боғлиқ эмас. Бу назариянинг нотўғрилигини Ногалес штати мисолида кўриш мумкин. Шаҳар девор орқали иккига бўлинган – бир қисми АҚШнинг Аризона штатида, иккинчи қисми Мексиканинг Сонора штатида жойлашган. Мексика Ногалесида аҳолининг даромади АҚШ Ногалесига қараганда уч баравар кам, одамларнинг аксарияти мактаб таълимини тамомламаган, болалар ўлими ва жиноятчилик даражаси юқори, умр давомийлиги қисқа, инфратузилма хароб аҳволда, амалдорларнинг салоҳияти паст, коррупцияга мойиллиги юқори. Шаҳарнинг АҚШдаги қисмида бу ҳолатнинг айни тескарисини кўриш мумкин. Ногалес ҳудуд тараққиёти географик шароитга боғлиқлиги ҳақидаги қарашни йўққа чиқаради.

Битта шаҳарнинг икки қисмидаги бундай сезиларли фарқни нима билан изоҳлаш мумкин? 16-асрда Америка қитъасини мустамлака қилиш бошланди. Испанлар Жанубий Америка аҳолисини аёвсиз талашди, бир талай олтин-кумушга эга бўлгандан сўнг маҳаллий аҳолини эксплуатация қилишга йўналтирилган институтларни таъсис этишди. Ҳиндуларнинг ери олиб қўйилган, меҳнатга мажбурланган, солиқлар оширилган, нархлар кўтарилган, улар яратган маҳсулотлар тортиб олинган. Бу испан мустамлакачиларини бойитган бўлса-да, Лотин Америкасини тенгсизлик юқори, иқтисодий салоҳияти емирилган ҳудудга айлантирди.

Инглизлар мустамлака қилган Шимолий Америкада эса вазият сал бошқача кечди. 18-аср аввалидаёқ Англиянинг Америкадаги колонияларида ер мулкдорлари раҳбарлигида ассамблеялар ташкил топди. Бу ассамблеяларда аёллар, қуллар, ерсиз бўлган эркаклар иштирок эта олмас, мустамлакачилар маҳаллий аҳолига қараганда кўпроқ ҳуқуққа эга бўлса-да, айнан шу ассамблеялар негизида дунёнинг энг қудратли давлатларидан бири – АҚШ пайдо бўлди.

Инсайт №2. Маданий қадриятлар тараққиёт даражасини белгиламайди

Маданий детерминизм назариясига кўра, халқ фаровонлиги маданий омиллар – дин, этик тамойиллар ва қадриятлар билан белгиланади. Мазкур қараш асосчиларидан бири, немис социологи Макс Веберга кўра, Ғарбий Европада кузатилган саноат тараққиёти реформация ва протестантлик ҳаракати билан боғлиқ. «Лотин Америкаси фаровонликка юз тутмайди, чунки улар эртага қилиш мумкин бўлган ишни бугун қилиш керак эмас, деган принципга асосланишади», дейди Вебер.

Маданий қадриятлар тараққиётга катта таъсир этмаслигини Жанубий ва Шимолий Корея мисолида кўриб чиқиш мумкин. 20-аср ўртасига қадар бу икки мамлакат яхлит эди, аҳолиси ҳам ягона этник илдизга эга, аммо уларнинг айни даврдаги турмуш тарзида фарқлар жуда катта. Жанубий Корея бой ва ривожланган, Шимолий Корея аҳолиси эса танг аҳволда.

Яна бир мисол. Вебер протестантизм ҳаракати давлатларнинг ривожига сабаб бўлган дейди. Протестантизм кенг тарқалган Англия ва Нидерландия тез ривожлангани рост, аммо католик устувор бўлган бошқа давлатлар ҳам бу масалада уларга тезда етиб олди.

Инсайт №3. Қолоқлик фақатгина раҳбарлар жаҳолати билан боғлиқ эмас

Айрим мамлакатларнинг бойлиги ва айримларининг қолоқлиги жаҳолат билан ҳам боғлаб талқин қилинади. Мазкур қараш эгаларига кўра, ҳукмрон қатлам мамлакатни бой қилиш учун етарли билим ва салоҳиятга эга бўлмайди.

Аммо китоб муаллифлари бу қарашни ҳам шубҳа остига олишади. Иқтисодий ўсишга тўсқинлик қилувчи асосий сабаб ҳукмрон қатламнинг жоҳиллиги эмас, балки иқтисодий институтларда мавжуд муаммолардир, дейди улар. Мамлакат барқарор иқтисодий ўсиш суръатларига эришса, бу раҳбарларнинг бир юмалаб ақлли бўлиб қолгани ёки ўз чўнтагини эмас, алтуристга айланиб, халқини ўйлай бошлагани учун эмас, балки иқтисодий институтлар трансформацияси туфайли содир бўлади.

Инсайт № 4. Мамлакат фаровонлигини инклюзив ва экстрактив институтлар белгилаб беради

Иқтисодий тараққиётни белгилаб берувчи энг асосий жиҳат бу – мамлакатдаги мавжуд институтлар (улар иқтисодиёт қоидаларини белгилаб беришади) ва фуқароларда мавжуд иқтисодий фаолликка рағбатдир.

Китоб муаллифлари иқтисодий институтларни икки типга ажратишади: экстрактив (инглизча – қисиш) ва инклюзив (инглизча – қамраб олувчи).

Жанубий Корея раҳбарияти аҳолининг катта қатламини қамраб олувчи ва уларни иқтисодий жиҳатдан фаоллаштирувчи инклюзив институтлар таъсис этишга ҳаракат қилгани учун ҳам бугунги даражасига эришди.

Инклюзив институтлар – хусусий мулк дахлсизлиги, одил судлов тизимининг мустақиллиги, фуқароларнинг иқтисодий фаоллиги учун тўсиқларнинг йўқлиги, касб танлашдаги мустақиллик, бозорнинг янги компаниялар ва рақобат учун очиқлиги билан изоҳланади.

Экстрактив институтлар эса иқтисодий фаолликни рағбатлантиришга эмас, аксинча элит қатлам ҳисобланган озчиликнинг даромадини ошириш ва бу йўлда кўпчиликни эксплуатация қилишни назарда тутади.

Инсайт № 5. Инклюзив институтларнинг фойдаси равшан бўлса-да, ҳокимият уларни қўллаб-қувватлашдан манфаатдор эмас

Австриялик иқтисодчи Йозеф Шумпетер иқтисодий ўсиш ва инновациялар «бунёдкор вайронкорлик»ни келтириб чиқаради, дейди. Бу нима дегани?

Иқтисодий ўсиш ва инновациялар негизида эски технологияларнинг ўрнига янгилари келади, соҳалар ижобий трансформацияга учрайди, янги компаниялар монополияларни бозордан сиқиб чиқаради, ҳокимият алмашинуви юз беради. Бу иқтисодий тараққиётнинг гарови бўлиш билан бирга, ўз амали ва ҳолатини йўқотишни истамаганлар учун хавфдир. Яъни улар бунёд қилади, аммо эски қолипларни, чирик муаммоларни вайрон қилади.

Тараққиётнинг айни мана шу «вайронкор»лигидан хавфсираганлар жамиятда инклюзив институтлар пайдо бўлишига халал беришади.

Инсайт № 6. Инклюзивлик ёки экстрактивлик танлови инқирозларда ҳал бўлади

Синиш нуқтаси – инқироз кўп жиҳатдан мамлакатнинг кейинги тақдирини белгилаб беради.

16-асрда Европада кузатилган вабо пандемияси қитъа мамлакатлари учун синиш нуқтаси бўлди. Бу инқироз барча давлатларга бирдек зарар етказди ва уларни бирдек старт нуқтасига олиб бориб қўйди – ҳамма ерда ишсизлик, феодализмдан қочиш кайфияти. Айни шу нуқтада Ғарбий Европа деҳқонлари бирлашишди ва феодаллардан озод бўлишга эришишди. Улар бозор иқтисодиётига ўтишди. Шарқий Европа деҳқонлари эса бунинг уддасидан чиқа олмади, улар ўз хўжаларининг айтганларини бажаришда, Ғарбий Европа учун маҳсулот етиштиришга мажбур бўлишди. Натижада 17-асрда Шарқий ва Ғарбий Европа давлатлари ўртасидаги тараққиёт даражасини солиштириш имконсиз эди.

Барқарор тараққиётга эришган давлатлардан бири – Англия. 17-асрдаги Англия инқилоби, фуқаролик уруши сиёсий-иқтисодий институтларни инклюзивлик томон ўзгаришга мажбур қилди, қирол ҳокимиятини чеклади. Барча фуқаролар тенг ҳуқуққа эга бўлишди, монополияга чек қўйилди, мулк дахлсизлиги таъминланди. Солиқлар тартибга келди, натижада жамиятда инновациялар рағбатлантирилди.

Айнан синиш нуқтаси мамлакатларга янгиликлар учун трамплин ёки бир ёмонликнинг бошқасига алмашиши бўлади.

Инсайт № 7. Экстрактив институтлар ҳам тараққиётга сабаб бўлиши мумкин, лекин унинг натижаси барқарор эмас

Экстрактив институтлар орқали ўсишга эришишнинг икки механизми мавжуд.

1. Элит қатлам барча ресурсларни иқтисодиётнинг юқори самарадор соҳаларига йўналтиради. Бунда аҳолининг катта қатлами учун яхши турмуш шароити яралади, аммо бойликнинг асосий қисми элита қўлида тўпланиб қолаверади. Экстрактив институтлар шароитида ривожланишга мисол сифатида собиқ совет иттифоқини кўрсатиш мумкин.

1928-1970 йилларда иттифоқ иқтисодий тараққиётга эришди. Давлат меҳнат ресурсларининг катта қисмини самараси паст бўлган қишлоқ хўжалигидан олиб, саноатга йўналтирди. Аммо бунда сиёсий кучларнинг марказлашуви талаб этилди.

2. Экстрактив институтлар шароитида иқтисодий ўсиш мумкин бўлади, агарда ҳукмрон доира ўзига жуда ишонган бўлса, курсисидан хавотирда бўлмаса, инклюзив институтларнинг шаклланишига қўйиб беради.

Аммо экстрактив институтлар шароитидаги тараққиётнинг инклюзив инстутиларникидан катта фарқи бор. Экстрактив ўсиш инновацияларни рағбатлантирмайди, балки мавжуд технологиялардангина фойдаланади. Бу эса стагнацияга, турғунлашувга олиб келади.

1970 йилларда СССР билан ҳам худди шундай бўлди – иқтисодий ўсиш деярли тўхтаб қолди. Аҳолида иқтисодий фаолликни сақлаб қолиш учун ҳеч қандай рағбат йўқ эди.

Инсайт № 8. Инклюзив институтлар самарали қайта алоқани, экстрактив институтлар эса охири йўқ доирани ташкил этади.

Инклюзив институтлар ўз қоидаларини киритади ва элита ҳокимиятини чеклайди. Қонун кучини муайян шахслар ҳокимиятидан устун қўяди. Барча иштирокчилар бирдек иштирок этадиган майдонни ҳосил қилади. Натижада плюралистик сиёсий қарашлар пайдо бўлади, ОАВ мустақил бўлади.

Экстрактив институтлар эса бир хил маромда ҳаракатланувчи доирани ҳосил қилади. Бундай институтлар шароитида ҳокимият учун кураш вайронкор тарзда, катта инсоний қурбонлар билан кечади.

Экстрактив институтлар шароитида ҳокимият қўлида бўлганлар учун ҳеч қандай чекловлар мавжуд бўлмайди. Уларга фақат катта сиёсий таъсирга эга коалиция ҳосил қилиш, инклюзив институтлар ташкил қилиш орқали қарши чиқиш мумкин.

«Жамиятлар нега омадсизликка учрайди?» китоби ягона ғояни турли тарихий мисоллар асосида тушунтиради. Бу ғоя қуйидагича:

Баъзи мамлакатларнинг юқори фаровонликка эришиши, барқарор иқтисодий ривожланишга эришиши, бошқа давлатларнинг эса турғунлик ва қолоқлик ҳолатида қолиши шу давлатларда амал қилаётган сиёсий-иқтисодий институтларга боғлиқ.

Саодат Абдураҳмонова

P.S. Ўзбекистонлик таниқли иқтисодчи, АҚШнинг Висконсин университети докторанти Беҳзод Ҳошимов ушбу китобни ўзбек тилига ўгириш ҳуқуқини берувчи лицензияни қўлга киритган. Ёш олим ўзининг «Hoshimov Iqtisodiyoti» дастурида китоб ҳаммуаллифи Жеймс Робинсон билан суҳбат уюштирган.

UPD. Ўзбек тилига ўгирилган китоб 2021 йил сентябр ойида сотувга чиқди. Уни Asaxiy.uz сайтидан онлайн харид қилиш мумкин.

Мавзуга оид