Жамият | 10:41 / 07.09.2020
17543
3 дақиқада ўқилади

“Тузалиб кетсам, буюк ролларни ижро этаман, холажон...”

Бобурмирзо Маматалиев катта ҳаётга энди қадам қўймоқда – у 19 ёшда. Улкан орзу ва мақсадлар тузиб юрган чоғида унга дард илакишди, ташхис – жигар циррози.

Холасининг айтишича, эндигина коллежни битирган Бобурмирзо театрга қизиқади. Театрларда роллар ижро этсам, шу соҳада ўқиб, билим олсам, деган ўспириннинг мақсадларига эришишига дард тўсқинлик қилмоқда.

– 4 йилдирки, жияним дард билан олишиб келмоқда. Шифокорларнинг айтишича, жигарнинг асосий қисми зарарланиб бўлган. Бу ҳам етмагандек, талоқда ҳам касаллик аниқланди.

Андижондаги бир қанча шифохоналар, хусусий клиникаларга қатнадик. Пойтахтга олиб бориб, Тошкент тиббиёт академияси шифохонасига ҳам ётқиздим. Зарарланиш фоизи юқори бўлгани учун ўзимизда даволашнинг иложи йўқ, Ҳиндистонга олиб бориш керак, дейишяпти. Ҳиндистонга бориш, виза, шифохонага ётқизиш, операция – ҳамма харажатлар учун 35 минг доллар керак бўляпти.

Сотиладиган нарсаларни сотдик, бу пулнинг анча қисмини тайёрладик, аммо барибир етмаяптида.

Бобурмирзонинг ота-онаси неча йилдирки, 2 ёшли укаси билан Россияда меҳнат қилишяпти. Чунки тирикчилик ғами шунга мажбур қилганди. Бу ёқда энди бу дард пайдо бўлди... Жияним кекса бобо-бувининг қарамоғида. Неварасининг дарди уларнинг ҳам қаддини букиб қўйди. Сингилгинамнинг жигарбанди шифо топсин, дея елиб-югуриб юрибман.

Бобурмирзо ўзим пул топаман деб ишга кирмоқчи ҳам бўлди. Саломатлигидаги муаммолар туфайли ишга олишмади. “Касалманд деб энди ҳеч қаерда қабул қилишмайдими”, деб 1 ҳафта ичикиб, дориларини ҳам ичмай қўйди...

Операция қанчалик тез ўтказилса, ижобий натижа бўлишига шунчалик умид юқори. Ҳамюртларимизнинг ёрдамидан умидворман. Бобуржоннинг ўзи ҳам ибодатларида фақат шуни сўрайди”, – дейди беморнинг холаси Соҳиба Аҳмадалиева.

Бобурмирзо Маматалиевга тегишли маълумотлар:

UzCard (Click, Payme): 8600 0204 4453 3033 (беморнинг холаси Соҳиба Аҳмадалиева номида)

HUMO: 9860 0301 6502 4032 (бемор Бобурмирзо Маматалиев номида)

VISA: 6210 4501 1250 8122 (беморнинг холаси Соҳиба Аҳмадалиева номида)

Сбербанк: 5469 6200 2656 6354 (беморнинг онаси Шоҳиста Маматалиева номида)

Телефон: +998902686933

Тўғри, 35 минг доллар катта пул. Аммо унинг асосий қисми тўпланган, қолаверса, эл бир сиқимдан берса тўйдиради, деган нақл бор. Ҳар биримиз қурбимиз етгунча катта ҳаёт остонасида турган ўспириннинг шифо топиши учун ҳаракат қилсак, Бобурмирзо эл корига ярайдиган инсон бўлса, ажабмас. Аллоҳ эҳсонингизнинг савобидан икки дунёда баҳраманд айласин.

Саодат Абдураҳмонова тайёрлади.

Мавзуга оид