Жамият | 14:15 / 08.09.2020
20249
4 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура «1000та жўжа спектакли» бўйича муносабат билдирди

Бош прокуратура матбуот хизмати Kun.uz сайтида эълон қилинган «Паст Дарғомда «1000та жўжа спектакли»: Бош ролларда прокурор ва ўғлини камбағал қилиб кўрсатган «маҳаллақўм» сарлавҳали мақолага муносабат билдирди.

«Мақолада кўрсатилган ҳолатлар юзасидан Бош прокуратура томонидан ўрганиш ишлари бошланганлиги маълум қилинади.

Натижаси ҳақида хабар қилинади», дейилади Бош прокуратура хабарида.

Бундан олдинроқ Самарқанд вилоятининг Паст Дарғом туманида «Темир дафтар»га киритилган камбағал хонадон вакили деб мухбирларга таништирилган йигит маҳалла раисининг ўғли бўлиб чиққани, бу ҳолатдан сектор раҳбари ҳисобланган туман прокурори ҳам хабардор бўлгани ҳақида материал эълон қилинганди.

«1000та жўжа спектакли»
«Kun.uz» нашрида 5 сентябрь куни Паст Дарғом тумани «Қўқони» маҳалласида яшовчи Достон Тиркашев билан интервью эълон қилинган, унда йигит тадбиркорликни энди бошлагани, секин-аста оила ўз имкониятларини тиклаб бораётгани, отаси айни вақтда Россияда (меҳнат муҳожирлигида) экани ёритилганди.

«Очиғи, маҳалладан бизга ҳар сафар ёрдам берилганда уялардим, виждоним қийналарди... Доимий ишим бўлмагани сабабли рўзғоримизда сўнгги ойларда анча етишмовчилик бўлгани рост...», деган ўша интервьюда Достон. У маҳалла вакиллари таклифи билан жўжа боқишни бошлагани, «ҳудуд раҳбари бўлган туман прокурори ҳам келиб, далда бергани»ни таъкидлаган.

«Биринчи сафар беш миллионга яқин даромад олдик. Мана бу кўриб турганларингизни боқаётганимга 10 кунча бўлди. Бу сафар беш миллион соф фойда олишни режалаштириб турибмиз. Очиғи, энди ишимни топдим», деган Достон мана шу иш ортидан топилган пулга оила қургани, 30 кишилик тўй ўтказганини ҳам айтиб ўтган.

Достон Тиркашев буларнинг барини сўзлаб берган вақтда маҳалла раиси Ҳусниддин Турсунов ва туман прокурори Асрор Валиев ҳам мухбирлар билан бирга бўлган; ўшанда прокурор бу хонадонни камбағалчиликдан чиқаришга бош-қош бўлаётганини тасдиқлаган.

Буни маҳалла раиси Турсунов ҳам тасдиқлаб, прокурор Достоннинг тадбиркорлик қилишига кўмаклашаётгани, қудуққа насос ташлаб бергани ҳақида гапирган. Бундан ташқари, бу оилага давлат томонидан нақд пул кўринишда моддий ёрдам берилгани, уйи эса ҳашар йўли билан таъмирлангани ҳам маълум қилинган.

Мақола эълон қилингач, сайтга Достон Тиркашев яшовчи қишлоқдан кўплаб эътирозлар тушди. Бу эътирозларда Достоннинг отаси Россияда эмаслиги, балки айнан шу маҳалла раиси (Ҳусниддин Турсунов) экани таъкидланган. Шундан сўнг нашр мухбирлари яна «Қўқони» маҳалласида бўлиб, эътирозлар асосли эканини аниқлаган.

Шунга қарамай, Достон Тиркашевнинг укаси улар маҳалла раисининг фарзандлари эканини яширишга уриниб, «Дадам Россияда, маҳалла раиси бу уйда турмайди», деган. Ҳусниддин Турсуновнинг ўзи эса ўша куни шошгани, «Темир дафтар»га киритилган оила сифатида кимни кўрсатишни билмай қолганини маълум қилган.

Ҳокимлик муносабати
Мақола юзасидан Паст Дарғом тумани ҳокимлиги муносабат билдирди. Унда таъкидланишича, «маҳалла оқсоқоли маҳалласида камбағаллик бўйича қилинган ишларни ўрганишга келган мухбирга ёлғон маълумот берган».

«Яъни, раис ўз хонадонига кириб, бу кам таъминланган оиланинг уйи эканини айтган. Ушбу ҳолат туман мутасаддилари томонидан тегишли тартибда танқидий муҳокама этилади ва жиддий хулоса қилинади», дейилади туман ҳокимлиги муносабатида.

Туман прокурорининг хатти-ҳаракатлари юзасидан ваколатли идоралар ҳозирча бирор муносабат билдиргани йўқ, шунингдек, журналистларнинг ушбу хонадон вакиллари билан учрашувини ташкиллаштиришга масъул бошқа ташкилотлар ҳам воқеа бўйича ҳозирча бирор изоҳ бермади.

Мавзуга оид