Жаҳон | 16:27 / 10.09.2020
19824
3 дақиқада ўқилади

Байрут портида йирик ёнғин чиқди. Сабаблар ўрганилмоқда

Ливан пойтахти Байрут портида рўй берган кучли портлашдан бир ойдан ошиқ вақт ўтиб шаҳарнинг бу қисмида яна қора тутун устуни пайдо бўлди. Ҳозирча ёнғин сабаби аниқланмаган. Ливанлик ҳарбийларнинг дастлабки маълумотларига кўра, шина сақланадиган омборлардан бирида ёнғин чиққан бўлиши мумкин.

Фото: AP/ТАСС

Воқеа жойига ўт ўчирувчилар ва ҳарбийлар етиб келишган.

«Ўт ўчириш бригадалари ёнғин содир бўлган жойда ишламоқда, уларга армия вертолётлари ёрдам бермоқда», дейилади маҳаллий ОАВ хабарида.

Дастлаб Ливан ОАВ ёнғин Duty Free ҳудудидаги ангарлардан бирида бошланганини хабар қилди. Ливан Қизил Хоч жамияти бош директорининг айтишича эса, ёнғин чиқиндини ёқиш натижасида юзага келган.

Кейинчалик Ливан армияси ёнғин эркин божхона зонасида мотор мойлари ва шиналари бўлган омборда чиққанини айтди.

Аммо гувоҳларнинг сўзларига кўра, тутун устуни бир ой муқаддам, август ойи бошида Байрутнинг ярмини вайрон қилган портлаш маркази бўлган ҳудудда кўтарилган. Бу ҳудудда эса қандайдир бизнес давом эттиришга шароит бўлмаган.

Твиттер фойдаланувчилари воқеа ҳудудидан олинган видеоларни саҳифаларига жойлашмоқда.

Катта вайронгарчилик

4 августдаги портлашдан кейин Байрутдаги айрим кварталлар шундай кўриниш олган
REUTERS

4 август куни кетма-кет рўй берган иккита кучли портлаш оқибатида Байрутда 190дан ошиқ киши ҳалок бўлиб, 6 мингдан ошиқ киши жароҳатланганди. Портлаш тўлқини порт ва унинг атрофидаги кварталларни бутунлай вайрон қилганди. Фожиага портда хавфсизлик қоидаларига амал қилмасдан сақлаб келинган аммиак селитрасига ёнғин етиб бориши сабаб бўлганди.

Порт - импорт маҳсулотларига таянган Ливан иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга бўлган. Бу ҳодисасиз ҳам ливанликларнинг ҳаёти йилдан йилга оғирлашиб бораётганди. Сўнгги йилларда иқтисодий муаммолар гирдобида қолган мамлакатга қўшни давлат Суриядан қочқинлар оқими ёпирилиши ва коронавирус пандемияси вазиятни янада оғирлаштирди.

Август ойидаги портлашдан кейин мамлакатда коррупция ва ҳукуматга қарши намойишлар авж олди. Намойишчилар 2009 йилда парламентда мандатларни эгаллаган ва мамлакатни бошқаришда катта таъсирга эга бўлган эронпараст «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати фаолиятидан норозилик билдиришмоқда.

 

Мавзуга оид