Жаҳон | 07:20 / 18.09.2020
4494
2 дақиқада ўқилади

Дунёда коронавирус билан касалланганлар сони 30 миллиондан ошди

Дунёда коронавирус билан касалланганлар сони 30 миллиондан ошди. Бундан коронавирус бўйича статистикани реал вақт режимида олиб борувчи Жон Ҳопкинс университети маълумотлари дарак бермоқда. 

18 сентябрь Тошкент вақти билан соат 5:00га келиб, сайёрамизда коронавирусга чалинганлар сони 30 млн 59 минг нафарга етган. Энг кўп касалланиш ҳолатлари АҚШда қайд қилинган, бу ерда коронавирусга чалинганлар сони 6,67 млн нафарни ташкил қилмоқда. Кейинги ўринларни 5,11 млн касалланган билан Ҳиндистон ва 4,45 млн касалланган билан Бразилия эгалламоқда. 4-ўринда 1,08 млнта касалланиш ҳолати билан Россия турибди. 

Шу билан бирга Worldometers сайти маълумотларига кўра, дунёда жами касалланиш ҳолатлари 30 млн 333 мингдан ошиб кетган.

Коронавирусдан ўлим ҳолатлари дунё бўйлаб 943 мингтани ташкил қилмоқда. Энг кўп ўлим ҳолатлари ҳам АҚШда қайд қилиниб, 197,5 мингтани ташкил қилмоқда. Бразилияда 134 мингта, Ҳиндистонда 83 мингта ўлим ҳолати қайд қилинган. Коронавирусдан ўлим даражаси юқори бўлган давлатлар бешталигидан, шунингдек, Мексика (72 мингта ўлим ҳолати) ва Британия (41 мингта) жой олган.      

Шу билан бирга, 20 млндан кўпроқ киши касалликдан фориғ бўлган. Энг кўп соғайиб кетганлар Ҳиндистонга тўғри келиб, 4 млн кишини ташкил қилмоқда. Шунингдек, Бразилияда 3,8 млн киши, АҚШда 2,5 млн киши соғайиб кетган.    

Охирги ҳафта ичида коронавирусга чалинганлар сони 2 млнга, бир ой ичида эса 8 млнга ошди. 11 сентябрда касалланганлар сони 28 млн нафарни, 19 августда эса 22 млн нафарни ташкил қилган эди.

Охирги кунларда кунлик касалланиш ҳолатлари бўйича Ҳиндистон ва Бразилия етакчилик қилмоқда: ушбу давлатларда кунига 40 мингдан кўпроқ бемор аниқланмоқда.

Мавзуга оид