Машина ва роботлар ишсизликка сабабчими? Иқтисодиёт қандай ишлаши ҳақида
Иқтисодий фаровонликка бир ҳовуч кишилардан ташкил топган давлат аппаратининг қарорлари билан эмас, ҳар бир фуқаронинг иқтисодий жараёнлардаги онгли иштироки билан эришилади.
Иқтисодиёт – кўпчилик учун тушунарсиз ва мураккаб соҳа. Аммо айнан мана шу мураккаблик баҳонасида нафақат аҳолининг, балки лавозим эгаларининг ҳам иқтисодий саводхонлиги пастлиги бир қатор сиёсий муаммоларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Нотўғри иқтисодий қарорлар мамлакат аҳолисининг турмуш фаровонлигига таъсир кўрсатишдан тортиб, йирик инқирозларга ҳам олиб келиши мумкин.
Америкалик Ҳенри Ҳэзлитт «Бутун иқтисодиёт битта дарсда: иқтисодиёт асосларини тушунишнинг энг қисқа ва ишончли усули» (Economics in One Lesson: The Shortest and Surest Way to Understand Basic Economics) китобида иқтисодиётни содда тилда тушунтиришга ҳаракат қилади.
Kun.uz’нинг фойдали адабиётлар, илмий-оммабоп китобларнинг энг асосий мазмунини конспект ҳолида бериб борилувчи рукнида бу гал иқтисодий механизмларнинг қандай ишлаши Ҳэзлитт нуқтайи назаридан баён этилади.
Ҳэзлиттнинг таъбирича, ҳар бир фуқаро иқтисодиётни базавий даражада бўлса-да тушуниши шарт, акс ҳолда давлат уни қай томонга бошлаётганини билмайди. Иқтисодий фаровонликка бир ҳовуч кишилардан ташкил топган давлат аппаратининг қарорлари билан эмас, ҳар бир фуқаронинг иқтисодий жараёнлардаги онгли иштироки билан эришилади.
Синиқ ойна ҳақидаги янглиш хулоса
Ҳақиқий қийматга эга нарсанинг сабабсиз йўқ қилиниши соф зиён ҳисобланади. Аммо ҳар доим ҳам бундай бўлмаслиги мумкин.
Тасаввур қилинг, болакай новвойхона деразасини тош билан уриб синдирди. Ойна синди, новвойнинг жаҳли чиқди, чунки у зарар кўради. Аммо ҳодисага бошқа нуқтайи назардан қаралса, синган ойна ойнасозга иш пайдо қилади. У ойнани тузатишдан топган 100 минг сўмга нимадир харид қилади, ўз навбатида, сотувчи ҳам савдодан келган 100 минг сўмни қаергадир сарфлайди. Қарабсизки, жамиятда пул ҳаракатининг занжири ҳосил бўлади. Келиб чиқадики, синган ойна пулни ҳаракатга келтирди, бир неча кишининг бандлигини таъминлади, бунга эса безори болакай сабаб бўлди.
Тўғри, ўртада новвой зарар кўрди. Ойнани тузатиш учун сарфланган 100 минг сўмга янги кийим олиши мумкин эди. Ҳам бутун ойнали, ҳам кийимли бўлишнинг ўрнига унда ҳозир фақатгина ойна бор. Устига-устак, унга кийим тикиб бериши мумкин бўлган тикувчи ҳам буюртмасиз қолди. Унинг пули ойнасозга кетди.
Масаланинг моҳияти шундаки, бир қарашда безорилик новвойга фақатгина зарар келтиргандек, ваҳоланки, у қанча одамга фойда ҳам келтирди. Иқтисодиётда ҳам худди шундай – ёмон иқтисодчи фақатгина саҳнадаги ҳаракатларни баҳолайди, яхшиси эса саҳна ортидагиларини ҳам кўра олади.
Машиналар ишсизликка сабабчими?
Машиналар, автоматизация жараёни ишсизликни келтириб чиқаради, деган янглиш фикр мавжуд. Ваҳоланки, бу абсурд хулосаларни келтириб чиқаради. Моҳиятан олиб қаралса, ибтидоий даврлардан бери инсоннинг ҳаракати ўз ҳаётини енгиллаштириш ва қулайлаштиришга қаратилган. Машиналар ҳам ҳаётни енгиллаштиришини инобатга олсак, қулайликка интилиш муаммоларнинг бошланишига сабаб бўлар экан-да? Техник тараққиёт ва ихтирочилик жамият учун зарарлими? Катта юкни минглаб одамлар орқали ташиш мумкин бўлганда темирйўлдан фойдаланишга на ҳожат?
Аммо унутмаслик керакки, бир соҳада ишчилар ўрнини техника эгалласа, бу соҳадаги одамлар кўчада қолади дегани эмас. Битта соҳада бандликнинг қисқариши бошқасида унинг ортишига туртки беради. Техникадан фойдаланиш орқали компания эгаси ишчи кучига камроқ харажат қилади, тежалган пулга эса фаолиятини кенгайтириш, бошқа соҳага инвестиция киритиш, ўз истеъмолининг ҳажмини ошириши мумкин. Ҳар учала ҳолатда ҳам иқтисод қилинган пул бошқа соҳани ҳаракатга келтиради.
Давлат бандликни таъминлаши керакми?
Энг кенг тарқалаган янглиш фикрлардан бири – дунёда иш ҳажми чекланган, уни барча инсонлар ўртасида тенг тақсимлашга максимал ҳаракат қилиш керак. Ана шу янглиш фикр асосида давлат максимал даражада кўпроқ одамни иш билан таъминлашга ҳаракат қилади. Аммо натижада бир киши қилиши мумкин бўлган иш икки киши ўртасида тақсимланади. Иш берувчи бировни иш билан таъминлангани билан, энди унинг ойликка харажати ошади, даромади камаяди. Дейлик, энди у офисининг таъмирига пул ажрата олмайди.
Меҳнатига зарурат юқори бўлмаган ходимнинг иш билан таъминлангани қурувчининг ишсиз қолишига олиб келди.
Бандлик масаласида билиш керак бўлган яна бир жиҳат. Фаолияти тугатилиши керак бўлган ташкилот ёпилса, ундаги 50-100 нафар одам ишсиз қолади. Бу салбий ҳолатдек баҳоланади. Аммо ташкилот ёпилгач, уларни ойлик маош билан таъминлашга сарфланаётган пуллар энди бошқа жойга йўналтирилади. Бу эса ўз навбатида яна пул ҳаракатига сабаб бўлади.
Шу билан бирга, аҳолининг ҳаммасини банд қилиш ҳам имконсиз. Биринчидан, инсоният бошдан кечираётган жамики иқтисодий ўсиш меҳнат ресурсларини қисқартирган ҳолда ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қаратилган.
Иккинчидан, ишсизнинг ўз танловига асосланмаган тўла бандлик ҳолати – иқтисодий ўсиш суръатлари паст давлатларда кузатиладиган ҳолдир. Шунинг учун давлат 1 йилда бир неча юз мингта янги иш ўрни яратиш ҳақида эмас, ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш ва турмуш даражасини кўтариш ҳақида бош қотириши керак.
Импорт биз ўйлаганчалик қўрқинчли эмас
Биз қисқа муддатли фойдалар орқасидан қувиб, узоқ муддатли манфаатлар ҳақида унутиб қўямиз. Импорт масаласида ҳам худди шундай. Уни кўпчилик маҳаллий иқтисодиёт учун зарарли деб ўйлайди. Аммо у ўйланганчалик ёмон эмас.
Дейлик, қиммат нархда кўйлак ишлаб чиқарадиган америка компанияси бор. У АҚШ ҳукуматига бориб: «Минглаб ишчиларим бор. Агар сиз жемпер ишлаб чиқарувчи Британия компанияларининг мамлакатга киришига шароит яратсангиз, мен банкрот бўламан, ишчиларим кўчада қолади», дейди. Дарҳақиқат, Британия компаниялари Америкага тўсиқсиз кирса ва ўзининг свитерларини арзон нархда сотса, маҳаллий тадбиркор банкрот бўлади, ишчилар кўчада қолади, сотувчилар зарарга қолади. Аммо узоқ келажакдаги натижа қандай бўлади?
Узоқ келажакда америкаликлар инглизларнинг арзон жемперларини кўпроқ харид қилишлари ҳисобига Британияда ишлаб чиқариш ҳажми ошади. Америкаликлар инглизларга доллар беришади, бу эса инглизларга ўз навбатида Америка маҳсулотларини сотиб ола билишлари учун замин яратади. Қарабсизки, Америка Британия импортини қабул қилиш ҳисобига, ўзининг экспорти учун ҳам йўл очади.
Тўғри, Американинг жемпер ишлаб чиқарувчи фабрикаси ишчилари сон жиҳатдан қисқарди, аммо Британияга экспорт қилувчи бошқа Америка компанияларида иш ўрнининг ўсиш эҳтимоли ошади.
Шунингдек, муайян маҳсулотни маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш ҳар доим ўзини оқламаслиги, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун кетадиган ресурслардан кўра, четдан импорт қилиб қўя қолиш осонроқ ва манфаатлироқ бўлиши мумкин.
Протекционизмнинг зарарли оқибатлари ҳақида
Маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш мақсадида импортга чекловлар қўйиш иқтисодиётда протекционизм дейилади. Юқоридаги ҳолатда жемпер ишлаб чиқарувчи Британия компанияларига нисбатан протекционизмнинг қўлланиши америка халқини арзон маҳсулотдан маҳрум қилади. Натижада улар қимматроқ бўлган американча жемперларни сотиб олишга мажбур бўлади, қарабсизки, бошқа харажатларга камроқ пул қолади. Бошқа йўналишларда маҳсулот харид ҳажми камаяди, бу эса ўша соҳаларга зарар келтиради. Протекционизм Американинг жемпер ишлаб чиқарувчи компаниясини ҳимоя қилгани билан, бошқа компанияларга зарар келтиради.
Экспортга қанчалик интилсак, импортдан шунчалик қўрқамиз. Аммо нормал ҳолатда импорт ва экспорт ўзаро мувозанат ҳолатида бўлиши керак. Экспорт орқали биз импортга пул тўлаймиз, ва аксинча, агар импортни қабул қилмасак, хориждагиларнинг бизнинг маҳсулотимизни харид қилишга пули бўлмайди. Келиб чиқадики, халқаро савдода иштирок этувчи мамлакатларга фақатгина экспорт эмас, балки импорт ҳам фойдали.
Давлат маошларни кўтариши керакми?
Мамлакатда ойлик маош ҳажмининг энг минимал кўрсаткичлари назорат қилиниши ҳар доим ҳам стабилликка олиб келмаслиги мумкин. Буни қуйидаги мисолда кўриб чиқамиз.
Дейлик, давлат 100 долларни энг кам ойлик иш ҳақи сифатида белгилаб қўйди. Аммо ойлик меҳнатини 100 долларга баҳолашнинг имкони бўлмаган ишчи энди нима қилади? Иш берувчи унга 100 доллардан кам бериши мумкин эмас, аммо қилинадиган меҳнат 100 долларни оқламайди. Натижада иш берувчи ишчига ортиғи билан маош тўлашга мажбур бўлади.
Бу билан параллел равишда ишсизлик нафақасининг эҳтимолий салбий томонларини ҳам кўра олиш керак.
Ойлик маошнинг энг кам ҳажми 100 доллар, ишсизлик нафақаси эса 70 доллар. Меҳнатини 90 долларга сотиши мумкин бўлган фуқаро буни амалга ошира олмаяпти, натижада ҳеч нарса қилмагани учун 70 доллар олади. Қолаверса, давлат жамиятни унинг хизматларидан мосуво этади. Уни ишлаш имкониятидан маҳрум қилади ва ўзи меҳнат қилиб топиши мумкин бўлган суммадан камроққа яшашга мажбур қилади.
Бунда ишсизлик нафақасини ошириш ечим бўла олмайди. Агар унинг ҳажми 100 доллар қилиб қўйилса, фойдали меҳнат ҳам, бекорчилик ҳам бир хил қийматда баҳоланаётган бўлиб чиқади.
Ойлик маошни оширишнинг энг самарали йўли – кам даромадли меҳнат самарадорлигини кўтаришдир. Ишчи қанчалик кўп ишлаб чиқара олса, жамият шунчалик бойийди ва иш берувчи ҳам унинг меҳнатини шунчалик юқори баҳолайди.
Пул бойлик эмас
«Пул» ва «бойлик» тушунчалари айри-айри. Бойлик биз ишлаб чиқарадиган ва истеъмол қиладиган товарлар – озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим, бинолар билан ўлчанади. Пул эса савдо қилиш учун восита. Пул массасини кўпайтириш ўша валютанинг харид қувватини камайтиради, яъни нархлар ошади, харид қуввати эса пасаяди.
Агар ҳукумат йиғаётган солиқларидан кўра кўпроқ харажат қилса, инфляция эҳтимоли юзага келади. Инфляция эса, табиийки, иқтисодиёт учун яхши эмас.
Иқтисодиёт – давлат аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлаш учун қўллаётган стратегияларнинг ҳам қисқа муддатли, ҳам узоқ келажакдаги натижасини ўрганувчи фан.
Иқтисодиёт ҳозир реал ҳаётда бўлганидек бир ҳовуч кишилар шуғулланадиган эмас, бутун аҳоли бирдек эга бўлиши шарт бўлган базавий билимга айланиши керак.
Шундагина давлатнинг ҳаракатларини «нега?» ва «қандай қилиб?» саволлари орқали таҳлил қилиш мумкин.
Саодат Абдураҳмонова тайёрлади.
Мавзуга оид
20:57 / 08.11.2024
Хитой иқтисодий ўсишни рағбатлантириш учун триллион доллар ажратди
19:18 / 05.11.2024
Ўзбекистоннинг 2025 йил учун давлат бюджети лойиҳаси эълон қилинди. Асосий маълумотлар
07:50 / 02.11.2024
Бандлик вазирлиги ишсизлик даражаси камайганини маълум қилди
22:40 / 19.10.2024